Sayt test rejimida ishlamoqda

Аббасов Азиз Кабиловичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Сурункали буйрак касаллигининг шаклланиши ва ривожланишида Р-селектиннинг роли», 14.00.05 – Ички касалликлар (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.1.PhD/Tib1649.
Илмий раҳбар: Расулова Хуршидахон Абдубориевна, тиббиёт фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент педиатрия тиббиёт институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент тиббиёт академияси, DSc.04/30.12.2019.Tib 30.02.
Расмий оппонентлар: Шодикулова Гуландом Зикрияевна, тиббиёт фанлари доктори; Жаббаров Азим Атаханович, тиббиёт фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади сурункали буйрак касаллиги бўлган беморларда Р-селектинни клиник, диагностик ва прогностик қийматини, ҳамда касаллик биокимёвий ва асбобий текширув натижалари орасидаги боғлиқликни баҳолашдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
сурункали буйрак касаллиги билан касалланган беморларда Р-селектин концентрацияси юқорилиги урункали буйрак касаллиги босқичига боғлиқ бўлиб, КФТ (45 мл/мин/1,73м2) камайиши билан Р-селектин миқдори сезиларли даражада пасайиши, айниқса, қон томир атеросклерози белгилари бор беморларда сурункали буйрак касаллигининг C3б-C5 босқичларида ишончлилик даражаси юқорилиги аниқланган;
илк бор беморларнинг ёши билан Р-селектин миқдори орасида боғлиқлик аниқланди, беморларнинг ёши катта бўлгани сайин Р-селектиннинг миқдори камайиб бориши қайд этилди бу ёш беморларда Р-селектин миқдори паст бўлганда касаллик асоратлари кўпайиб бориши асосланган;
сурункали буйрак касаллигида умумий холестерин ва Р-селектин даражаси билан боғлиқлик 2 гуруҳ C2 (r=0,47; р˂0,05) ошганлиги, 5 ва 6 гуруҳларда эса аксинча пасайиши ҳамда улар орасида узвий манфий боғланиш (r=-0,54; р˃0,05 r=-0,64; р˂0,01) аниқланган;
сурункали буйрак касаллигининг қон томир атеросклерози бўлган беморларда гипертриглицеридемия мавжудлиги Р-селектин ишлаб чиқаришни камайтириши асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Сурункали буйрак касаллигини ташхислаш ва прогнозлаш усулларини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
сурункали буйрак касаллигида беморларни клиник-анамнестик, лаборатор-асбобий усуллардан фойдаланган ҳолда олинган илмий натижалар асосида ишлаб чиқилган «Сурункали буйрак касаллигини эрта ташхислаш алгоритми» номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2022 йил 25 январдаги 8н-з/29-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома сурункали буйрак касаллигини эрта ташхислаш, касалликнинг кечишини башорат қилиш, асоратларини ўз вақтида муқобил олдини олиш ва даволаш чораларининг самарадорлигини оширишга имкон берган;
сурункали буйрак касаллиги билан оғриган беморларда Р-селектин миқдори билан биргаликда клиник-асбобий ташхислаш усулларининг прогностик қийматини баҳолашни такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази ва Андижон вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази амалиётига тадбиқ этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2022 йил 19 сентябрдаги 08-28467-сон маълумотномаси). Олиб борилган тадқиқот натижаларини амалиётга тадбиқ этилиши сурункали буйрак касаллиги эрта ташхислаш, касаллик кечишини башорат қилиш, асоратларни аниқлаш, шунингдек, беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish