Sayt test rejimida ishlamoqda

Мирзакаримов Бахромжон Халимжоновичнинг
фан доктори (DSс) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Болалардаги туғма кўкрак қафаси деформацияларида реконструктив операциялар», 14.00.35 – Болалар хирургияси (тиббиёт фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.2.DSc/Tib174.
Илмий раҳбар: Акилов Хабибулла Атауллаевич, тиббиёт фанлари доктори, профессор. 
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон давлат тиббиёт институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Андижон давлат тиббиёт институти, DSc.04/30.12.2019.Tib.95.01.
Расмий оппонентлар: Маметов Равшан Раимбердиевич, тиббиёт фанлари доктори, профессор (Қирғизистон Республикаси); Ходжиматов Ғуломидин Минходжиевич, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Оллабергенов Одилбек Тожиддинович, тиббиёт фанлари доктори.
Йетакчи ташкилот: Гродно давлат тиббиёт университети (Белорус Республикаси).
Диссертациянинг йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади: кўкрак қафаси туғма гирдобсимон ва килсимон деформацияси аниқланган болаларни хирургик даволаш натижаларини беморлар ёшига кўра кам жароҳатли ва металл конструкцияларсиз бир босқичли реконструктив торакопластика усулларини ишлаб чиқиш орқали яхшилашдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
бир муассаса доирасида катта хажмдаги клиник материалда кўкрак қафаси деформациялари таркибида кўкрак қафаси туғма гирдобсимон ва кўкрак қафаси туғма килсимон деформацияларининг учраш даражаси аниқланган; 
бир босқичда, ички ва ташқи фиксаторлар ҳамда металл конструкцияларсиз амалга оширилувчи, кўкрак қафаси гирдобсимон деформациясини коррекциялашга имкон берувчи хирургик тактика асосланган;
кўкрак қафаси деформацияси аниқланган болаларда кардиореспиратор тизим функционал захирасини ташрихдан аввалги ва кейинги натижаларини баҳолаш орқали деформацияни бартараф қилувчи реконструтив ташрихлар афзалликлари ва самарадорлиги асосланган; 
деформацияланган қовурға тоғайлари матриксида II-турдаги коллаген толаларнинг миқдорий ўзгариши, ҳужайраларнинг эрта қариши билан кечувчи амиантоид трансформациянинг кўкрак қафаси деформациялари ривожланиши ва бириктирувчи тўқима дисплазиясининг клиник даражаси билан ўзаро боғлиқлиги исботланган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Кўкрак қафаси деформациялари аниқланган бемор болаларни даволаш натижаларини яхшилаш бўйича илмий тадқиқот натижалари асосида:
болаларда кўкрак қафасининг килсимон деформацияларини хирургик даволаш усулларини такомиллаштириш бўйича илмий тадқиқот натижалари асосида ишлаб чиқилган «Болаларда кўкрак қафаси килсимон деформациясида реконструктив жаррохлик усули» номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2022 йил 17 сентябрдаги 8н-р/994-сон маълумотномаси). Таклиф этилган тавсиялар кўкрак қафаси деформацияси билан туғилган бемор  болаларни хирургик усулда даволашда махаллий тўқимлардан фойдаланган ҳолда тўш-қовурға мажмуасини коррекцияланган ҳолда ушлаб туриш имконини берган;
болаларда кўкрак қафасининг гирдобсимон деформацияларини хирургик даволаш усулларини такомиллаштириш бўйича илмий тадқиқот натижалари асосида ишлаб чиқилган “Болалар кўкрак қафаси гирдобсимон деформациясида реконструктив жаррохлик усули” номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2022 йил 17 сентябрдаги 8н-р/994-сон маълумотномаси). Таклиф этилган тавсиялар кичик ёшдаги болаларда кўкрак қафаси гирдобсимон деформациясини хирургик даволашнинг камжароҳатчан усули қўлланилганда деформацияни эрта коррекция қилиш, шунингдек турли металл конструкцияларга эҳтиёж ва у билан боғлиқ такрорий ташрих ўтказиш заруратини бартараф этиш имконини берган. 
кўкрак қафаси деформацияси аниқланган болаларга хирургик ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалиётига, хусусан, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказлари, шунингдек Марғилон шаҳар болалар шифохонаси жаррохлик бўлимлари фаолиятига жорий этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2022 йил 17 сентябрдаги 8н-р/994-сон маълумотномаси). Кўкрак қафаси деформациясини бартараф қилишнинг тактик-техник жиҳатларини такомиллаштириш КҚГД аниқланган болаларда яхши даво натижаларини 54,0% дан 92,8% гача ошириш, деформация рецидивини 10 мартагача камайдтириш имконини берган. КҚКД да эса интраоперацион асоратларни 48,7% дан 13,4% гача камайтириш, операциядан кейинги яқин даврда оғриқ синдромини 2,5 мартага  камайтириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish