Олий аттестация комиссияси томонидан Тошкент давлат тиббиёт университетида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 майда қабул қилинган “Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш ҳамда унинг ижросини таъминлаш масалаларига бағишланган амалий семинар ташкил этилди.
Тадбирда тиббиёт фанларига ихтисолашган республикадаги илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар раислари, илмий котиблар, олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Семинарда дастлаб Олий аттестация комиссияси раиси в.б Абдулазиз Шермуҳамедов ва бош инспектор Азиз Зуфаров томонидан Фармонда белгиланган вазифаларнинг мазмун-моҳияти, илмий кадрлар тайёрлаш ва аттестация қилиш тизимида назарда тутилган янгиликлар ҳамда уларни амалиётга самарали жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди.

Семинар давомида мамлакатда илмий салоҳиятни янада юксалтириш, халқаро стандартларга жавоб берадиган юқори малакали илмий кадрларни тайёрлаш, диссертация тадқиқотларининг сифати ва амалий аҳамиятини ошириш, илмий раҳбарлик институтини такомиллаштириш ҳамда аттестация жараёнларининг шаффофлиги ва самарадорлигини таъминлашга қаратилган устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, Фармон асосида илмий даража олиш учун қўйилаётган талаблар, илмий кенгашлар фаолиятини ташкил этишнинг янги механизмлари, диссертация ишларини баҳолаш мезонларини такомиллаштириш, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг илмий фаоллигини рағбатлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Тадбир иштирокчилари томонидан илмий кенгашлар фаолиятида учраётган айрим муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари муҳокама қилиниб, янги тартибларни амалиётга самарали татбиқ этиш бўйича қатор амалий тавсиялар берилди. Савол-жавоблар тарзида ўтган мулоқот жараёнида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан мутахассислардан атрофлича маълумот олдилар.

  
Таъкидланганидек, мазкур Фармоннинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши мамлакат илм-фани тараққиётини янги босқичга олиб чиқиш, илмий тадқиқотлар сифатини ошириш ва рақобатбардош янги авлод илмий кадрларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Семинар якунида иштирокчилар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, Фармон ижросини таъминлашга қаратилган амалий чора-тадбирларни янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.


ОАК Ахборот хизмати.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish