Sayt test rejimida ishlamoqda

Таслимов Абдурахим Дехкановичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ноаниқлилик шароитида шаҳар тақсимловчи электр тармоқлари параметрларини танлаш услубияти», 05.05.02–Электротехника. Электр энергия станциялари, тизимлари. Электротехник мажмуалар ва қурилмалар (техника фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.1.DSc/T261.

Илмий маслаҳатчи: Аллаев Қахрамон Рахимович, техника фанлари доктори, профессор, академик.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат техника университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Тошкент давлат техника университети ва «Илмий-техника маркази» масъулияти чекланган жамият, DSc.27.06.2017.Т.03.03.

Расмий оппонентлар: Кешуов Сеитказы Асылсеитович, техника фанлари доктори, профессор, академик (Қозоғистон Республикаси); Гайибов Тўлқин Шерназарович, техника фанлари доктори, профессор; Соколов Валерий Константинович, техника фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Тошкент темир-йўл муҳандислари институти.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: ноаниқлилик шароитида тақсимловчи электр тармоқларининг оптимал параметрларини танлаш услубиятини ишлаб чиқиш ва кабелларнинг стандарт кесим юзаларининг чегараланган сони ва қийматини қўллашнинг техник-иқтисодий мувофиқлигини асослашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

унификацияни ҳисобга олган ҳолда 0,38-10 кВли шаҳар тақсимловчи электр тармоқлари параметрларини оптимал танлашда ишлатиладиган умумий харажатлар, электр энергия исрофлари ва ўтказгич материаллари сарфининг ҳамда чегараланишларнинг математик ифодалари ишлаб чиқилган;

мезонли таҳлил усулини қўллаш ёрдамида 0,38-10 кВли тақсимловчи электр тармоқларининг оптимал параметрларини шакллантириш қонуниятлари таҳлили ҳамда таъминлаш манбасининг қуввати ва электр юкламаси зичлиги кенг оралиқда ўзгарганда кабелларнинг чегараланган стандарт кесим юзалари сони ва қийматларини қўллашнинг мақсадга мувофиқлиги аниқланган;

0,38-10 кВли шаҳар тақсимловчи электр тармоқлари кабелларининг стандарт кесим юзалари сони ва қийматларини танлаш имконини берувчи, кўп мезонли характердаги вазифаларда унификацияни ҳисобга олган ҳолда оптимал параметрларни танлаш усули ишлаб чиқилган;

эҳтимоллар назарияси усулини қўллаш орқали юклама ўсишининг ноаниқлилик шароитида оптимал параметрларни танлаш ҳамда 0,38-10 кВли шаҳар тақсимловчи электр тармоқларининг ривожланишида ва истиқболини режалаштиришда кабелларнинг стандарт кесим юзалари сони ва қийматларини танлаш имконини берувчи усул ишлаб чиқилган;

0,38-10 кВли тақсимловчи электр тармоқларини ишлатишда, таъмирлашда, қуришда ва лойиҳалашда қўлланиладиган кабелларнинг стандарт кесим юзалари сони ва қийматлари бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқилган;

юклама ўзгаришининг кенг оралиғида кабель линияларида электр энергия исрофини сезиларли камайтириш имконини берувчи, кабелларнинг кесим юзалари сонини чуқур чегаралаш асосида шаҳар тақсимловчи электр тармоқларини лойиҳалаш ва қуришнинг техник-иқтисодий мақсадга мувофиқлиги асосланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Унификацияни ҳисобга олган ҳолда 0,38-10 кВли шаҳар тақсимловчи электр тармоқларининг оптимал параметрларини аниқлаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:

кабелларнинг оптимал стандарт кесим юзалари сони ва қийматлари бўйича тавсиялар Тошкент шаҳри ва вилояти шаҳарларининг мавжуд электр тармоқларини янгилашда ва қайта қуришда жорий қилинган («Ўзбекэнерго» АЖнинг 2018 йил 19 декабрдаги РР-01-21/7177-сон маълумотномаси). Натижада 10/0,38 кВли трансформатор подстанциялари шинасидаги 1 кВт юклама учун солиштирма электр энергия исрофи қийматини 15 кВт•с/йилгача тежаш имкони яратилган ҳамда йилига 70,65 млн. сўм иқтисодий самарадорлик олинган.

кабелларнинг оптимал стандарт кесим юзалари сони ва қиймати Тошкент шаҳри ва вилояти шаҳарларининг паст кучланишли электр тармоқларини лойиҳалаштиришда жорий қилинган («Ўзбекэнерго» АЖнинг 2018 йил 19 декабрдаги РР-01-21/7177-сон маълумотномаси). Натижада 10/0,38 кВли трансформатор подстанциялари шинасидаги 1 кВт юклама учун солиштирма электр энергия исрофи қийматини 20 кВт•с/йилгача тежаш имкони яратилган ҳамда йилига 97,5 млн. сўм иқтисодий самарадорлик олинган.

кўп мезонли характердаги вазифаларда унификацияни ҳисобга олган ҳолда тақсимловчи электр тармоқларининг оптимал параметрларини танлаш усули “Ўзбекэнерго” АЖ тизими корхоналарига жорий этилган («Ўзбекэнерго» АЖнинг 2018 йил 19 декабрдаги РР-01-21/7177-сон маълумотномаси). Натижада ишлаб чиқилган усул ёрдамида шаҳар тақсимловчи электр тармоқларининг оптимал параметрларини танлаш ва электр энергия исрофини камайтириш имкони яратилган ҳамда йилига 168,15 млн. сўм иқтисодий самарадорлик олинган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish