Рўзмаматов Анвар Қадамбоевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Янги лойиҳалар харажатлари ҳисоби ва аудитини такомиллаштириш”, 08.00.08 – “Бухгалтерия ҳисоби, иқтисодий таҳлил ва аудит”.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2023.2.PhD/Iqt3042.
Илмий раҳбар: Рахимов Матназар Юсупович, иқтисодиёт фанлари номзоди, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат иқтисодиёт университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат иқтисодиёт университети, DSc.03/30.12.2019.I.17.01.
Расмий оппонентлар: Ахмеджанов Каримжон Бакиджанович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Машарипов Озод Алимович, иқтисодиёт фанлари номзоди, профессор.
Етакчи ташкилот: “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: янги лойиҳалар харажатлари ҳисоби ва аудитини такомиллаштиришга қаратилган илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
янги лойиҳанинг ишга туширилишига қадар амалга ошириладиган экологик харажатларини узоқ муддатли активлар таркибига капитализация қилиш орқали лойиҳанинг бутун даврида харажатларга мунтазам тақсимлаб бориш таклиф этилган;
янги лойиҳаларни амалга оширишнинг дастлабки йилларида ишлаб чиқариш ҳажмининг тўлиқ қувватдаги улушига боғланган ҳолда амортизация ҳисоблаш орқали амортизация харажатларини 35 фоизгача камайтириш таклиф этилган;
янги лойиҳани амалга ошириш жараёнида экологик зарарларни бартараф этиш ва табиий ресурсларни қайта тиклаш харажатлари ҳисобини тўғри ташкил этиш мақсадида 7930 - "Келгуси харажатлар ва тўловлар резервлари бўйича мажбуриятлар" номли ишчи счётини киритиш таклиф этилган;
аудиторлик ҳисоботининг таҳлилий имкониятларини ошириш мақсадида янги лойиҳаларнинг самарадорлигини аниқлаш кўрсатгичларида экологик харажатларни ҳисобга олиш таклиф этилган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Янги лойиҳалар харажатлари ҳисоби ва аудити такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Янги лойиҳанинг ишга туширилишига қадар амалга ошириладиган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш харажатларини даромадлар ва харажатларнинг даврий мувофиқлигини таʼминлаш учун капитализация қилиш ва рухсат берувчи экологик ҳужжатларнинг муддатидан келиб чиққан ҳолда амортизация ҳисоблаш орқали лойиҳанинг бутун даврида харажатларга мунтазам тақсимлаб бориш таклифи Сирдарё эркин иқтисодий зонасида жойлашган корхоналар ҳисоб сиёсатини ишлаб чиқишда қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси "Сирдарё эркин иқтисодий зона дирекцияси" ДУКнинг 2024-йил 2-февралдаги 01-09-83/1-сон маʼлумотномаси, “Ўзчармсаноат” уюшмасининг 2024-йил 26-февралдаги ФБ-7/718-сон маʼлумотномаси, “Ўзбекистон бухгалтерлар федерацияси”нинг 2024-йил 18-январдаги 03-сон маʼлумотномаси). Натижада, янги лойиҳаларни амалга ошириш мобайнидаги ҳисобот даври даромадлари ва харажатларининг даврий мувофиқлигини таʼминлашга ҳамда молиявий натижаларнинг тўғри шакллантирилишига хизмат қилган.
Янги лойиҳанинг дастлабки, тўлиқ қувватга эришилмаган йилларида ишлаб чиқарилаётган маҳсулот бирлиги таннархининг ошиб кетмаслиги учун ишлаб чиқариш ҳажмининг тўлиқ қувватдаги улушига боғланган ҳолда амортизация ҳисоблаш таклифи Сирдарё эркин иқтисодий зонасида жойлашган корхоналар бизнес режасини тузишда ҳисоб сиёсатини ишлаб чиқишда қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси "Сирдарё эркин иқтисодий зона дирекцияси" ДУКнинг 2024-йил 2-февралдаги 01-09-83/1-сон маʼлумотномаси, “Ўзчармсаноат” уюшмасининг 2024-йил 26-февралдаги
ФБ-7/718-сон маʼлумотномаси, “Ўзбекистон бухгалтерлар федерацияси”нинг
2024-йил 18-январдаги 03-сон маʼлумотномаси). Мазкур таклифнинг амалиётга жорий этилиши амортизация харажатларининг ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархига янги лойиҳаларнинг амалга оширилишига мутаносиб ўтказилишига ҳамда лойиҳанинг самарали ёʻлга қўйилишига имконият яратган.
Янги лойиҳанинг фаолият жараёнида экологияга келтириладиган зарарлар оқибатларини бартараф этиш ва табиий ресурсларни қайта тиклаш учун амалга ошириладиган харажатларни қоплаш мақсадида фойдаланиладиган резервларни яратиш ҳамда мазкур резервларни узоқ муддатли мажбуриятлар таркибидаги 7930 - "Келгуси харажатлар ва тўловлар резервлари бўйича мажбуриятлар" номли ишчи счётда ҳисобга олиш таклифи Сирдарё эркин иқтисодий зонасида жойлашган корхоналар бизнес режасини тузишда ҳисоб сиёсатини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси "Сирдарё эркин иқтисодий зона дирекцияси" ДУКнинг 2024-йил 2-февралдаги 01-09-83/1-сон маʼлумотномаси, “Ўзчармсаноат” уюшмасининг 2024-йил 26-февралдаги ФБ-7/718-сон маʼлумотномаси, “Ўзбекистон бухгалтерлар федерацияси”нинг 2024-йил 18-январдаги 03-сон маʼлумотномаси). Натижада янги лойиҳанинг фаолияти давомида ишлаб чиқариш чиқиндиларини ёʻқ қилиш, атроф-муҳитни ифлослантириш билан боғлиқ фавқулодда ҳолатлар оқибатларини бартараф этиш, лойиҳа якунида асосий восита обектларини демонтаж қилиш ҳамда улар жойлашган жойдаги табиий ресурсларни қайта тиклаш учун амалга ошириладиган харажатларни молиялаштиришнинг манбасини шакллантиришга хизмат қилган. Шунингдек, экологик харажатларни резервларни тузиш даврида тенг улушларда мунтазам тақсимлаш, янги лойиҳалар бўйича резервларни бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботларда мажбурият сифатида акс эттириш ҳамда фойдаланувчиларга ишончли ахборот тақдим этиш имкониятини яратган.
Янги лойиҳалар самарадорлигини аниқлаш кўрсаткичларида экологик харажатлар, шунингдек улар бўйича резервларнинг шакллантирилганлигини ҳисобга олган ҳолда таҳлил қилиш орқали аудиторлик хулосасини бериш ҳамда янги лойиҳалар харажатларини аудиторлик текширувидан ўтказиш бўйича ишлаб чиқилган махсус режа ва дастур намунаси таклифи Ўзбекистон Аудиторлар палатаси томонидан “Таҳлилий амаллар” номли аудиторлик ташкилоти ички стандартини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Аудиторлар палатасининг 2024-йил 10-июндаги 15-сонли баённомаси). Натижада, янги лойиҳанинг ҳақиқий самарадорлик кўрсаткичларини аниқлаш имкони вужудга келган, аудитор томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш чора-тадбирлари харажатлари ва улар бўйича резервларни ҳисобга олган ҳолда самарасиз бўлган лойиҳага ижобий хулоса беришнинг олди олинган, инвесторлар томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш чора-тадбирлари харажатлари ва улар бўйича резервларни ҳисобга олган ҳолда самарасиз бўлган лойиҳаларга инвестиция киритишнинг олди олинган. Шунингдек, янги лойиҳаларни эркин иқтисодий зона дирекциясига қабул қилиш жараёнида уларни ишга тушириш билан боғлиқ харажатларни аудитдан ўтказиш учун сарфланадиган вақт қисқаришига ҳамда аудит натижаларининг самарадорлиги ошишига хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish