Каримова Гулирано Мухтор қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Акриламид ва малеин кислотаси сополимерлари асосида тупроқ структурантларини олиш технологиясини ишлаб чиқиш», 02.00.11 – Коллоид ва мембрана кимёси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2025.3.PhD/Т5822.
Илмий раҳбар: Кулдашева Шаҳноза Абдулазизовна кимё фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассасалар номи: Умумий ва ноорганик кимё институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Умумий ва ноорганик кимё институти, DSc.02/30.12.2019.K/Т.35.01.
Расмий оппонентлар: Якубов Ёʻлдош Юсупбоевич, кимё фанлари доктори, профессор; Шарипова Айшагул Ибраимовна, кимё фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент кимё-технология институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: акриламид ва малеин кислотаси сополимерлари асосида тупроқ учун структура ҳосил қилувчиларни олиш технологиясини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
акриламид ва малеин кислотасининг 5:1 моляр нисбатида, 50–55 °C ҳароратда ва 4 соат давомида олиб борилган реакциясида юқори молекуляр масса (Мw ≈ 2800–3000 шартл. бир.) ва тор молекуляр-масса тақсимоти (ПДИ ≈ 1,5–1,7) га эришилиб, бу занжирларнинг узилишларини минимал даражага келтириш ва полимернинг функсионаллашув даражасининг максимал бўлиши билан боғлиқлиги аниқланган;
сополимер эритмаларининг қовушқоқлик хусусиятлари уларнинг молекуляр-масса параметрлари билан боғлиқлиги, хусусан характеристик қовушқоқликнинг энг юқори қийматлари ва яққол псевдопластик ҳусусиятлар Мw ≈ 2800–3000 кДа бўлганда кузатилиб, бу эса полимер занжирларининг оптимал тармоғининг шакллантирили билан бўғлиқлиги аниқланган;
ИҚ-Фуре спектроскопияси ва микроскопик таҳлил ёрдамида карбоксилат гуруҳларининг (1400–1550 см-1) чизиқлари интенсивлиги малеин бўғинлари миқдори ҳамда гидролиз даражасига тўғри пропорционал ва бу намуналар ғовакли ва бир текис агрегатланган морфологияга эга эканлиги, бу эса макромолекулаларнинг мустаҳкам тузилмага бирлашувини таъминлаши исботланган;
гидролизланган сополимерларнинг 0,1–0,2 % консентрацияда ва 200–400 л/га сарфланиши натижасида сувга чидамли суглинка агрегатлари улуши 24–33 %га ошиши, бу эса полимер занжирларининг минерал юзаларга адсорбсияси ва уларнинг барқарор мезоагрегат кўприкларига жойлашиши билан боғлиқлиги аниқланган;
структура ҳосил қилувчиларни олиш технологияси ишлаб чиқилиб, саноат шароитида олиб борилган синтез технологияси сополимернинг унумини 95 % дан юқори даражада таъминлаши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Акриламид ва малеин кислотаси сополимерларини синтез қилиш жараёнлари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
акриламид ва акрил кислотаси сополимерлари асосида структура ҳосил қилувчилар ишлаб чиқиш технологияси «ГИДРОГЕЛ» МЧЖ “«2026-2027-йилларда амалиётга жорий этиш бойича истиқболли ишланмалар рўйхати»га киритилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ Хоʻжалиги вазирлигининг 2025 йил 8 октябрдаги 05/04-04-614-сон маълумотномаси). Натижада, юқори структура ҳосил қилиш қобилиятига эга ва таннархи 75 000 сўм/кг бўлган сополимерларни олиш имкониятини беради;
тупроқнинг сувга чидамлилик кўрсаткичларини ошириш учун ишлаб чиқилган акриламид ва малеин кислотаси сополимерлари асосидаги структура ҳосил қилувчилар “Исмоилжон намуна” фермер хўжалининг «2026-2027-йилларда амалиётга жорий этиш бойича истиқболли ишланмалар рўйхати»га киритилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ Хоʻжалиги вазирлигининг 2025 йил 8 октябрдаги 05/04-04-614-сон маълумотномаси). Натижада, оптимал консентрация (0,2 %) ва сарф меъёрида (400 л/га) сувга чидамли агрегатлар улуши 33,5 % гача оширилиши имкониятини беради.