Sayt test rejimida ishlamoqda

Мусагалиев Ажинияз Жумагуловичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Минтақа бюджет даромадларини шакллантиришда юридик шахсларни солиққа тортиш механизмларининг самарадорлигини ошириш йўллари (Қорақалпоғистон Республикаси мисолида)»,  08.00.07–Молия, пул муомаласи ва кредит (иқтисодиёт фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.3.DSc/Iqt155.

Илмий маслаҳатчи: Аимбетов Нагмет Қаллиевич, иқтисодиёт фанлари доктори, академик.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Қорақалпоқ табиий фанлар илмий-тадқиқот институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тoшкeнт мoлия институти, DSc.27.06.2017.I.17.01.

Расмий оппонентлар: Олимжонов Одил Олимович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Ниязметов Исламбек Машарипович, иқтисодиёт фанлари доктори; Урмонов Жаҳонгир Жалолдинович, иқтисодиёт фанлари доктори, доцент.

Етакчи ташкилот: Тошкент давлат иқтисодиёт университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: юридик шахсларни солиққа тортиш механизмларининг самарадорлигини ошириш орқали Қорақалпоғистон Республикаси бюджет даромадлари ўсишини таъминлайдиган илмий-услубий таклифлар ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

юридик шахсларнинг фойда солиғи ставкасини пасайтириш орқали солиқ механизми самарадорлигининг оширилиши асосланган;

ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича тушумларнинг маҳаллий бюджет даромадларига бириктирилиши ва махсус тўловлар (бонуслар) бўйича тушумлардан минтақа бюджетига қисман ажратмалар берилиши мақсадга мувофиқлиги асосланган;

ягона ижтимоий тўлов механизми бўйича минтақадаги оғир мураккаб экологик шароитни инобатга олган ҳолда тўлов ставкасини пасайтириш таклиф этилган;

бюджет барқарорлигини таъминлаш юзасидан бюджетга юридик шахслар томонидан тўланадиган солиқ тушумларини ўрта муддатга мўлжаллаб прогнозлаштириш таклифи ишлаб чиқилган;

ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ механизми бўйича унинг солиқ базасини кенгайтиришда ҳудудда мавжуд минерал ресурслар таркибидаги лессимон тупроқ захираларидан потенциал тушумларни таъминлаш таклифи ишлаб чиқилган;

асосий капиталга киритилган инвестициялар самарадорлигини минтақа бюджет даромадларида солиқ тушумларининг ўсиш ҳолати билан баҳолаш таклиф этилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Минтақа бюджет даромадларини шакллантиришда юридик шахсларни солиққа тортиш механизмларининг самарадорлигини ошириш бўйича ишлаб чиқилган илмий таклиф ва амалий тавсиялар асосида:

юридик шахсларнинг фойда солиғи ставкасини пасайтириш орқали солиқ механизми самарадорлигининг оширилиши тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги ПФ-5468-сонли Фармонига киритилган (Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлигининг 2018 йил 26 июлдаги АУ/03-10/2082-сон маълумотномаси). Таклифнинг жорий қилиниши хўжалик субъектларида солиқ юкини камайтириб, уларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаган ва фойда солиғи механизми самарадорлигини ошириш имконини берган;

ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича тушумларнинг маҳаллий бюджет даромадларига бириктирилиши ва махсус тўловлар (бонуслар) бўйича тушумлардан минтақа бюджетига қисман ажратмалар берилиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги таклиф 2018 йилдан амалиётга қисман татбиқ этилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 январдаги ПҚ-3454-сонли қарорига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2018 йил 9 августдаги 16/2-17816-сон маълумотномаси). Таклифнинг мамлакат барча ҳудудлари учун амалиётга тўлиқ татбиқ этилиши маҳаллий бюджетлар молиявий имкониятларини кенгайтириб, уларнинг мунтазам ва ишончли солиқ базасини шакллантирган ҳамда солиққа тортишнинг ҳудудий самарадорлигини оширишга хизмат қилган;

ягона ижтимоий тўлов бўйича минтақадаги оғир мураккаб экологик шароитни инобатга олган ҳолда тўлов ставкасини пасайтириш тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги ПФ-5468-сонли Фармонига киритилган (Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлигининг 2018 йил 26 июлдаги АУ/03-10/2082-сон маълумотномаси). Таклифнинг жорий қилиниши хўжалик субъектларини иш ҳақи фондида солиқ юкини камайтириб, юридик шахсларнинг фойда солиғи солинадиган база кенгайишини таъминлади ва шу тариқа солиқ механизми самарадорлиги оширилишига ижобий таъсир кўрсатган;

бюджет барқарорлигини таъминлаш юзасидан бюджетга юридик шахслар томонидан тўланадиган солиқ тушумларини ўрта муддатга мўлжаллаб прогнозлаштириш юзасидан берилган таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 июлдаги ПФ-5116-сонли Фармонида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2018 йил 9 августдаги 16/2-17816-сон маълумотномаси). Натижада Молия вазирлиги 2019 йилги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш билан бир вақтда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларининг 2020–2021 йилларга мўлжалланган ўрта муддатли бюджет мўлжалларини ишлаб чиқиш ва киритиш ҳамда  солиқ сиёсатининг ўрта муддатли ва истиқболли йўналишларини ишлаб чиқиш ва бюджетга солиқ тушумларини ишончли прогнозлаштириш фаолиятини амалга ошириш имконини берган;

ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ механизми бўйича унинг солиқ базаси қамровини кенгайтиришда ҳудудда мавжуд минерал ресурслар таркибидаги лессимон тупроқ захираларидан потенциал тушумларни таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 июлдаги ПФ-5116-сонли Фармонида ўз аксини топган (Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлигининг 2018 йил 26 июлдаги АУ/03-10/2082-сонли маълумотномаси). Натижада Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича минтақанинг 12 та тумани, шу жумладан, Амударё, Беруний, Қонликул, Қораўзак, Кегейли, Қунғирод, Нукус тумани, Тахтакўпир, Тўрткул, Чимбой, Шуманай ва Элликқалъа туманларида жойлашган 20 та кон бўйича 1 йилга 232262,1 минг сўмдан жами 4645242,0 минг сўм потенциал тушумлар ҳисобланиб, минтақа бюджетини қўшимча маблағлар манбаи билан таъминлаш имконини берган ҳамда солиқ механизмлари самарадорлиги оширилишига хизмат қилган;

асосий капиталга киритилган инвестициялар самарадорлигининг минтақа бюджет даромадларида солиқ тушумларининг ўсиш ҳолати билан баҳоланиши тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сонли

Фармонида ўз аксини топган (Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлигининг 2018 йил 26 июлдаги АУ/03-10/2082-сон маълумотномаси). Таклифнинг жорий қилиниши Қорақалпоғистон Республикаси бюджети даромадларини шакллантиришда ҳудудларга жалб қилинган сармоялар самарадорлигини баҳолашда услубий йўналиш хизматини бажарган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish