Алладустов Рустам Джонмуротовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): «Халқаро молиявий-иқтисодий инқирознинг капитал оқими ва инвестицияларга таъсирини баҳолаш», 08.00.07–Молия, пул муомаласи ва кредит (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.PhD/Iqt207.
Илмий раҳбар: Бурханов Умар Абдуалимович, иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат иқтисодиёт университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети, DSc.27.06.2017.15.01.
Расмий оппонентлар: Жумаев Нодир Хосиятович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Халиков Улуғбек Рустамович, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: Бизнес ва бошқарув олий мактаби.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: халқаро молиявий-иқтисодий инқирознинг капитал оқими ва инвестицияларга таъсирини баҳолашга қаратилган илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
инвестицияларнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улушининг меъёрий даражасини таъминлаш орқали ҳудудларда асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажмини ошириш таклифи асосланган;
Ўзбекистоннинг асосий ташқи савдо ҳамкорлари бўлган мамлакатларнинг миллий валюталарига нисбатан сўмнинг реал алмашув курси, товарлар экспортидаги тўловлар ставкаси ва ички бозордаги нархлар даражасига таъсир кўрсатиш орқали экспорт тушумлари ҳажми ва барқарорлигини таъминлаш тавсия этилган;
миллий валютанинг номинал алмашув курси ва нархлар барқарорлиги, банкларнинг тўловга қобиллиги ҳамда жамғарма ва истеъмол ўртасидаги барқарор нисбатни таъминлаш йўллари орқали хорижий инвестиция ва кредитларни жалб этиш кўламини кенгайтириш асосланган;
халқаро банк амалиётида давлат қарзи ҳамда барқарор инвестиция ҳажмининг умумэътироф этилган меъёрий даражаларини муҳим макроиқтисодий нисбатларга эришиш орқали таъминлаш бўйича таклифлар асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Халқаро молиявий-иқтисодий инқирознинг капитал оқими ва инвестицияларга таъсирини баҳолаш юзасидан олингна илмий натижалар асосида:
инвестицияларнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улушининг меъёрий даражасини (минимум 25%) таъминлаш орқали ҳудудларда асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажмини ошириш таклифи Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан 2017 йилга мўлжалланган инвестиция сиёсатини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг 2018 йил 2 ноябрдаги ДИ-01/03-3-001-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг амалиётга татбиғи натижасида 2018 йилнинг дастлабки 9 ойи мобайнида республикамиз ҳудудларида асосий капиталга қилинган инвестициялар ҳажмининг ўсишига таъсир кўрсатган;
сўмнинг Ўзбекистоннинг асосий ташқи савдо ҳамкорлари бўлган мамлакатларнинг миллий валюталарига нисбатан реал алмашув курси ошишига йўл қўймаслик, товарларни темир йўл орқали экспорт қилишда транзит учун олинадиган тўловлар ставкасини камайтиришга эришиш ва ички бозорда нархлар ошишига йўл қўймаслик орқали экспорт тушумлари ҳажми ва барқарорлигини таъминлаш таклифи Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан «Хорижий ҳамкорлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги низомнинг 13, 16 ва 24-бандларини амалга оширишда фойдаланилган (Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг 2018 йил 2 ноябрдаги ДИ-01/03-3-001-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалиётга татбиғи натижасида 2018 йилнинг январь-сентябрь ойларида умумий экспорт тушуми 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 31,0 фоизга ошган;
миллий валютанинг номинал алмашув курси барқарорлигини таъминлаш, баҳолар барқарорлигига эришиш, мамлакат тижорат банкларининг тўловга қобиллигини ошириш ҳамда жамғарма ва истеъмол ўртасидаги барқарор нисбатни таъминлаш йўли билан хорижий инвестиция ва кредитларни жалб этиш кўламини кенгайтириш таклифи Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан «Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимини таъминлаш тўғрисида»ги низомнинг 37, 41, 43-бандларини амалга оширишда фойдаланилган (Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг 2018 йил 2 ноябрдаги ДИ-01/03-3-001-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг амалиётга татбиғи натижасида 2017 йилда хорижий инвестиция ва кредитлар ҳажмининг ўсишига таъсир кўрсатган;
давлат ички ва ташқи қарзининг халқаро банк амалиётида умумэътироф этилган меъёрий даражасини (ЯИМга нисбатан 60%) таъминлаган ҳолда инвестиция меъёрининг барқарор даражасини таъминлаш мақсадида жамғарма ва истеъмол ўртасидаги барқарор нисбатни таъминлаш ва инвестицияларнинг ўсиш суръати билан ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ўртасидаги мутаносибликни таъминлаш таклифи Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан «Ташқи иқтисодий фаолият департаменти тўғрисида»ги Низомнинг 3.1-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг 2018 йил 2 ноябрдаги ДИ-01/03-3-001-сон маълумотномаси). Бу таклифни амалиётга татбиғи натижасида 2017 йилда республикамизда инвестиция меъёрининг юқори ва барқарор даражасини таъминланишига таъсир кўрсатган.