Ибрагимова Сайёра Номоз қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): Нутқ сигналларини фонетик таҳлил қилиш алгоритмлари, 05.01.11 – “Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект” (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2023.4.PhD/Т4192.
Илмий раҳбар: Мусаев Муҳаммаджон Махмудович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти.
Илмий кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, Илмий кенгаш рақами: Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти, DSc.09/2025.27.12.Т.02.01.М.
Расмий оппонентлар: Мадрахимов Шавкат Файзуллаевич, техника фанлари доктори, профессор; Нуримов Парахат Баймуратович, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: Қозоғистон Республикаси Фан ва олий таълим вазирлиги Фанлар қўмитаси “Ахборот ва ҳисоблаш технологиялари институти”.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ўзбек тилини чет тили сифатида ўқитиш учун интеллектуал лингвистик тренажор яратишда қўлланиладиган алгоритмларни ишлаб чиқишдир.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат: 
ўзбек тилининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, нутқ сигналларига ишлов бериш ва характерли белгиларини аниқлаш алгоритмлари ишлаб чиқилган;
талаффузни баҳолаш бўйича қарорлар қабул қилиш ҳисобига нутқнинг тўғри талаффузини таҳлил қилиш учун когерент таҳлилга асосланган алгоритм ишлаб чиқилган;
Левенштейн масофасининг оғирлик коеффициентларини ўзбек тилига мослаштириш асосида матннинг имло хатоларини текшириш алгоритми ишлаб чиқилган;
хатоларни визуаллаштириш ва машқларни автоматик яратиш имконини берувчи адаптив тескари алоқага эга тил ўрганишни бошқаришда қарор қабул қилиш алгоритми ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: Ишлаб чиқилган лингвистик тренажор нутқни сунъий интеллект алгоритмлари ёрдамида қайта ишлаш ва таҳлил қилиш методлари, алгоритмлари ҳамда дастурий воситалари асосида амалиётга жорий этилган:
Ўзбек тилини ўргатиш учун Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази давлат муассасаси фаолиятига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг 2025-йил 7-ноябрдаги 33-8/8125-сонли маълумотномаси). Натижада лингвистик тренажордан фойдаланиш фонетик хатолар сонини камайтириш билан бирга ўзбек тилини ўрганиш жараёнини 10–12% тезлаштириш имконини берган.
Ўзбек тилидаги ҳарфлар ҳамда сўзларни тўғри талаффуз қилишни ўргатиш учун “ЛОГОС МАРКАЗ” Масъулияти чекланган жамиятида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигининг 2025-йил 7-ноябрдаги 33-8/8125-сонли маълумотномаси). Натижада, таклиф этилган алгоритмлар асосида ишлаб чиқилган интеллектуал тизим ўзбек нутқини тўғри талаффуз қилишни ўргатиш учун дарслар сонини оптималлаштириш ва шу орқали болаларнинг ўзбекча тўғри талаффузни эгаллаш жараёнини сезиларли даражада тезлаштириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish