Нуриддинов Зиёвиддин Зайниддин ўғлининг
Фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон


I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Узумнинг (Vitis vinifera) маҳаллий Паркент ва Сояки навларининг ҳосилдорлиги ва маҳсулот сифатини оширувчи агротехник тадбирларни такомиллаштириш (Паркент тумани шароитида)”, 06.01.07 – Мевачилик ва узумчилик (Қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.2.PhD/Qx1395.
Илмий раҳбар: Султонов Комолитдин Садриддинович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат аграр университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc05/29.04.2022.Qx.13.04.
Расмий оппонентлар: Бўриев Хасан Чутбоевич, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Очилдиев Ўткир Олланазарович, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Паркент туманининг тоғолди адирликлари шароитида узумнинг маҳаллий Паркент ва Сояки навларининг агробиологик хусусиятларини тадқиқ қилиш, уларнинг ҳосилдорлиги ва маҳсулот сифатини оширувчи агротехник тадбирларни такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
узумнинг маҳаллий Паркент ва Сояки навларини агробиологик ва технологик хусусиятларини баҳолаш асосида уларни Паркент туманининг тоғолди адирликларида универсал навлар сифатида етиштириш истиқболли эканлиги исботланган;
3,0×3,0 м экиш схемасида узумни Паркент навининг новда ҳосил қилувчанлик хусусияти ва новдаларининг ривожланиш кўрсаткичлари энг юқори (К11,2; К20,41) бўлиши аниқланган;
Паркент туманининг тоғолди адирликларида узумни Паркент навининг энг юқори (286,6 ц/га) ҳосилдорлиги ва сифат кўрсаткичлари (шарбат чиқиши 76,1%, қанддорлиги 23,1%) 3,0×3,0 м экиш схемасида таъминланиши аниқланган;
узумни маҳаллий Паркент навини бир елкали кордон усулида ўстиришда энг юқори тугиш ва ҳосил тугувчанлик коэффициенти (К11,2 ва К20,39) таъминланиши аниқланган;
узумни маҳаллий Паркент навини бир елкали кордон усулида ўстиришда узумни энг йирик (405,8 г) узум бошлар, юқори маҳсулдорлик (23,5 кг/туп) ва ҳосилдорлик (260,6 ц/га) олиниши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Паркент туманининг тоғолди адирликлари шароитида узумнинг маҳаллий Паркент ва Сояки навларининг агробиологик хусусиятларини тадқиқ қилиш, уларнинг ҳосилдорлиги ва маҳсулот сифатини оширувчи агротехник тадбирларни такомиллаштириш бўйича олиб борилган илмий-тадқиқот натижалари асосида:
Узумчиликка ихтисослашган фермер ва деҳқон хўжаликлари учун «Паркент туманининг тоғолди адирликлари шароитида узумнинг маҳаллий навларига кордон усулида шакл бериш» номли тавсиянома ишлаб чиқилган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2024 йил 12 августдаги 05/06-04-397-сон маълумотномаси). Ушбу тавсиянома фермер ва деҳқон хўжаликларида Паркент туманининг тоғолди адирликлари шароитида узумнинг маҳаллий навларига кордон усулида шакл беришда амалий қўлланма сифатида хизмат қилмоқда;
Тошкент вилояти Паркент туманининг тоғолди адирликлари шароитида узумнинг йўқолиб бораётган Паркент ва Сояки навлари токзорларини қайта тиклаш ишланмаси Тошкент вилояти Паркент туманидаги “Islomxo‘ja plyus Kamron” фермер хўжалигида 0,5 гектар майдонга жорий қилинган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2024 йил 12 августдаги 05/06-04-397-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида узумнинг йўқолиб бораётган юқори сифатли универсал Паркент ва Сояки навлари токзорлари 2023 йилда 0,5 гектар майдонда барпо этилган. Ушбу токзорлардан саноат ҳосилини 2025 йилдан ола бошлаш кўзда тутилган. Бунда майдон бирлигидан Паркент навидан 25 тоннадан, Сояки навидан 20 тоннадан ортиқ, юқори сифатли шарбат ва мадера типидаги шароб олиш имконини берувчи сифатли ҳосил олиш ва рентабеллик даражасини 50% дан ошириш режалаштирилган;
Паркент ва Сояки навлари токзорларини илмий асосланган – 3×3 м экиш схемасида барпо қилиш ишланмаси Тошкент вилояти Паркент туманидаги “Zafar ota” фермер хўжалигида 0,8 гектар майдонга жорий қилинган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2024 йил 12 августдаги 05/06-04-397-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида токзор тўлиқ ҳосилга кирганда (2026 йилга бориб) Паркент ва Сояки навларининг ҳосилдорлигини анъанавий 4,0×3,0 м экиш схемасига нисбатан 20-25% гача, рентабеллик даражасини 50% дан ошириш мумкинлиги илмий асосланган;
Паркент нави токзорларига бир елкали кордон усулида шакл бериш ишланмаси Тошкент вилояти Паркент туманидаги “Boyqozon Shokir” фермер хўжалигида 0,6 гектар майдонга жорий қилинган (Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказининг 2024 йил 12 августдаги 05/06-04-397-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида анъанавий калта зангли елпиғичсимон шакл беришга нисбатан 2,7 тонна кўпроқ ҳосил олинди, иқтисодий самарадорлик 48,1% ни ташкил этган.   

Yangiliklarga obuna bo‘lish