Худойбердиев Фазлидин Исроиловичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Натрий ва магний хлоратлари, 3-оксипиридазон-6 нинг этаноламинли тузлари асосида дефолиантлар олиш», 02.00.13–Ноорганик моддалар ва улар асосидаги материаллар технологияси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.4.PhD/Т868.
Илмий раҳбар: Умиров Фарход Эргашович, техника фанлари номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Навоий давлат кончилик институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Умумий ва ноорганик кимё институти, Тошкент кимё-технология институти, DSc.27.06.2017.K/T.35.01.
Расмий оппонентлар: Мирзакулов Холтура Чориевич, техника фанлари доктори, профессор; Тоғашаров Ахат Салимович, техника фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Фарғона политехника институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятига молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: хлорат натрий, суюқ хлорат магнийли дефолиант, асосий таъсир этувчи модда натрий учкарбамидхлорат, 3-окси-пиридазона-6 нинг этаноламинли бирикмалари асосида физиологик фаолликка эга бўлган дефолиантлар олиш технологиясини яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
3-оксипиридазон-6, моно-, ди- ва триэтаноламин иштирокидаги сувли тизимлардаги гетероген фазовий мувозанат ҳақида янги маълумотлар олинган, уларнинг политермик эрувчанлик диаграммалари тузилган;
учта янги бирикманинг ҳосил бўлиши исботланган ва уларнинг ўзига хослиги идентификация қилинган;
натрий ва магний хлоратлари, натрий учкарбамидхлорат, хлорат-хлорид магний, 3-оксипиридазон-6 моно- ва триэтаноламмоний бирикмаларининг мураккаб сувли тизимларда компонентларнинг ўзаро таъсири бўйича янги маълумотлар, эрувчанликнинг политермик диаграммалари, компонентларнинг эрувчанлик хусусиятлари ва янги суюқ дефолиантлар олинган;
3-оксипиридазон-6 ва этаноламинлар асосида физиологик фаол модда олиш жараёнининг мақбул параметрлари аниқланган;
натрий учкарбамидхлорат ва 3-оксипиридазон-6 триэтаноламмоний, магний хлорат-хлорид, 3-оксипиридазон-6 моноэтаноламмоний асосида физиологик фаолликка эга бўлган икки турдаги суюқ дефолиант олишнинг технологияси ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Натрий ва магний хлоратлари, 3-оксипиридазон-6 нинг этаноламинли бирикмалари асосида физиологик фаолликка эга бўлган янги дефолиантлар олиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
натрий учкарбамидохлорат ва магний хлорат-хлорид асосида, таркибида физиологик фаол модда-3-оксипиридазон-6 нинг этаноламинли бирикмалари бўлган янги суюқ дефолиантлар олиш технологияси «Электрохимзавод» АЖ ҚКда амалиётга жорий этилган («Ўзкимёсаноат» АЖнинг 2018 йил 5 октябрдаги 03-52З/А-сон маълумотномаси). Натижада суюқ хлорат магний дефолиантига нисбатан ғўза баргларини 2–3% самаралироқ тўкилишининг имконини берган;
синтез қилиб олинган дефолиантлар Навоий вилоятининг фермер хўжаликлари пахта майдонларида жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 11 октябрдаги 02/023-273-сон маълумотномаси). Натижада ушбу препаратларнинг дефолиациялаш ва физиологик активлигини, барглар тўкилишини 89,2%, ғўза кўсакларининг очилишини 90,4%га ошириш имконини берган.