Мехмонов Қамбариддин Мирадхамовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): «Компьютер дастурлари ва маълумотлар базасига оид муносабатларни фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш», 12.00.03–Фуқаролик ҳуқуқи. Тадбиркорлик ҳуқуқи. Оила ҳуқуқи. Халқаро хусусий ҳуқуқ (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.PhD/Yu42.
Илмий раҳбар: Караходжаева Дилором Мамировна, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.27.06.2017.Yu.22.01.
Расмий оппонентлар: Рустамбеков Исломбек Рустамбекович, юридик фанлар доктори, доцент; Сафоева Садоқат Мусоевна, юридик фанлар номзоди.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: компьютер дастурлари ва маълумотлар базасига оид муносабатларни фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштиришга оид таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
компьютер дастурлари ва маълумотлар базасига оид фуқаролик-ҳуқуқий муносабат иштирокчиларининг ҳуқуқий мақоми, идентификацияси ва ҳуқуқий муносабат иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш қоидалари ишлаб чиқилган;
электрон ҳукумат доирасида компьютер дастури ва маълумотлар базасидан интеграциялашган ҳолда фойдаланишга доир миллий қонунчиликни халқаро стандартларга унификациялаш зарурати асосланган;
компьютер дастурлари ва маълумотлар базасидан фойдаланишда муаллифларнинг мутлақ ҳуқуқлари ва истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш қоидалари асосланган;
компьютер дастурлари ва маълумотлар базасига оид фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланиб, ўзаро электрон ҳамкорлик қилиш қоидалари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Компьютер дастурлари ва маълумотлар базасига оид муносабатларни фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш тадқиқот иши бўйича олинган илмий натижалар асосида:
компьютер дастурлари ва маълумотлар базасига оид фуқаролик-ҳуқуқий муносабат иштирокчиларининг ҳуқуқий мақоми, уларни идентификация қилиш, компьютер дастурлари ва маълумотлар базасини яратиш, фойдаланиш, уларга нисбатан мутлақ ҳуқуқларни амалга ошириш ва ҳимоя қилиш, ҳуқуқий муносабат иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлашга доир таклифлар Ўзбекистон Республикасининг «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги Қонуни 10-моддасида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2016 йил 25 ноябрдаги 15-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг қабул қилинганлиги компьютер дастурлари ва маълумотлар базасига оид муносабат иштирокчиларини аниқлаш, тарафлар ўртасидаги муносабатларни самарали ҳуқуқий тартибга солишга хизмат қилган;
компьютер дастурлари ва маълумотлар базасидан фуқаролик-ҳуқуқий муносабатда уйғун равишда фойдаланган ҳолда ҳуқуқий тартибга солиш механизмини такомиллаштириш ва халқаро стандартлар даражасига етказишга доир таклифлар Ўзбекистон Республикасининг «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги Қонуни 27-моддасининг иккинчи қисмида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2016 йил 25 ноябрдаги 15-сон маълумотномаси). Ушбу таклифларнинг қабул қилинганлиги компьютер дастурлари ва маълумотлар базасидан фойдаланувчиларга қулайликлар яратиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш ва хизмат кўрсатиш сифатини оширишга хизмат қилган;
компьютер дастурлари ва маълумотлар базасидан интеллектуал мулк объектларига нисбатан мутлақ ҳуқуқларни амалга ошириш ва ҳимоя қилишда фойдаланиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини таъминлаш ва бу борада давлат органи билан ҳуқуқий ҳамкорлик қилишга оид таклиф ва хулосалардан Ўзбекистон Республикасининг «Кинематография тўғрисида»ги Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқилишида фойдаланилган («Ўзбеккино» миллий агентлигининг 2016 йил 11 ноябрдаги 01-05/03-891-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф муаллифларнинг мутлақ ҳуқуқларини ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилган;
компьютер дастурлари ва маълумотлар базасига оид фуқаролик-ҳуқуқий муносабатда субъектларнинг мулкий ҳуқуқларининг мавжудлиги ва тан олиниши, маълумотлар базасини сақловчи ва фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш, электрон ҳамкорлик қилишга оид таклифдан ҳуқуқ ижодкорлиги жараёнида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2016 йил 25 октябрдаги 18-8/5861-сон маълумотномаси). Ушбу таклифларни қабул қилинганлиги мулк ҳуқуқини тан олиш ва ҳимоя қилиш, ҳуқуқ бузилишининг олдини олиш, ҳамда мулк ҳуқуқини кафолатлаш имконини берган.