Sayt test rejimida ishlamoqda

Хонназаров Рўзимуҳаммад Абдиқаҳоровичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Халқ табобатини давлат томонидан ҳуқуқий тартибга солиш ва бошқариш», 12.00.02–Конституциявий ҳуқуқ. Маъмурий ҳуқуқ. Молия ва божхона ҳуқуқи (юридик фанлар).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.3.DSc/Yu57.

Илмий маслаҳатчи: Тошқулов Жўрабой Ўринбоевич, юридик фанлар доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, DSc.27.06.2017.Yu.23.01.

Расмий оппонентлар: Турсунов Ахтам Саломович, юридик фанлар доктори, профессор; Исмаилова Гулноза, юридик фанлар доктори, доцент; Жўраев Бахром Ишмирзаевич, юридик фанлар доктори.

Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистонда халқ табобатини давлат томонидан ҳуқуқий тартибга солиш ва бошқаришнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ҳамда халқ табобатига оид муносабатлар иштирокчилари ва давлат манфаатларини уйғунлаштирувчи қонунчилик тизимини яратиш бўйича асослантирилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

халқ табобати соҳасини самарали тартибга солишни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида малакали табиблар, профессионал шифокорлар, халқ табобати соҳасида изланишлар олиб бораётган шахслар, ҳуқуқшунослар ва бошқа касб эгаларидан иборат бўлган Кенгаш ташкил этиш зарурати асослантириб берилган;

табиблар хизматларини илгари суриш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, маънавий ва бошқа номоддий эҳтиёжларини қондириш мақсадида табиблар уюшмасини ташкил этишнинг зарурати асослантирилган;

халқ табобати мутахассислари томонидан кўрсатилган тиббий хизматлар оқибати учун қонун ҳужжатларида тиббиёт ходимларига назарда тутилган асос ва ҳажмда жавобгарлик белгилаш зарурлиги асосланган;

халқ табобати усулида хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш тиббий фаолиятни лицензиялаш учун белгиланган тартибда амалга оширилиши, бунда халқ табобати мутахассисига тиббий маълумот тўғрисида диплом мавжудлиги талабини қўймаслик зарурати асослаб берилган;

ваколатли орган ҳузурида халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш бўйича махсус комиссия тузиш ва Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикасининг Ягона интерфаол давлат хизматлари портали орқали лицензия беришни ташкил этиш мақсадга мувофиқлиги асосланган;

ўзбек халқ табобати бой илмий-амалий меросини қайта тиклаш ва янада ривожлантириш мақсадида жаҳонда тиббиёт илмининг асосчиси, “Авиценна” номи билан танилган Абу Али ибн Сино туғилган Бухоро вилоятининг Пешку тумани Афшона қишлоғида халқ табобати марказини ташкил этиш зарурлиги асослаб берилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Халқ табобатини давлат томонидан ҳуқуқий тартибга солиш ва бошқариш бўйича олинган илмий натижалар асосида:

халқ табобати соҳасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишга малакали табиблар, профессионал шифокорлар, халқ табобати соҳасида изланишлар билан шуғулланувчи шахслар, ҳуқуқшунослар ва бошқа касб эгаларини жалб қилиш ҳамда табиблар ўз-ўзини бошқарувини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасида халқ табобати соҳасини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3968-сон Қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини ривожлантириш устувор чора-тадбирлари дастурининг 8 ва 9-бандларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ҳуқуқий экспертиза, халқаро шартномалар ва ташқи алоқаларни ривожлантириш бошқармасининг 2018 йил 14 ноябрдаги 12/1-3772-сон маълумотномаси). Ушбу таклифлар халқ табобати соҳасини самарали ҳуқуқий тартибга солиш ва табиблар манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга хизмат қилган;

халқ табобати мутахассисини тиббий хизмат кўрсатиш натижалари бўйича тиббиёт ходимлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган асос ва ҳажмда жавобгарликка тортиш ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасида халқ табобати соҳасини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3968-сон Қарорининг 1-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг 2018 йил 15 ноябрдаги 01/1-718-сон маълумотномаси). Мазкур таклиф асосида халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатувчи шахсларнинг жавобгарлиги белгиланган;

халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш бўйича махсус комиссия тузиш ва унинг интерфаол хизмат кўрсатиши тўғрисидаги таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 10 январдаги 15-сон Қарори билан  «Тиббий фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 4 ва 10-бандларига киритилган ўзгартишларни ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  Юридик таъминлаш бошқармасининг 2019 йил 25 февралдаги 12/18-14-сон маълумотномаси). Ушбу таклифлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида махсус комиссия тузишга, халқ табобати мутахассисларига лицензия беришни самарали ва қулай ташкил этишга шароит яратган;

ўзбек халқ табобатининг бой илмий-амалий меросини ўрганиш ва янада ривожлантириш мақсадида Бухоро вилоятининг Пешку тумани Афшона қишлоғида Халқ табобати марказини барпо этиш тўғрисидаги таклифдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги 350-ф-сон фармойишини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт малалари ахборот-таҳлил департаментининг 2018 йил 16 июлдаги 14/1-350-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф ўзбек халқ табобатини янада кенгроқ ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish