Sayt test rejimida ishlamoqda

Одилов Сарвар Акрамовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Сирдарё вилояти сув ресурсларидан барқарор фойдаланишнинг экологик жиҳатларини аниқлаш ва баҳолаш», 11.00.05 – Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: Б2023.2.PhD/B961.
Илмий раҳбар: Кулматов Рашид Анарович, кимё фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги DSc.03/27.02.2020.Б.01.15 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Каримов Бахтиёр Қурамбоевич, биология фанлари доктори, профессор; Буриев Салимжон Самеджанович, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Сирдарё вилоятида сув ресурсларидан барқарор фойдаланишнинг экологик жиҳатларини аниқлаш ва баҳолашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор сувнинг ифлосланиш индекслари асосида Сирдарё сувининг экологик ҳолати баҳоланган ва сифат ўзгаришлари асосланган;
ер ости сувларининг миқдор ва сифат кўрсаткичлари, сизот сувлари сатҳи ҳамда минераллашув даражаларининг ўзгариш динамикаси йиллар кесимида аниқланган;
иқлим омилларининг (ҳаво ҳарорати ва ёғингарчилик) сизот сувлари минераллашув даражаларининг ўзгаришига боғлиқлиги очиб берилган;
ГАТ технологиялар асосида суғориладиган ерларнинг сизот сувлари минераллашуви даражасини акс эттирувчи электрон хариталар ишлаб чиқилган;
суғориладиган ерлардан ҳосил бўлган коллектор-зовур сувларининг сифат ва миқдор кўрсаткичлари аниқланган ҳамда сувдан қайта фойдаланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Сирдарё вилояти сув ресурсларидан барқарор фойдаланишнинг экологик жиҳатларини аниқлаш ва баҳолаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Сирдарё дарёси суви сифати ҳамда ундан фойдаланилган сувнинг йиллар давомида ўзгариш динамикаси ва сувнинг ифлосланиш индекси кўрсаткичлари юзасидан ишлаб чиқилган амалий тавсиялар Сирдарё вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси амалиётига жорий этилган. (Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлигининг 2023 йил 17 февралдаги 03-02/7-447-сон маълумотномаси). Натижада, дарё суви миқдор ва сифат кўрсаткичларига таъсир этувчи омилларни аниқлаш, сувлардан оқилона фойдаланиш, муҳофаза қилиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, яшил худудларни ривожлантириш, ҳудуд сув ресурслари ҳолати ва сифатига эътибор берилган ҳолда дарахт ҳамда бута турларини танлаш имконини берган;
вилоят ер ости сув ресурсларинининг миқдор ва сифат кўрсаткичлари ҳамда суғориладиган ерларининг сизот сувлари минераллашув даражасини юзасидан ишлаб чиқилган электрон хариталар Сирдарё вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси амалиётига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлигининг 2023 йил 17 февралдаги 03-02/7-447-сон маълумотномаси). Натижада, вилоятда аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, сув ресурсларини ифлослантирувчи омилларни аниқлаш ва суғориладиган тупроқлар шўрланишини олдини олиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш имконини берган;
суғориладиган ерлардан ҳосил бўлган коллектор-дренаж сувларининг миқдор ва сифат ўзгаришлари асосида ишлаб чиқилган амалий тавсиялар Сирдарё вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси амалиётига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлигининг 2023 йил 17 февралдаги 03-02/7-447-сон маълумотномаси). Натижада, сув танқис бўлган йилларда кам минераллашган Боёвут ва Шўрўзак зовур сувларидан маълум миқдорда шўрга чидамли экинларни суғориш мақсадида қайта фойдаланиш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish