Sayt test rejimida ishlamoqda

Махпиева Гулдонахон Қобилжоновнанинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси химояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Семиз  болаларда бронхиал астманинг олдини олиш  ва ташхисотини такомиллаштириш», 14.00.09-Педиатрия (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйҳатга олинган рақам: B2020.2.PhD/Tib1171.
Илмий раҳбар: Шамсиев Фурқат Мухитдинович, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Андижон Давлат тиббиёт институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд Давлат тиббиёт универститети, PhD. 04/30.12.2019.Tib. 102.01.
Расмий оппонентлар: Шарипов Рустам Хаитович, тиббиёт фанлари доктори, доцент; Миррахимова Мактуба Хабибуллаевна, тиббиёт фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент педиатрия тиббиёт институти.
Диссертациянинг йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: бронхиал астмали болаларда семизликни учраш даражасини, хавф омилларини аниқлаш ва клиник-функционал кўрсаткичлари, лаборатория параметрлари динамикасини ўрганиш орқали олдини олишга қаратилган комплекс ёндашувлар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор бронхиал астма билан касалланган болаларда семизликнинг ривожланиш хавф омиллари, учраш частотаси, пери- ва постнатал омилларнинг ножўя кечиши, ирсий мойиллик сабабли, ҳамроҳ соматик патологиянинг ўта юқори кўрсаткичда 51,5% учраши аниқланган; 
бронхиал астма билан касалланган семиз болаларда метаболик ўзгаришларни учраши липопротеидлар даражаси, глюкозага толерантлик тестининг ўзгариши натижасида кардиоваскуляр ва нафас олиш тизимида бузилишларга олиб келиши асосланган;
семизлик билан бронхиал астма кузатилган болаларда D витаминининг биохимик кўрсаткичларига таъсирининг патогенетик аҳамияти аниқланган; 
илк бор қон зардобидаги D витамини миқдори ва биокимёвий ҳолатини ҳисобга олган ҳолда семизлик билан бронхиал астма кузатилган болаларда патогенетик жиҳатдан асосланган муқобил профилактика усуллари: кам калорияли пархез, енгил жисмоний юкламалар, витамин-минерал комплексни қўллаш орқали такомиллаштирилган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Семиз болаларда бронхиал астманининг олдини олиш ва ташхисоти такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
семиз болаларда БАнинг клиник ва диагностик хусусиятлари бўйича олиб борилган тадқиқотнинг илмий натижалари асосида ишлаб чиқилган “Семиз болаларда бронхиал астманинг клиник ва диагностик хусусиятлари” номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 2 июлдаги 8н-р/607-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома семиз болаларда БА ни ўз вақтида аниқлаш, касалликнинг клиник кечиши, биокимёвий ва функционал кўрсаткичларни яхшилаш орқали касаллик қайталаниш даражасини камайтиришга имконини берган; 
семиз болаларда бронхиал астманинг профилактик тадбирларини ўтказиш бўйича олиб борилган тадқиқотнинг илмий натижалари асосида ишлаб чиқилган “Семиз  болаларда бронхиал астма профилактик тадбирларининг замонавий методлари” номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 9 декабрдаги  8н-р/1189-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома диагностик ва профилактик чора-тадбирларни такомиллаштиришга ва касалликнинг ножўя таъсирини олдини олиш имконини берган;
семиз болаларда бронхиал астманинг клиник- диагностик  хусусиятлари ва профилактик тадбирларни такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, Жиззах, Андижон  вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари ва Андижон вилоятининг Бостон ҳамда Асака туман тиббиёт бирлашмаларининг клиник амалиётига тадбиқ этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 30 декабрдаги 8н-з/575-сон маълумотномаси). Олинган натижаларнинг амалиётга тадбиқ этилиши, ушбу касалликка чалинган болаларда касалликнинг зўрайиш даражасини икки баробар камайтириш, болалар ҳаёт сифатини яхшилаш ва шу орқали иқтисодий самарадорликни ошириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish