Қурбонов Нозим Мухаммадрашитовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Нефть, газ ва сувли қатламлардаги фильтрация жараёнларининг математик моделлари ва самарали сонли алгоритмлари», Математик моделлаштириш. Сонли усуллар ва дастурлар мажмуи (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.PhD/Т59.
Илмий раҳбар: Равшанов Нормахмад, техника фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ахборот-коммуникация технологиялари илмий-инновацион маркази..
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент ахборот технологиялари университети, DSc.27.06.2017.Т.07.01.
Расмий оппонентлар: Усманов Ришат Ниязбекович, техника фанлари доктори, профессор; Ҳабибуллаев Иброҳим Ҳабибуллаевич, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: нефть, газ ва сувли қатламлардаги фильтрация жараёнларининг математик моделлари, сонли алгоритмлари ва дастурий воситаларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ғовак муҳитдаги газ фильтрацияси жараёнининг математик модели турли чегаравий шартларни ҳисобга олиш орқали такомиллаштирилган ва мос масалани ечишнинг чекли айирмалар усулига асосланган ҳисоблаш алгоритми ишлаб чиқилган;
поршенли сиқиб чиқаришда фильтрация жараёнининг математик модели суюқ фаза соҳасидан нефть олиш омилини ҳисобга олиш орқали такомиллаштирилган ва модель масалани ечиш учун чегарани тўғрилаш усулига асосланган ҳисоблаш алгоритми яратилган;
суюқлик ва газнинг биргаликдаги фильтрацияси жараёнининг математик модели ўзаро киришувчи фазалар модели асосида такомиллаштирилган ва масалани ечишнинг ўзгарувчан йўналиш усулига асосланган ҳисоблаш алгоритми ишлаб чиқилган;
газ фильтрацияси масаласини физик хусусиятларига мос қисмларга ажратиш усули билан ечишнинг самарали сонли алгоритми ишлаб чиқилган;
ихтиёрий фильтрация соҳасида ғовак муҳитдаги газ фильтрацияси масаласини ечиш учун параллел ҳисоблаш алгоритми яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Нефть, газ ва сувли қатламлардаги фильтрация жараёнларини тадқиқ қилиш учун яратилган математик моделлар, алгоритмлар ва дастурий мажмуалар асосида олинган натижалар асосида:
газ фильтрацияси, поршенли сиқиб чиқаришдаги фильтрация ҳамда суюқлик ва газнинг биргаликдаги фильтрацияси жараёнларининг такомиллаштирилган математик моделлари, ҳисоблаш алгоритмлари ва дастурий таъминотлари «Ўзнефтгазқазибчиқариш» АЖ тасарруфига кирувчи Крук ва Шимолий Ўртабулоқ конларига ва Ўзбекистон Республикаси Нефть ва газ саноати Ўзбекистон илмий-муҳандислар жамияти объектларига жорий қилинган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2017 йил 14 ноябрдаги 33-8/7725-сон маълумотномаси). Илмий тадқиқот натижаси босим ва тўйинганлик майдонларининг ўзгаришини аниқлаш сифатини 7%га, қудуқлар дебитларининг ўрта ва узоқ муддатли башоратлаш сифатини эса 6%га ошириш имконини берган;
поршенли сиқиб чиқаришдаги фильтрация жараёни ва суюқликларнинг биргаликдаги фильтрацияси жараёнларининг такомиллаштирилган математик моделлари, ҳисоблаш алгоритмлари ва дастурий таъминотлари «Дарғом» ирригация тизими бошқармаси объектларига жорий қилинган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2017 йил 14 ноябрдаги 33-8/7725-сон маълумотномаси). Илмий тадқиқот натижаси босим майдонининг ўзгаришини аниқлаш сифатини 15%га, қудуқлар дебитларининг ўрта ва узоқ муддатли башоратлаш сифатини 10%га ошириш имконини берган;
углеводородли конларни лойиҳалаш ва уларни ишлаш жараёнларини тадқиқ қилиш учун яратилган математик ва дастурий таъминотлар Навоий вилоятидаги 18-сон Дала қидирув экспедицияси объектларига жорий қилинган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2017 йил 14 ноябрдаги 33-8/7725-сон маълумотномаси). Илмий-тадқиқот натижаси қатламли тизимлардаги кўп компонентли аралашмалар фильтрацияси соҳаларида қудуқларни оптимал жойлаштириш ва уларнинг дебитларини тўғри танлаш орқали конларнинг ишлаш самарадорлигини ошириш имконини берган;
газ фильтрацияси тенгламасини физик хусусиятларига мос қисмларга ажратиш усули билан ечишнинг самарали сонли алгоритми ва ихтиёрий фильтрация соҳасида ғовак муҳитдаги газ фильтрацияси масаласини ечиш учун параллел ҳисоблаш алгоритми Ф4-ФА-Ф005-«Мураккаб чегарали соҳалар учун математик физиканинг кўп ўлчовли ночизиқ синф масалаларининг моделларини такомиллаштириш ҳамда ечишнинг алгоритмик усулини яратиш ва тадқиқ қилиш» мавзусидаги фундаментал лойиҳасига жорий қилинган (Фан ва технологиялари агентлигининг 2017 йил 24 октябрдаги ФТА-02-11/942-сон маълумотномаси). Илмий тадқиқот натижаси ғовак муҳитдаги газ фильтрацияси жараёнини ҳисоблашдаги такрорланишлар сонини камайтириш ҳисобига вақтни 25%гача қисқартириш ва параллел ҳисоблаш алгоритми қўлланилганида эса ҳисоблаш жараёнини 20 марта тезлаштириш имконини берган.