Sayt test rejimida ishlamoqda

Бахриддинов Ҳабибулло Зухриддиновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон 

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “11-15 ёшли ўқувчиларнинг жисмоний сифатларини ривожлантириш методикасини такомиллаштириш”, 13.00.04 – Жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари назарияси ва методикаси (педагогика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.1PhD/Ped1442.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, DSc.03/30.12. 2019.Ped 28.01.
Илмий раҳбар: Тажибаев Сойиб Самижонович, педагогика фанлари доктори (DSc), профессор.
Расмий оппонентлар: Алламуратов Шуҳратулла Иноятович биология фанлари доктори, доцент; Ҳасанов Аҳаджон Турсинович, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.
Етакчи ташкилот: Гулистон давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади 5-9-синф ўқувчиларининг жисмоний тарбия дарсларида ҳаракат тайёргарлигини ривожлантириш методикасини такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
11-15 ёшли ўқувчиларнинг тайёргарлигини ошириш учун кросс машғулотларидаги фортлек усулида (паст-баланд жойларда) юқорига кўтарилаётганда чегаравий бўлган тезланиш бўйича мушакнинг максимал кучга юқори даражада таъсир этиш ҳамда пастга тушаётганда суръатни пасайтириб, мушак кучланишининг олдини олишга қаратилган тезкор-куч талаб этадиган даврий машқларни (сакрашлар) қўллаш ҳисобига чидамлилик сифатини самарали ривожлантириш имконияти кенгайтирилган;
11-15 ёшли ўқувчиларнинг жисмоний сифатларини ривожлантиришнинг ҳаракат тайёргарлигида тананинг тўғри ҳолатини шакллантириш учун кўкрак, ўмров, елка, оёқ, бўғимидаги чўзилиш орқали мускулларни бўшаштириш ва таранглаштиришга қаратилган фундаментал базани шакллантирувчи махсус машқлар мажмуасини ишлаб чиқиш ҳисобига машғулотга тайёрлаш методикаси такомиллаштирилган;
11-15 ёшли ўқувчиларнинг эгилувчанлик жисмоний сифатини ривожлантириш учун алоҳида бўғим ва мушаклардаги динамик суст ҳаракатларни статик кучланиш билан бажариладиган жуфтликда чўзилишга йўналтирилган машқларни аралаш усулда қўллаш ҳисобига жисмоний тайёргарлигини ошириш услубияти такомиллаштирилган; 
11-15 ёшли ўқувчиларнинг ҳаракат тайёргарлигини  ошириш учун экстенсив методи бўйича (кичик оғирликдаги юкни кўп маротаба кўтариш) бажарилаётган ҳаракатнинг бурчак ўзгаришидаги мушак зўриқиши кучининг қийинроқ фазасида оғирликни ушлаб туриш ҳисобига куч сифатини ошириш имконияти такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 11-15 ёшли ўқувчиларнинг жисмоний сифатларини ривожлантириш методикасини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида: 
11-15 ёшли ўқувчиларнинг ҳаракат тайёргарлигида фортлек усулидаги кросс машғулотларида мушак кучланишининг олдини олишга қаратилган тезкор-куч талаб этадиган даврий машқларни (сакрашлар) қўллаш ҳисобига чидамлилик сифатини самарали ривожлантириш методикаси Тошкент шаҳри Миробод туманидаги 125-умумий ўрта таълим мактаби 5-9-синф ўқувчиларининг жисмоний тарбия дарсларида қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг 2020 йил  15 октябрдаги 02-07-08-2769-сон маълумотномаси). Натижада 11 ёшли ўқувчиларда жисмоний тарбия дарсларини ўтказишда жисмоний тайёргарлик кўрсаткичлари чидамлилик сифати 19,6% га, 12 ёшлиларда 18,8% га, 13 ёшлиларда 19,9% га, 14 ёшли ўқувчиларда 21,5% га, 15 ёшли ўқувчиларда 21,5% га  яхшиланган; 
11-15 ёшли ўқувчиларнинг жисмоний сифатларини ривожлантириш учун ҳаракат тайёргарлигида мушакларни бўшаштириш ва таранглаштиришга қаратилган фундаментал базани шакллантирувчи осилишга йўналтирилган машқлар мажмуаси Тошкент шаҳри Миробод туманидаги 125-умумий ўрта таълим мактаби 5-9-синф ўқувчиларининг жисмоний тарбия дарсларида қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг 2019 йил 20 июлдаги 654-сон буйруғи, 654-085-сонли гувоҳнома). Натижада 11 ёшли ўқувчиларда тезкор-куч сифати кўрсаткичлари 18,2% га, 12 ёшлиларда 20,4% га, 13 ёшлиларда 21,7% га, 14 ёшли ўқувчиларда 20,4% га, 15 ёшли ўқувчиларда 20,4% га яхшиланган; 
11-15 ёшли ўқувчиларнинг эгилувчанлик жисмоний сифатини ривожлантириш учун алоҳида бўғим ва мушаклардаги динамик суст ҳаракатларни статик кучланиш билан бажариладиган машқлар услубияти Тошкент шаҳри Миробод туманидаги 125-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиларининг жисмоний тарбия дарсларида қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг 2020 йил 15 октябрдаги 02-07-08-2769-сон маълумотномаси). Натижада жисмоний тарбия дарсларини ўтказишда жисмоний тайёргарлик кўрсаткичлари 11 ёшли ўқувчиларда эгилувчанлик сифати 20% га, 12 ёшлиларда 21,1% га, 13 ёшлиларда 18,8% га, 14 ёшли ўқувчиларда 19,6% га, 15 ёшли ўқувчиларда 19,6% га  яхшиланган; 
11-15 ёшли ўқувчиларнинг ҳаракат тайёргарлигини ошириш учун экстенсив метод талаблари бўйича бажарилаётган ҳаракатнинг бурчак ўзгаришидаги мушак тортишиш кучини ушлаб туриш ҳисобига ошириш усуллари Тошкент шаҳри Миробод туманидаги 125-умумий ўрта таълим мактаби 5-9-синф ўқувчиларининг жисмоний тарбия дарсларида қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг 2020 йил 15 октябрдаги 02-07-08-2769-сон маълумотномаси). Натижада жисмоний тарбия дарсларини ўтказишда ўқувчиларнинг жисмоний тайёргарлик кўрсаткичлари 11 ёшли ўқувчиларда куч сифати 21,4% га, 12 ёшлиларда 20% га, 13 ёшлиларда 20,7% га, 14 ёшли ўқувчиларда 21,2% га, 15 ёшли ўқувчиларда 20,6% га  яхшиланган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish