Ахмадиёров Улуғбек Солижоновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Айлана шаклидаги маркази очиқ бўлган икки тасмали олдиндан зўриқтирилган осма ёпмалар», 05.09.01–Қурилиш конструкциялари, бино ва иншоотлар (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.2.PhD/T823.
Илмий раҳбар: Раззоқов Сайидмахсуд Рахмонович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент архитектура-қурилиш институти, Тошкент темир йўл муҳандислари институти, Самарқанд Давлат архитектура-қурилиш институти ва Наманган муҳандислик-қурилиш институти, DSc 27.06.2017. Т.11.01.
Расмий оппонентлар: Ходжаев Аббас Агзамович, техника фанлари доктори, профессор; Бердиев Облақул Бобоқулович, техника фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот: «Ўзоғирсаноатлойиҳа» АЖ.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: айлана шаклидаги йирик марказий ҳалқага эга икки тасмали олдиндан зўриқтирилган осма ёпмаларнинг таянч контури деформацияси эътиборга олинган симметрик ва бир томонлама юкланиш ҳолатидаги муҳандислик ҳисоблаш усулларини такомиллаштириш, янги конструктив ечимларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
айлана шаклидаги маркази очиқ бўлган икки тасмали олдиндан зўриқтирилган осма ёпманинг симметрик ва бир томонлама юклар таъсирида марказдаги очиқликни ҳисобга олинган ҳолда муҳандислик ҳисоблаш усуллари ишлаб чиқилган;
айлана шаклидаги маркази очиқ бўлган икки тасмали олдиндан зўриқтирилган чизиқсиз деформацияланувчи осма ёпмаларни икки қатламли конуссимон қобиқ назариясига асосланган ҳолда муҳандислик ҳисоблаш усули такомиллаштирилган;
тажрибавий конструкцияларнинг таянч ҳалқаси деформациясини ҳисобга олган ҳолдаги физик моделлаштиришга асосланган синаш усуллари, компьютер дастури асосида ҳисоблашнинг блок схемаси ишлаб чиқилган ва кучланиш-деформация ҳолатлари симметрик ва бир томонлама юклар таъсирида аниқланган;
айлана шаклидаги маркази очиқ бўлган икки тасмали олдиндан зўриқтирилган осма ёпманинг мустаҳкамлиги, бикрлиги таянч ҳалқаларининг эгилувчанлигини эътиборга олган ҳолда аниқланган ва янги конструктив ечими ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Айлана шаклидаги маркази очиқ бўлган икки тасмали олдиндан зўриқтирилган осма ёпмалар бўйича олинган натижалар асосида:
олдиндан зўриқтирилган вантли осма ёпмаларнинг ҳисоблаш усуллари Наманган шаҳри Ислом Каримов кўчасидаги «Ёшлар боғи» ҳудудида барпо этилган енгил типдаги павильонларнинг конструкцияларини ҳисоблаш жараёнида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг 2018 йил 7 сентябрдаги 3279/11-10-сон маълумотномаси). Натижада материал сарфини 20,6%га, меҳнат сарфини 31,7%га камайтириш имконини берган;
вантли осма ёпмаларнинг конструктив элементлари Фарғона шаҳри Юксалиш кўчасида жойлашган «Сув сузиш спорт саройи» мажмуасини лойиҳалаш жараёнида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг 2018 йил 7 сентябрдаги 3279/11-10-сон маълумотномаси). Натижада материал сарфини 15%га, меҳнат сарфини 22%га камайтириш имконини яратган;
олдиндан зўриқтирилган осма ёпмаларнинг конструктив ечимлари Наманган шаҳри Амир Темур кўчасидаги «Кичкинтойлар боғи» ҳудудида барпо этилган енгил типдаги павильонлар қурилишини лойиҳалаш жараёнида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг 2018 йил 7 сентябрдаги 3279/11-10-сон маълумотномаси). Натижада материал сарфини 22,4%га, меҳнат сарфини 19,6%га камайтириш имконини берган.