Соддиқов Фатхиддин Бурхонидиновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Тюбегатан паст навли сильвинити ва галитли чиқиндисини кальцинацияланган ва озиқ-овқат содасига комплекс қайта ишлаш технологиясини яратиш», 02.00.13–Ноорганик моддалар ва улар асосидаги материаллар технологияси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.3.PhD/Т431.
Илмий раҳбар: Мирзакулов Холтура Чориевич, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент кимё-технология институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Умумий ва ноорганик кимё институти, Тошкент кимё-технология институти, DSc.27.06.2017.K/T.35.01.
Расмий оппонентлар: Сейтназаров Атаназар Рейпназарович, техника фанлари доктори; Каипбергенов Атабек Тулепберганович, техника фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Фарғона политехника институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятига молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Тюбегатан кони паст навли сильвинит рудалари ва галитли чиқиндиларни кальцинацияланган содага қайта ишлашнинг самарадор технологиясини ишлаб чиқиш.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор флотация машинасини қўллаган ҳолда галитли чиқиндиларни техник натрий хлоридга қайта ишлаш усули ишлаб чиқилган;
паст навли сильвинитлар ва галитли чиқиндилардан натрий хлориднинг бегона моддалардан тозаланган тўйинган эритмасини олишнинг оптимал технологик параметрлари яратилган;
натрий гидрокарбонат ҳамда тайёр маҳсулотнинг юқори унум билан олиш, қуритиш ва кальцинациялашнинг оптимал шароити аниқланган;
паст навли сильвинитлар ва галитли чиқиндиларни кальцинацияланган содага қайта ишлаш технологияси, ишлаб чиқаришнинг чиқинди эритмаларини қайта ишлаш технологияси ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Тюбегетан кони паст навли сильвинитлари ва калий хлорид ишлаб чиқариш галитли чиқиндиларни кальцинацияланган содага қайта ишлаш технологиясини яратиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
натрий хлорид олиш усулига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги томонидан ихтирога патент олинган (№IAP 05633, 2018 й.). Натижада кальцинацияланган, каустик содалар, магний хлорат олиш учун яроқли бўлган техник натрий хлорид олиш имконияти яратилган;
флотация машинасини қўллаган ҳолда калий хлорид ишлаб чиқариш галитли чиқиндиларини техник натрий хлоридга қайта ишлаш технологияси «Деҳқонобод калий заводи» МЧЖда амалиётга жорий этилган («Ўзкимёсаноат» АЖнинг 2018 йил 9 ноябрдаги 01/3-5055/А-сон маълумотномаси). Натижада Тюбегетан кони паст навли сильвинитлари ва калий хлорид ишлаб чиқаришнинг галитли чиқиндиларини саноат ишлаб чиқаришига жалб қилиш орқали озиқ-овқат ва кальцинацияланган сода олиш имконини берган.