Sayt test rejimida ishlamoqda

2024 йил 10 сентябр куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси жараёнидаги янгиликлар ва истиқбол вазифалар” мавзусида Матбуот анжуман бўлиб ўтди.
“Ўзбекистон - 2030” стратегияси мақсад ва вазифалари доирасида ташкил этилган Матбуот анжуманини Олий аттестация комиссияси раиси кириш сўзи билан очиб, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш сифатини янада ошириш соҳасидаги натижа ва келгуси вазифалар юзасидан умумий маълумот бериб ўтди.

Янги Ўзбекистонни стратегик ривожлантириш мақсад ва вазифаларига кўра таълим ва илм-фан соҳасидаги ислоҳотлар доирасида олий таълимдан кейинги таълим тизимини ҳам сифат жиҳатдан такомиллаштиришга устувор аҳамият қаратилмоқда. 2017 йил 16 февралдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-4958-сонли Фармони асосида 2017 йилнинг 1 июлидан олий ўқув юртидан кейинги таълим икки поғонали тизимининг амалиётга жорий этилгани самарали илмий фаолиятга муносиб шарт-шароитлар яратиш, айниқса, иқтидорли ёшларнинг илмий-ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бунда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш сифатини янада ошириш, тизимни рақамлаштириш асосида шаффофликни таъминлаш ва илмий ишланмалар сифати ва самарадорлигини оширишга устувор аҳамият қаратилди.
Бугунги кунда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси жараёнини тўлиқ рақамлаштириш борасида мақсадли тадбирлар амалга оширилмоқда; фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражалари ҳамда илмий унвонларга қўйиладиган талабларни такомиллаштириш ҳамда тизимда шаффофлик ва очиқликни янада кенгайтириш борасида қатор янгиликлар амалиётга жорий этилмоқда.


Матбуот анжуманида илм-фаннинг турли йўналишларидаги тадқиқотларнинг амалий натижалари хусусида атрофлича маълумот берилди. Хусусан, геология ва кончилик иши тадқиқотлари, география фанлари бўйича эксперт кенгаши, биологик тадқиқотлар ва биотехнологиялар, кимё, кимёвий-технология, фармацевтик тадқиқотлар ва халқ табобати, фалсафий ва тарихий тадқиқотлар, қишлоқ хўжалиги, ветеринария ва озиқ-овқат хавфсизлиги тадқиқотлари ҳамда филология фанлари бўйича эксперт кенгашлари фаолияти тақдимот қилинди.
Таҳлилларга кўра, 2023 йил ва 2024 йилнинг олти ойи давомида жами 5495 нафар тадқиқотчи илмий даражада тасдиқланди. Шундан, фалсафа доктори (PhD) илмий даражасида тасдиқланганлар 4777 нафарни, фан доктори (DSc) илмий даражасида тасдиқланганлар 728 нафарни ташкил этди. Шу даврда 4036 нафар талабгор илмий унвонда, жумладан 832 нафари –  профессор, 2931 нафари доцент ва 273 нафари катта илмий ходим унвонларида тасдиқланди.
Шунингдек, хорижий давлатлар муассасалари томонидан берилган 136 та илмий даражалар (43 таси фан доктори, 93 таси фалсафа доктори (PhD) дипломлари нострификация қилинди. Хорижий давлатларда илмий даражалар тўғрисида берилган 43та фалсафа доктори (PhD) дипломи ўрнатилган тартибда фан доктори (DSc) сифатида тўғридан-тўғри тан олиниб, тегишли дипломлар тасдиқланди.
Мазкур давр мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ташкил этилган очиқ мулоқотларда 5062 нафар илмий жамоатчилик билан 93 та учрашув ташкил этилиб, унда 3511 нафар ёш тадқиқотчи иштирок этди, 1303 та саволга зарур тушунтиришлар берилди, 237 нафар изланувчининг масаласи жойида ҳал этилди, 471 нафар изланувчига жойида услубий ёрдам кўрсатилди.
ОАК веб-сайтида “Тезкор алоқа хизмати” жорий қилинган бўлиб, мурожаатларга тез жавоб бериш таъминланган. Шунингдек, ОАКнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда «ОАК Бюллетени» журналида барча тегишли маълумотлар кенг ёритиб  борилмоқда.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимлари, ҳамда илмий тадқиқотчиларнинг саволларига аторфлича жавоб қайтарилди.

ОАК Ахборот хизмати.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish