Боборахимова Махбуба Ихтиёровнанинг
фалсафа доктори (PhD) Диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Атмосферадаги, сув муҳитидаги ва рақобат тизимидаги жараёнларнинг фазовий-вақт экологик моделлари”, 01.01.02-Дифференциал тенгламалар ва математик физика (физика-математика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2023.4.PhD/FM945
Диссертация бажарилган муассаса номи: В.И.Романовский номидаги Математика институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: В.И.Романовский номидаги Математика институти ҳузуридаги DSc.02/30.12.2019.FM.86.01 рақамли Илмий кенгаш.
Илмий раҳбар: Тахиров Жозил Останович, физика-математика фанлари доктори, профессор.
Расмий оппонентлар: Ашуров Равшан Ражабович, физика-математика фанлари доктори, профессор; Ўрозбоев Ғайрат Ўрозалиевич, физика-математика фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади фазовий бир хил бўлмаган муҳитда экология ва рақобатдош турларнинг математик моделларига доир параболик тенгламалар ва реакция-диффузия-адвексия типидаги системалар учун логистик масалалар назариясини қуришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
ифлосланган сув экотизимларида экологик токсик моддаларнинг популятсия динамикасига таъсири жараёнининг номаълум чегараси бўлган жараёнга йўналтирилган чизиқсиз модел ишлаб чиқилган;
реакция-диффузия-адвексия тенгламаси ёрдамида тавсифланган номаълум чегарага эга логистик масала шаклида дарё экотизимлари популятсияси динамикасининг чизиқсиз модели ишлаб чиқилди;
ифлосланишнинг атроф-муҳит билан ўзаро та'сирининг конвектив ва диффузион жараёнларини ҳисобга олган ҳолда математик модели қурилган ва икки компонентли чизиқсиз параболик система учун чегаравий масалани ечиш учун Гёлдер фазоларининг нормаларида априор баҳоларни олиш усули ишлаб чиқилган ва улар асосида масаланинг бир қийматли ечилиши исботланган;
атмосферанинг чегара қатламларида зарарли аралашмаларнинг коʻчиши ва тарқалишининг математик модели реакция-диффузия тенгламаси коʻринишида тузилган ва априор баҳолар ўрнатилган ҳамда ечимнинг турғунлиги, ягоналиги ва мавжудлиги исботланган.
икки рақобатдош тур популятсиясининг фазовий-вақтинчалик хатти-ҳаракатларини моделлаштирувчи параболик тенгламалар системаси таклиф қилиниб, уларнинг иккаласи ҳам бир хил сигнал берувчи восита томонидан хемотактик тарзда жалб қилинади.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Атмосферадаги, сув муҳитидаги ва рақобат тизимидаги жараёнларнинг фазовий-вақт экологик моделлари бўйича олинган натижалар асосида:
ифлосланишнинг атроф-муҳит билан ўзаро таъсирининг конвектив ва диффузион жараёнларини ҳисобга олган ҳолда математик моделидан ИЛ5321091543 рақамли “Газ таъминоти тизимларининг топологик моделларини қуриш ва уларни симулятсия қилишни ишлаб чиқиш” мавзусидаги инновацион лойиҳада газ таъминоти тизимларининг топологик моделларини қуришда фойдаланилган (Тошкент ахборот технологиялари университетининг 2023 йил 12-декабрдаги №4406/05-2-сонли маълумотномаси). Илмий натижани қўлланиши газ таъминоти тизимларининг топологик моделларини қуриш ва уларнинг симулятсиясини ишлаб чиқиш имконини беради;
атмосферанинг чегара қатламларида зарарли аралашмаларнинг коʻчиши ва тарқалишининг математик моделидан А-ОТ-2021-108 рақамли “Орол денгизининг экологик ҳолатини мониторинг қилиш ва прогнозлаш ахборот-таҳлилий дастурий маҳсулотини ишлаб чиқиш” мавзусидаги амалий лойиҳада экологик ҳолатини мониторинг қилишда фойдаланилган (Рақамли технологиялар ва АИ ривожлантириш илмий-тадқиқот институтининг 2024 йил 19-январдаги №03-8/028-сонли маълумотномаси). Илмий натижани қўлланиши газ ва аерозол ҳолатларидаги ифлослантирувчи моддаларнинг кўчиши ва ўзгариши адвектив моделларини қуриш имконини беради.