Sayt test rejimida ishlamoqda

Махкамов Темур Рустамовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I.Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Корпоратив бошқарувнинг шаффофлигини таъминлаш механизмини такомиллаштириш (Ўзбекистондаги акциядорлик жамиятлар мисолида)», 08.00.13-Менежмент (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.3.PhD/Iqt353.
Илмий раҳбар: Aбдураупов Рустам Рамзович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат иқтисодиёт университети
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент шахридаги халкаро Вестминстер университети, DSc.22/30.12.2019.I.85.01.
Расмий оппонентлар: Алимухаммедова Наргиза Батиржановна, иқтисодиёт фанлари доктори; Ашуров Зуфар Абдуллоевич, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистон Республикасидаги акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарув шаффофлик тизимини таъминлаш механизмини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
корпоратив бошқарувнинг глобал ривожланиш тенденциялари ва самарадорлигининг асосий омилларини аниқлаш жараёнида акциядорлик жамиятида инвесторлар билан ишлаш бўлимини ташкил қилишнинг мақсадга мувофиқлиги асосланган;
акциядорлик жамияти корпоратив бошқарувининг шаффофлик даражасини таъминлаш механизми ошкор қилиниши лозим бўлган маълумотлар турларини кенгайтиришга кўра Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси (UNCTAD) стандартларига мослаштириш асосланган;
кўп сонли регрессия коэффициентларнинг статистик аҳамияти ва шаффофлик кўрсаткичлари иммитацияси кабиларга кўра тижорат банкининг IPO/SPOга тайёрлик даражасини тизимли таҳлил қилишга тайёргарлиги ва корпоратив бошқарув шаффофлиги истиқболини аниқлаш модели таклиф этилган;
Ўзбекистон акциядорлик жамиятлари корпоратив бошқарув тўғрисидаги ҳисоботи намунаси Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг корпоратив бошқарув тамойиллари асосида ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Акциядорлик жамиятларда корпоратив бошқарувнинг шаффофлигини ошириш бўйича ишлаб чиқилган услубий-амалий тавсиялар асосида:
корпоратив бошқарувнинг глобал ривожланиш тенденциялари ва самарадорлигининг асосий омилларини аниқлаш жараёнида акциядорлик жамиятида инвесторлар билан ишлаш бўлимини ташкил қилишнинг мақсадга мувофиқлиги бўйича таклифга кўра “Ўзсаноатқурилишбанк” AТБда уч нафар ходимдан иборат инвесторлар билан алоқалар бўлими (IR) ташкил этилди (“Ўзсаноатқурилишбанк” AТБнинг 2022 йил 27 июльдаги 18-11/1143-сон маълумотномаси). Таклифнинг амалиётга жорий қилиниши натижасида инвесторлар орасида ахборот ассиметриясини бартараф этиш учун зарур бўлган маълумотларни ошкор қилиш орқали жамият акцияларининг нархларининг йиллик стандарт оғиши икки фоиз оралиғида сақлаб қолиниб, нарх барқарорлигини таъминлашга хизмат қилган;
акциядорлик жамияти корпоратив бошқарувининг шаффофлик даражасини таъминлаш механизми ошкор қилиниши лозим бўлган маълумотлар турларини кенгайтиришга кўра Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси (UNCTAD) стандартларига мослаштириш бўйича тавсиялардан “Ўзсаноатқурилишбанк” AТБ бошқарувининг 25.02.2021 йилдаги 2021/02-сон баённомаси қарорига асосан Aкциядорлик тижорат банкининг корпоратив бошқарув сиёсатини ишлаб чиқишда фойдаланилган (“Ўзсаноатқурилишбанк” AТБнинг 2022 йил 27 июлдаги 18-11/1143-сон маълумотномаси). Тавсияларнинг амалиётга жорий қилиниши натижасида 2020 йил якунларига кўра “Ўзсаноатқурилишбанк” AТБда корпоратив бошқарув тизимининг самарадорлиги “юқори” деб баҳоланиб,  йиллик фойда 743,9 миллиард сўмга ошишига хизмат қилган;
кўп сонли регрессия коэффициентларнинг статистик аҳамияти ва шаффофлик кўрсаткичлари иммитацияси кабиларга кўра тижорат банкининг IPO/SPOга тайёрлик даражасини тизимли таҳлил қилишга тайёргарлиги ва корпоратив бошқарув шаффофлиги истиқболини аниқлаш модели “Ўзсаноатқурилишбанк” AТБ акциядорларининг умумий йиғилишининг қарорига (28.05.2021 й., №2021/02) кўра амалиётга жорий қилинган (“Ўзсаноатқурилишбанк” AТБнинг 2022 йил 27 июлдаги 18-11/1143-сон маълумотномаси). Ушбу моделдан фойдаланиб, акциядорлик жамиятида корпоратив бошқарув шаффофлиги ошишига кўра “Ўзсаноатқурилишбанк” AТБ капиталининг рентабеллиги 5 фоизга ошган;
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг корпоратив бошқарув тамойиллари асосида ишлаб чиқилган акциядорлик жамиятлари корпоратив бошқарув тўғрисидаги ҳисоботи намунаси “Ўзсаноатқурилишбанк” AТБ акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишининг қарорига (28.05.2021 й., №01/2021) мувофиқ янги таҳрирдаги “Корпоратив бошқарув кодекси”га киритилган (“Ўзсаноатқурилишбанк” AТБнинг 2022 йил 27 июлдаги 18-11/1143-сон маълумотномаси). Мазкур таклифларнинг жорий қилиниши корпоратив бошқарув тизимини халқаро стандарт талаблари асосида такомиллаштиришга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish