2026 йил 9 июн куни Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссиясида халқаро илмий ахборот ва таҳлилий платформаларни бошқарувчи Clarivate компаниясининг Ўзбекистондаги ҳудудий вакили Диана Абдумуминова билан ҳамкорлик масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда ОАК раҳбарияти ва бош инспекторлар иштирок этиб, мулоқотда мамлакатимиз тадқиқотчиларининг халқаро илмий журналларда мақолалар чоп этиш сифати ва самарадорлигини ошириш, уларнинг илмий фаолиятида халқаро илмий базалардан тўғри фойдаланишини таъминлаш масалаларини муҳокама қилишди.
Амалий семинар шаклида ташкил этилган тадбирда Олий аттестация комиссияси томонидан диссертацияларнинг асосий илмий натижаларини эълон қилиш учун тавсия этиладиган халқаро илмий маълумотлар базалари ва нашрлар рўйхатини такомиллаштириш, уларнинг сифатини таъминлаш ҳамда халқаро стандартларга мувофиқлигини ошириш юзасидан ҳам муҳокамалар ўтказилди.
Мулоқотлар давомида Диана Абдумуминова томонидан тадқиқотчиларнинг сохта ёки клон (қалбаки) журналлар ҳамда илмий нашрлар алдовига тушиб қолишининг олдини олиш бўйича муҳим тавсиялар берилди. Шунингдек, халқаро илмий нашрларни танлаш мезонлари, журналларнинг нуфузи ва индексацияси билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Томонлар келгусида ўзбекистонлик олимлар ва мустақил изланувчиларнинг халқаро илмий майдондаги фаоллигини қўллаб-қувватлаш, илмий нашрлар сифати ва академик ҳалоллик тамойилларини мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини таъкидладилар.
Ахборот хизмати.