Эргашев Дилшод Турсумаматовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Азотли ўғит шакли ва меъёрларининг такрорий экилган қанд лавлаги ҳосилдорлигига таъсири (Наманган вилояти шароитида)”, 06.01.04 – Агрокимё (Қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.2.PhD/Qx601
Илмий раҳбар: Сулаймонов Иномжон Жамолдинович, Қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Наманган давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.05/07.06.2024.Qx.13.03.
Расмий оппонентлар: Санақулов Акмал Лапасович, Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Атабаев Маъруф Махмудович, Қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, профессор.
Етакчи ташкилот: Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Наманган вилояти типик бўз тупроқлари шароитида такрорий экилган қанд лавлагидан юқори ва сифатли илдизмева ҳосили олишни таъминлайдиган азотли ўғитларнинг мақбул шакл ва меъёрларини аниқлаш бўйича илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор типик бўз тупроқлар шароитида қанд лавлагини такрорий экин сифатида экиб, ундан юқори ва сифатли илдизмева ҳамда барг ҳосили етиштиришда азотли ўғитларни мақбул шакллари (аммоний нитрат) ва меъёрлари (Н150П100К150 кг/га) ишлаб чиқилган;
қанд лавлагидан юқори ва сифатли ҳосил шаклланиши учун унинг илдизмева ривожланиш фазасида тупроқдаги ҳаракатчан озиқа элементлари (Н–НО3:П2О5:К2О) нинг динамикаси аниқланди;
юқори ва сифатли илдизмева ҳосили шакллантирган қанд лавлаги вегетация даврида ўсимликда умумий азот, фосфор ва калий миқдори (Н–149,6 мг/кг:П–83,8 мг/кг: К-137,2 мг/кг) ва нисбати (1:0,6:0,9) аниқланган;
типик бўз тупроқларда ҳаракатчан озиқ моддаларнинг мақбул миқдори, озиқ моддаларини ўзлаштириши, қанд лавлагининг ўсиб-ривожланиши, қуруқ масса тўплаши ҳамда юқори ва сифатли илдизмева ҳосили шакллантиришини белгилайдиган азотли ўғитлар турли шакл ва меъёрларининг мақбул тизими асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Такрорий экилган қанд лавлагининг илдизмева ва барг ҳосили сифатини оширишда азотли ўғитлар шакл ва меъёрларининг аҳамияти бўйича олинган илмий натижалари асосида:
қанд лавлагидан илдизмева ҳосили ва уни технологик сифатини кўтариш бўйича “Азотли ўғитлар шакл ва меъёрларини такрорий экилган қанд лавлаги илдизмева ҳосилдорлигига таъсири” номли тавсиянома ишлаб чиқилиб, Наманган вилоятининг Чуст ва Тўрақўрғон туманларининг фермер хўжаликларида амалиётга жорий қилинган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2023-йил 6-июндаги 05/05/2736–сонли маълумотномаси). Натижада, ушбу тавсиянома қанд лавлаги етиштирадиган фермер ва деҳқон хўжаликларида қанд лавлагидан юқори ва сифатли илдизмева ҳосили олиши учун амалий қўлланма сифатида хизмат қилган;
қанд лавлаги учун азотли ўғитлардан аммоний нитратни 150 кг/га (П150К200 кг/га асос билан) меъёрда қўллаш бўйича агротехник тадбирлар Наманган вилоятининг Чуст туманидаги “Эсон Али-Хон” фермер хўжалигида 3 га, “Қурбон Домла” фермер хўжалигида 3 га ва “Марҳамат” фермер хўжалигида 8 га, жами 14 га майдонда, Тўрақўрғон туманидаги “Комилжон ота ЭОК” фермер хўжалигида 6,3 га, “Тулпор” фермер хўжалигида 4,4 га, “Комилов Турсунбой” фермер хўжалигида 4,8 га, жами 15,5 гектар майдонда жорий қилинган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2023-йил 6-июндаги 05/05/2736-сонли маълумотномаси). Натижада, қанд лавлагидан 461 с/га илдизмева ҳосили ва 138,4 с/га озуқабоп барг ҳосили олишга эришган. Бунда илдизмеванинг қўшимча ҳосили назоратга нисбатан 148 с/га кўп бўлган.
Наманган вилоятининг Чуст ва Тўрақўрғон туманларидаги типик бўз тупроқлари шароитида жами 29,5 гектар майдонда қанд лавлагидан юқори ва сифатли илдизмева ҳосили етиштириш бўйича ишлаб чиқариш тажрибалари олиб борилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2023-йил 6-июндаги 05/05/2736-сонли маълумотномаси). Натижада, ушбу майдонларда етиштирилган қанд лавлагини илдизмеваси таркибидаги қанднинг миқдори ўртача 17,6% ни, бир гектар қанд лавлаги экилган майдонидан йиғиб олинадиган қанд миқдори 7,3 т/га ни, рентабиллик эса 48,2% ни ташкил этган.