Нарзуллаев Нуриддин Умаровичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «ОИВ инфекцияси билан зарарланган болаларда ЛОР касалликларининг клиник-иммунологик хусусиятлари», 14.00.04–Оториноларингология ва 14.00.36–Аллергология ва иммунология (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.DSc/Tib39.
Илмий маслаҳатчилар: Хасанов Саидакрам Аскарович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Гариб Виктория Фирузовна, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат тиббиёт институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент давлат стоматология институти, DSc.28.12.2017.Tib.59.01.
Расмий оппонентлар: Лопатин Андрей Станиславович, тиббиёт фанлари доктори, профессор (Россия); Шамсиев Джахонгир Фазлитдинович, тиббиёт фанлари доктори; Залялиева Марьям Валиахмедовна, биология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: И.П.Павлов номидаги Биринчи Санкт-Петербург давлат тиббиёт университети (Россия).
Диссертациянинг йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ОИВ инфекцияси билан зарарланган болаларда касалликнинг клиник ва иммунологик хусусиятларини инобатга олган ҳолда ЛОР касалликларининг даволаш самарадорлигини оширишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор ОИВ инфекцияси билан зарарланган болаларда ЛОР-аъзолари касалликларининг клиник кечиши, иммун тизими кўрсаткичларининг ўзгаришига боғлиқлиги исботланган;
ОИВ инфекцияси билан зарарланган болаларда ЛОР-аъзолари касалликлари асосий қўзғатувчиларининг учраш даражаси аниқланган;
илк бор яллиғланишга қарши цитокинлар миқдорининг маълум кўрсаткичлари ОИВ инфекцияси билан зарарланган болаларда ЛОР аъзолари касалликларининг қайталаниш даражасини аниқлашнинг башорат омили эканлиги аниқланган;
илк бор ОИВ инфекцияси билан зарарланган болаларда касалликнинг оғир кечиш даражасини камайтирувчи, маҳаллий жароҳатни битказувчи ва яллиғланишга қарши дори воситаларининг ЛОР аъзолари касалликларини даволашгача ва даволашдан кейинги клиник, микробиологик кўрсаткичлар натижалари аниқланган;
ОИВ инфекцияси билан зарарланган ЛОР касалликлари бор болаларда касаллик этиологиясини инобатга олган ҳолда маҳаллий ва патогенетик механизмларга таъсир этувчи даволаш усуллари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
ОИВ инфекцияси билан зарарланган болаларда ЛОР касалликларининг клиник-иммунологик хусусиятлари бўйича олинган натижалар асосида:
«ОИВ инфекцияси билан зарарланган болалар ЛОР аъзолари касалликлари анъанавий санациясини клиник-морфологик баҳолаш» мавзусидаги услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2012 йил 25 сентябрдаги 301-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома ОИВ инфекциясини эрта ташхислаш, клиник кечишини аниқлаш, лаборатор ташхислаш ва даволашнинг оптимал вариантини танлаш имконини берган;
«ОИВ/ОИТС билан зарарланган болаларда ЛОР аъзолари касалликларининг таҳлили» мавзусидаги услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 20 сентябрдаги 8н–р/227-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома ОИВ инфекцияси билан зарарланган болаларда ЛОР аъзолари касалликларининг клиник-эпидемиологик хусусиятларини танлаш имконини яратган;
«ОИВ инфекцияси билан зарарланган болаларда ўткир ўрта отитнинг клиник хусусиятлари» мавзусидаги услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2018 йил 20 сентябрдаги 8н–р/228-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома ОИВ инфекцияси билан зарарланган болаларда ўткир йирингли ўрта отит ва унинг клиник кечишини аниқлаш, ташхислаш ва даволашнинг замонавий усулларини танлаш имконини яратган;
ОИВ инфекцияси билан зарарланган болаларда ЛОР касалликларини ташхислаш, даволаш тактикаси ва ОИВ/ОИТС инфекцияли беморларни даволашни оптималлаштириш чора-тадбирлари бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш тизимига, жумладан, Бухоро вилояти Болалар юқумли касалликлари шифохонаси ва Бухоро вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази клиник амалиётига жорий қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2015 йил 24 августдаги 8Н–д/46-сон маълумотномаси). Жорий қилинган натижалар ОИВ инфекцияли беморларни ташхислаш, даволаш, парвариш қилиш муаммоларини оптималлаштириш, ЛОР касалликлари ремиссия муддатини узайтириш ва асоратларини камайтириш имконини берган.