
Илмий журналлар таҳририятлари диққатига!
Илмий фаолият натижаларини нашр этиш учун тавсия этилган нашрларни белгиланган илмий этикет ва нашриёт стандартларига мувофиқлаштириш бугунги куннинг муҳим талабларидан бири ҳисобланади.
Бинобарин, бугунги кунда илмий коммуникациялар жадал ривожланиб, халқаро илмий ҳамжамият томонидан илмий этика ва нашриёт фаолиятига қўйиладиган талаблар тобора кучайиб бормоқда. Бунда таҳририят фаолиятининг очиқлиги, тақризлаш жараёнларининг холислиги, плагиатга қарши самарали механизмларнинг жорий этилгани, муаллифлик ҳуқуқларининг таъминлангани ва халқаро нашриёт амалиёти талабларига риоя қилиниши илмий журналлар нуфузининг асосий мезонларидан бири сифатида баҳоланмоқда.
Шу нуқтаи назардан, илмий журналлар таҳририятларини ўз фаолиятини “Илмий фаолият натижаларини нашр этиш тавсия этилган нашрлар рўйхатига киритиш учун илмий нашрларга қўйиладиган илмий этикет талаблари”га мувофиқлаштириш, халқаро илмий этика тамойилларини кенг жорий этиш ва нашрлар сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратишга чақирамиз.
Бинобарин, юқори сифатли ва ишончли илмий нашрлар мамлакат илмий салоҳиятини намоён этиш, миллий тадқиқотларнинг халқаро майдонда тан олиниши ҳамда илм-фан тараққиётини таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади.
Эслатиб ўтиш жоизки, Олий аттестация комиссияси томонидан илмий нашрлар фаолиятининг белгиланган талабларига мувофиқлиги мунтазам ўрганиб борилади ҳамда таҳлил натижалари асосида тегишли қарорлар қабул қилинади.
ОАК Ахборот хизмати