Sayt test rejimida ishlamoqda

Ёқубов Бехзод Бахромжон ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Том ва қувурлар ҳимоя қатламлари учун полимер-битум композицияси таркиби ва олиш технологиясини яратиш», 02.00.08 - Нефть ва газ кимёси ва технологияси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.2.PhD/Т1708.
Илмий раҳбар: Ибадуллаев Ахмаджон Собирович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент кимё-технология институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент кимё-технология институти, DSc.03/30.12.2019.Т.04.01.
Расмий оппонентлар: Адилов Равшан Иркинович, техника фанлари доктори, профессор; Рахмонов Тоир Зоирович, техника фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Бухоро мухандислик-технология институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: маҳаллий иккиламчи хом ашёлар асосида ҳар хил шароитларда ишлатишга мўлжалланган полимер-битум композицион қопламаларни олиш таркиби ва технологиясини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
битум композицион қопламаларга қўйилган талабларга биноан маҳаллий иккиламчи хом ашёлар ва нефть-газни қайта ишлаш саноати чиқиндилари асосида ингредиентлар яратилган;
маҳаллий иккиламчи хом ашёлар ва нефть-газни қайта ишлаш саноати чиқиндилари асосида танланилган ингредиентларнинг физик-кимёвий хоссалари аниқланган;
танланилган ингредиентлар ва уларни физик-кимёвий хоссаларини полимер-битум композицион қоплама технологик, реологик, физик-механик ва эксплуатацион хоссаларига таъсири асосланган;
танланилган ингредиентлар ва уларни физик-кимёвий хоссаларига асосан  битум композицион қопламаларга қўйилган талабларга жавоб берувчи полимер-битум композицион қоплама таркиби яратилган;
маҳаллий иккиламчи хом ашёлар ва нефт-газни қайта ишлаш саноати чиқиндилари асосида полимер-битум композицион қоплама олиш ва ишлатиш технологиялари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Маҳаллий ва иккиламчи хом ашёлар асосида жаҳон талабларига жавоб берувчи полимер-битум композицион қопламалар олиш таркиби ва технологиясини ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
маҳаллий хомашёлар асосида ҳимоя қатлам битумларини модификация қилиш таркиби ва технологияси Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг “2023-2024 йилларда амалиётга жорий этиш бўйича истиқболли ишланмалар рўйхати”га киритилган (Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг 2021 йил 21 майдаги 22/58-122-сон маълумотномаси). Натижада, ҳимоя қатлам битумини ишлаб чиқариш ҳажмини 13% гача ва ёпишқоқлигини 17 % гача, юмшаш ҳароратини 93°С гача, ошириш, кристалланиш ҳароратини -30°С гача камайтириш имконини беради;
маҳаллий ва иккиламчи органоминерал хомашёлар асосида яратилган ҳимоя қатлам полимер битум композициялари Ўзбекистон республикаси қурилиш вазирлиги таъсаруфидаги корхоналарда амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг 2021 йил 22 январдаги IU01/22-сон маълумотномаси). Натижада,  мостлар, кўприклар, биноларни ҳимоя қатламлари учун иссиққа (˃100 °С), совуққа (˃-30 °С) чидамли ва юқори ёпишқоқликга эга бўлган суюқ ва листсимон полимер-битум ҳимоя қатлам композициялари олиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish