Содикова Мунира Рустамбековнанинг
фан доктори (DSc) диссертация ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ишлаб чиқариш ва истеъмолнинг иккиламчи маҳсулотларидан фойдаланган ҳолда кўп мақсадли коррозия ингибиторлари ва ион алмашинувчи материалларни ишлаб чиқиш, уларнинг таснифини такомиллаштириш», 02.00.14 – Органик моддалар ва улар асосидаги материаллар технологияси, 02.00.09– Товарлар кимёси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.4.DSc/Т 732.
Илмий маслаҳатчилар: Джалилов Абдулахат Турапович, кимё фанлари доктори, профессор, академик; Таджиходжаев Закирходжа Абдусатторович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассасалар номи: Тошкент кимё технология илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент кимё-технология институти ҳузуридаги DSc.03/30.12.2019.Т.04.01 рақамли Илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Қодиров Тўлқин Жумаевич, техника фанлари доктори, профессор; Мирвалиев Зоид Зохидович, техника фанлари доктори; Абдуганиев Бахтиёр Ёрмахаматович, кимё фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат техника университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: иккиламчи ресурслар асосида ион алмашинувчи материаллар ва коррозия ингибиторларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни олиш учун танлаб олинган хомашёларни ҳисобга олган ҳолда идентификациялаш ва синфлашдан иборат..
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
иккиламчи полиетилентерефталатнинг аминолиз маҳсулоти (маҳсулот-А) ёки иккиламчи полиетилентерефталатнинг ишқорий гидролизи маҳсулоти (маҳсулот-ТФК) ҳамда ПЕПА ва фурфуролнинг ўзаро таъсири асосида ионитлар олинган;
пахта соапстокининг олеин-палмитин фракцияси (ОПФ ХС), маҳсулот-А, ПЕПА ва фурфуролнинг ўзаро таъсири асосида ионит олинган;
амино-карбокси-сулфонатли ионит олиш мақсадида ишлаб чиқилган ионит матрицасига функсионал компонент сифатида сув тайёрлаш жараёнларида ишлатилган катионитни киритиш, шунингдек, қўшимча кучли кислотали сулфогуруҳларни киритиш орқали модификацияланган;
синтез қилинган ионит асосида полимер боғловчиларда дисперланган гетероген мембраналар ишлаб чиқилган;
пахта соапстоки олеин-палмитин фракцияси ва ПЕПА асосида, ҳамда ПЕПАни иккиламчи полиетилентерефталатнинг аминолиз маҳсулоти ёки ишлатилган диетаноламин маҳсулотлари билан тўлиқ ёки қисман алмаштирган ҳолда амидо-имидазолинли ингибирловчи композициялар ишлаб чиқилган;
ТИФ ТН сини такомиллаштитриш мақсадида иккиламчи полиетилентерефталат, пахта ёғи ишлаб чиқаришнинг иккиламчи маҳсулотлари ҳамда иккиламчи полимерлар ва кимёвий реагентлар асосида олинган ион алмашинувчи материаллар (ионитлар/смолалар) учун янги субпозиция ва подсубпозиция кодлари ишлаб чиқилган;
сифациз ион алмашинувчи материалларни комплекс аниқлаш имконини берувчи тартиб ва тезкор усуллари яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Самарали ингибирловчи композициялар ва ион алмашинувчи материалларни ишлаб чиқаришнинг иккиламчи маҳсулотларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасига мувофиқ таснифини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
иккиламчи полиетилентерефталатнинг аминолиз маҳсулоти (маҳсулот-А), полиетиленполиамин ва фурфурол асосида синтез қилинган янги амфотер ионит учун Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (УЗ ИАП 7825, 2024). Натижада, сувни юмшатиш ва оқова сувларни тозалашда қўлланиладиган мавжуд иккиламчи маҳсулотлардан фойдаланиб, мақсадли амфотер ионит олиш имконини берган;
полиетилентерефталатнинг ишқорий гидролиз маҳсулоти (маҳсулот-ТФК), полиетиленполиамин ва фурфурол асосида синтез қилинган янги амфотер ионит учун Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (УЗ ИАП 7848, 2024). Натижада, мавжуд иккиламчи маҳсулотлардан фойдаланиб, мақсадли амфотер ионит олиш имконини берган;
сувни юмшатиш учун мўлжалланган ишлаб чиқилган ион алмашинувчи материаллар "Ўзбекистон Республикаси ёғ-мой корхоналари уюшмаси"нинг “2025-2027 йилларда амалиётга жорий этиш бўйича истиқболли ишланмалар рўйхати”га киритилган (Ўзбекистон Республикаси Ёғ-мой корхоналари уюшмасининг 2024 йил 10 октябрдаги КС/3-347-сон маълумотномаси). Натижада, технологик жараёнда ИМ ни қўллаш ускунанинг ишлаш муддатини 15-25% га узайтириш, ускунанинг номинал унумдорлиги ва технологик жараёнларнинг самарадорлигини сақлаб қолиш имконини беради;
иккиламчи полиетилентерефталатнинг аминолиз маҳсулоти (маҳсулот-А) ёки иккиламчи полиетилентерефталатнинг ишқорий гидролизи маҳсулоти (маҳсулот-ТФК) ҳамда ПЕПА ва фурфуролнинг ўзаро таъсири асосида синтез қилинган янги турдаги ионитлар ташқи иқтисодий фаолиятдаги товарлар номенклатураси бўйича синфланиб, уларга “катионитлар, анионтлар ва амфотер ионитлар” учун 3824 99 150, 3824 99 150 1, 3824 99 150 2, 3824 99 150 3, 3824 99 150 9 код рақамлари ишлаб чиқилган ва давлат божхона амалиётига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасининг 2023 йил 9 августдаги 17/04-23-0561-сон маълумотномаси). Натижада, ион алмашинувчи смолаларни (материалларни) ионланиш тури бўйича синфлаш имконини берган;
ёғ-мой ишлаб чиқаришнинг иккиламчи маҳсулотлари ташқи иқтисодий фаолиятдаги товарлар номенклатураси бўйича синфланиб, уларга 1522 00 910 3, 1522 00 990 1, 3823 19 100 3, 3823 19 900 1 код рақамлари ишлаб чиқилган ва Давлат божхона амалиётига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитасининг 2023 йил 9 августдаги 17/04-23-0562-сон маълумотномаси). Натижада ёғ-мой ишлаб чиқаришнинг иккиламчи ресурсларини кимёвий таркиби бўйича синфлаш имконини берган;
иккиламчи полиетилентерефталат ташқи иқтисодий фаолиятдаги товарлар номенклатураси бўйича синфланиб, унга “полиетилентерефталат” учун 3915 90 800 1 коди ишлаб чиқилган ва давлат божхона амалиётига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Марказий божхона лабораториясининг 2024-йил 14-октябрдаги 17/05-24-1866-сон маълумотномаси). Натижада, иккиламчи хомашё ресурси – иккиламчи полиетилентерефталатни иккиламчи ресурс сифатида синфлаш имконини берган;
"Кимёвий маҳсулот – ион алмашинувчи смолаларга қўйиладиган техник талаблар Қалбакилаштирилган ва сифациз маҳсулотларни аниқлашнинг тезкор усуллари" божхона амалиётига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Марказий божхона лабораториясининг 2024 йил 14 октябрдаги 17/05-24-1867-сон маълумотномаси). Натижада, божхона амалиётида сифациз кимёвий маҳсулотлар – ион алмашинувчи смолаларни (ионитларни) самарали экспертизадан ўтказиш имконини берган.