Сотиболдиев Бекзод Сулаймон ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Амфифиль крeмнeзeм ва унинг полисахаридли композитларининг коллоид-кимёвий хоссалари», 02.00.11 – Коллоид ва мембрана кимёси, 02.00.06 – Юқори молекуляр бирикмалар (кимё фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.1.PhD/К677.
Илмий раҳбарлар: Боймирзаев Азамат Солиевич, кимё фанлари доктори, профессор; Каттаев Нуритдин Тўраевич, кимё фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассасалар номи: Наманган муҳандислик-технология институти, Ўзбекистон миллий университети..
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Наманган муҳандислик- технология институти ҳузуридаги DSc.03/29.08.2023.K/T.66.02 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Қодирхонов Муродхон Рашидхонович, кимё фанлари доктори, доцент; Бахронов Ҳаёт Нурович, кимё фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Наманган давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: амфифиль кремнезем ва унинг полисахаридли композитларининг структуравий дизайни ва физик-кимёвий хоссаларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
золь-гель жараёнида гидрофоб метил гуруҳи тутган метилтриметоксисилан прекурсоридан фойдаланиш ва поликонденсацияланиш жараёни шароитлари (реакция давомийлиги, муҳит рНи ҳамда жараён ҳарорати) ни бошқариш орқали олдиндан белгиланган гидрофиль-гидрофоб табиатли кремнезем синтез қилинган;
айрим целлюлоза ҳосилалари иштирокида метилтриметоксисиланнинг золь-гель полимерланиши жараёнини бошқариш орқали кремнеземнинг амфифиль табиатли полисахаридли гибрид композитлари олинган;
гидрофиль-гидрофоб табиатли кремнеземда қуйи ҳароратли азот адсорбцияси асосида унинг структуравий-морфологик хусусиятлари кўп нуқтали БЭТ (MBET) ва зичлик функционали назарияси (DFT) усуллари ёрдамида асосланган;
кремнеземнинг амфифиль табиатли полисахаридли гибрид композитларига сув ва бензол буғлари адсорбцияси асосида Флори-Хаггинс назарияси доирасида полимер ва эритувчи орасидаги таъсирлашувлар табиати ҳамда Цимм-Ландбергнинг статистик назарияси доирасида сорбат молекулаларининг кластер қилишга мойиллиги аниқланган;
прецизион адсорбцион-калориметрик тадқиқотлар ёрдамида “гидрофоб” кремнеземда н-гексаннинг сорбцияланиш механизми, адсорбцияланиш термокинетикаси, адсорбцион мувозанат қарор топиш вақти ва тўлиқ термодинамик тавсифлари аниқланган;
амфифиль кремнеземнинг гидрофиль-гидрофоб табиати сув билан ҳўлланиш кўрсаткичлари асосида баҳоланган ҳамда кремнеземнинг қутблилигини бошқаришда золь-гель жараёнида муҳит рН ини ўзгартиришга эришиш имконияти исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Амфифиль кремнезем ва унинг CЭАЦ ва Na-КМЦ билан композитларини олиш ва хоссаларини аниқлаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
гидрофиль-гидрофоб табиатли полимер-кремнезем композит материалларини зол-гель усулида олиш технологияси “GISSARNEFTGAZ” Ўзбекистон-Швейцария қўшма корхонасининг “2025-2026 йилларда амалётга жорий этиш бўйича истиқболли ишланмалари рўйхати”га киритилган (“GISSARNEFTGAZ” Ўзбекистон-Швейцария қўшма корхонасининг 2023 йил 26 июндаги 325-01/06-сон; 2024 йил 26 июндаги 326-01/06-сон маълумотномалари). Натижада, гидрофиль-гидрофоб табиатли полимер-кремнезем композит материалларнинг органик эритувчилар учун сорбент сифатида фойдаланиш имконини беради;
янги турдаги полимер-кремнезем композит материаллари “GISSARNEFTGAZ” Ўзбекистон-Швейцария қўшма корхонасида нефть ва газни қазиб олиш жараёнида сорбент сифатида қўлланилган (“GISSARNEFTGAZ” Ўзбекистон-Швейцария қўшма корхонасининг 2023 йил 26 июндаги 325-01/06-сон; 2024 йил 26 июндаги 326-01/06-сон маълумотномалари). Натижада, нефть ва газ маҳсулотларини ташиш жараёнларида, шунингдек ёқилғи қуйиш станцияларида уларнинг атроф-муҳитга тарқалиши натижасида сув ресурсларини ифлосланиши олдини олувчи сорбентлар сифатида фойдаланиш имконини берган.