Sayt test rejimida ishlamoqda

Норқулов Маъсуджон Маъруфовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Зарафшон дарёси ўрта оқими ҳавзаси лишайниклари», 03.00.05 – Ботаника (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.2.PhD/B598.
Илмий раҳбар: Ҳайдаров Хислат Қудратович, биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, PhD.03/30.12.2019.B.02.08.
Расмий оппонентлар: Кудратов Имомназар, биология фанлари доктори, профессор; Тошпулатов Йигитали Шавкатиллаевич, биология фанлари буйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: Гулистон давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий  ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Зарафшон дарёсининг ўрта оқими ҳавзаси лихенофлорасининг турлар таркибини аниқлаш ва уларнинг эко-ценотик - географик хусусиятларини асослашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Зарафшон дарёси ўрта оқими ҳавзасида 3 синф, 13 тартиб, 23 оила ва 57 туркумга мансуб 102 тур лишайниклар аниқланган.
Зарафшон дарёси ўрта оқими ҳавзасида Ўрта Осиё лихенофлораси учун 22 та янги турлар аниқланган;
Зарафшон дарёси ўрта оқими ҳавзаси флористик, экологик ва географик жиҳатдан 6 та локал лихенофлораларга ажратилиб, уларнинг шаклланиш хусусиятлари очиб берилган.
лихенофлора таркибидаги индикатор турлар (Rhizoplaca chrysoleuca (Sm.) Zopf. ва Dermatocarpon miniatum (L.) Mann.) да радионуклидлар миқдорини аниқлаш ҳамда ҳудудларнинг атмосфера ҳавосини биомониторинг қилиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Зарафшон дарёси ўрта оқими ҳавзаси лишайниклари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Зарафшон дарёси ўрта оқими ҳавзасидан аниқланган 102 тур лишайникларнинг тарқалиши, экологик ва географик хусусиятларини акс эттирувчи конспекти, лихенофлора таркибидаги Ўрта Осиё учун 22 та янги турларнинг ГАТ хариталари Самарқанд вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси фаолиятига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2022 йил 01 июндаги 03-02/7-1409-сон маълумотномаси). Натижада, ўрганилган ҳудуддаги лишайникларнинг турлар рўйхатини тузиш, тарқалиш ареалларини аниқлаш ҳамда мониторинг қилиш имконини берган;
атмосфера ҳавоси таркибини биомониторинг қилишда Rhizoplaca chrysoleuca (Sm.) Zopf. ва Dermatocarpon miniatum (L.) Mann. ларнинг радионуклидлар (232Th, 226Ra, 40K, 137Cs, 7Be) таркиби ва миқдори Самарқанд вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси амалий фаолиятига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2022 йил 01 июндаги 03-02/7-1409-сон маълумотномаси). Натижада, ҳудудлар атмосфера ҳавоси таркибидаги радионуклидлар миқдорини аниқлаш ҳамда рухсат этилган меъёрларини назорат қилиш имконини берган;
лихенофлора таркибида дарахтлар пўстлоғида яшаб, уларнинг ҳаётий жараёнларига салбий таъсир этувчи 15 тур эпифит лишайниклар аниқланган, бу турларни таъсир доираси белгиланган ҳамда қарши кураш чора-тадбирлари Ургут тумани ихтисослашган давлат ўрмон хўжалиги фаолиятига амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг 2022 йил 26-майдаги 04/21-2372-сон маълумотномаси). Натижада, дарахтлар пўстлоғидаги зараркунандаларнинг ривожланиши олди олинган, ёш новдаларнинг ўсиш-ривожланиши яхшиланган ҳамда ўрмон хўжаликлари ҳудудидаги дарахтларни соғломлаштириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish