Илмий натижаларни нуфузли халқаро ва миллий нашрларда эълон қилиш тадқиқотчининг илмий жамоатчилик ўртасида танилиши, илмий ғояларининг кенг муҳокама қилиниши ҳамда тадқиқотлар сифати ошишига хизмат қилади. Ҳар бир нуфузли илмий журнал ёки маълумотлар базаси ўз аудиторияси ва баҳолаш мезонларига эга бўлиб, уларда чоп этилган мақолалар олимларнинг халқаро илмий майдондаги ўрнини мустаҳкамлайди.

Шу нуқтаи назардан, халқаро илмий-маълумотлар базалари рўйхатида халқаро иқтибослар, соҳавий ихтисослашган маълумотлар манбаси ва ижтимоий-гуманитар фанларга оид библиографик маълумотлардан иборат қуйидаги 12 та маълумотлар базасида илмий ишларни эълон қилиш тавсия этилмоқда:

A тоифа - халқаро иқтибослар ва илмий-таҳлилий маълумотлар базалари:
1. (1) Web of Science (Web of Knowledge); 
2. (3) Scopus; 
3. (4) Journal Citation Reports. 

B тоифа - ихтисослашган халқаро рефератив ва библиографик маълумотлар базалари:
4. (7) AGRIS (қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаси). 
5. (8) Chemical Abstracts Service (CAS) (кимё ва турдош фанлар); 
6. (9) GeoRef (геология ва ер ҳақидаги фанлар); 
7. (10) PubMed (тиббиёт ва биомедицина); 
8. (34) Compendex (муҳандислик ва техника фанлари); 

C тоифа. Ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича ихтисослашган библиографик маълумотлар базалари:
9.  (29) Anthropological Index Online; 
10. (30) Anthropological Literature; 
11. (31) Anthropology Plus; 
12. (33) Bibliography of Asian Studies.

Бироқ сўнгги йилларда рақамли ахборот маконининг кенгайиши натижасида илмий нашрлар соҳасида турли муаммолар ҳам кузатилмоқда. Шу муносабат билан илмий жамоатчилик ва мутахассислар мурожаатлари асосида Олий аттестация комиссияси томонидан аттестация жараёнларида қўлланилаётган айрим халқаро платформалар ва маълумотлар базаларининг мақоми ОАК эксперт кенгашлари томонидан қўшимча ўрганиб чиқилди. Ўрганиш жараёнида мазкур ресурсларнинг вазифаси, халқаро илмий ҳамжамиятдаги ўрни, илмий натижалар сифатини баҳолаш имконияти ҳамда уларнинг аттестация мақсадлари учун қўлланиш асослари таҳлил қилинди.
ОАК Раёсати қарорига мувофиқ, 2026 йил 10 июндан бошлаб қуйидаги платформалар, нашриётлар ва маълумотлар базаларида эълон қилинган илмий ишлар аттестация жараёнларида мустақил баҳолаш мезони сифатида қўлланилмайди:
1. (11) Springer
2. (12) Index Copernicus
3. (13) Bielefeld Academic Search Engine
4. (14) ResearchBib
5. (16) Directory Indexing of International Research Journals-CiteFactor
6. (18) Ulrich’s Periodicals Directory
7. (25) Directory of Open Access Journals
8. (32) Asian Education Index
9. (35) CrossRef
10. (36) HINARI
11. (37) Hindawi
12. (38) Libraries Resource Directory
13. (40) ResearchGate
14. (41) SCImago
15. (42) Scisearch.

Мазкур ўзгаришлар миллий илмий аттестация тизимида сифат мезонларини кучайтириш, илмий нашрларни баҳолашда ягона ёндашувни таъминлаш ҳамда тадқиқотчиларни ҳақиқатан ҳам нуфузли ва таъсирчан илмий нашрларда мақола эълон қилишга рағбатлантиришга хизмат қилади.


📌 Муҳим изоҳ:
ОАК Раёсатининг мазкур қарори юзасидан айрим муҳокамаларда Springer, CrossRef, SCImago, ResearchGate ва бошқа нашриётлар, ахборот ресурслари, маълумотлар базалари ҳамда платформалар гўёки умуман эътироф этилмайдиган ресурслар сифатида талқин қилинмоқда. Аслида, қарорнинг асосий моҳияти шундан иборатки, қайд этилган турли платформалар, нашриётлар, ахборот ресурслари ва маълумотлар базалари аттестация жараёнларида мустақил баҳолаш мезони сифатида қўлланилмайди.
Яъни илмий натижани баҳолашда бирор журналнинг:
-муайян нашриёт томонидан чоп этилиши;
-мақолага DOI берилганлиги;
-мақоланинг илмий ижтимоий тармоқларда жойлаштирилганлиги;
-турли аналитик платформаларда акс эттирилганлиги алоҳида ҳолатларда етарли асос ҳисобланмайди.

Аттестация жараёнларида асосий мезон сифатида — мақола чоп этилган журналнинг ОАК томонидан белгиланган A, B ёки C тоифаларга кирувчи халқаро индекслаш ёки иқтибос базаларидаги мақоми ҳамда белгиланган талабларга мувофиқлигига эътибор қаратилади.

Шу нуқтаи назардан, қарор айрим платформалар ёки нашриётларни инкор этишга эмас, балки илмий натижаларни баҳолашда қўлланиладиган мезонларни аниқ белгилаш ва ягона ҳуқуқий амалиётни таъминлашга қаратилган.

ОАК Ахборот хизмати

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish