Sayt test rejimida ishlamoqda

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси жараёнидаги янгиликлар ва истиқболдаги вазифалар юзасидан матбуот анжуман ўтказилди.

Матбуот анжумани «Ўзбекистон – 2030» стратегияси мақсад ва вазифалари доирасида ташкил этилди. Унда мамлакатимизда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш сифатини янада ошириш соҳасидаги натижа ва келгуси вазифалар юзасидан батафсил маълумотлар берилди.

Матбуот анжуманида Янги Ўзбекистонни стратегик ривожлантириш мақсад ва вазифаларига кўра, таълим ва илм-фан соҳасидаги ислоҳотлар доирасида олий таълимдан кейинги таълим тизимини ҳам сифат жиҳатдан такомиллаштиришга устувор аҳамият қаратилаётгани таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 февралдаги «Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони асосида 2017 йилнинг 1 июлидан олий ўқув юртидан кейинги таълим икки поғонали тизимининг амалиётга жорий этилгани самарали илмий фаолиятга муносиб шароитлар яратиш айниқса, иқтидорли ёшларнинг илмий-ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бунда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш сифатини янада ошириш, тизимни рақамлаштириш асосида шаффофликни таъминлаш ва илмий ишланмалар сифати ва самарадорлигини оширишга устувор аҳамият қаратилган.

Бугунги кунда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси жараёнини тўлиқ рақамлаштириш борасида мақсадли тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (DSc) илмий даражалари ҳамда илмий унвонларга қўйиладиган талабларни такомиллаштириш ҳамда тизимда шаффофлик ва очиқликни янада кенгайтириш борасида қатор янгиликлар амалиётга жорий этилмоқда.

Таҳлилларга кўра, 2023 йил ва 2024 йилнинг олти ойи давомида жами 5 минг 495 нафар тадқиқотчи илмий даражага эга бўлди. Шундан, фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олганлар 4 минг 777 нафарни, фан доктори (DSc) илмий даражасини олганлар 728 нафарни ташкил этди. Шу даврда 4 минг 36 нафар талабгор илмий унвонга, жумладан, 832 нафари профессор, 2 минг 931 нафари доцент ва 273 нафари эса катта илмий ходим унвонини олишга мушарраф бўлди.

Шунингдек, хорижий давлатлар муассасалари томонидан берилган 136 та илмий даражалар (43 таси фан доктори, 93 таси фалсафа доктори (PhD) дипломлари нострификация қилинди. Хорижий давлатларда илмий даражалар тўғрисида берилган 43 та фалсафа доктори (PhD) дипломи ўрнатилган тартибда фан доктори (DSc) дипломи сифатида тўғридан-тўғри тан олинди.

Мазкур давр мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ташкил этилган очиқ мулоқотларда 5 минг 62 нафар илмий жамоатчилик билан 93 та учрашув ташкил этилиб, унда 3 минг 511 нафар ёш тадқиқотчи иштирок этди. 1 минг 303 та саволга зарур тушунтиришлар берилди. 237 нафар изланувчининг масаласи жойида ҳал этилди. 471 нафар изланувчига жойида услубий ёрдам кўрсатилди.

Олий аттестация комиссияси веб-сайтида «Тезкор алоқа хизмати» жорий қилинган бўлиб, мурожаатларга тез жавоб бериш таъминланган. Шунингдек, Олий аттестация комиссиясининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда «ОАК Бюллетени» журналида барча тегишли маълумотлар кенг ёритиб борилмоқда.

Матбуот анжуманида илм-фаннинг турли йўналишларидаги тадқиқотларнинг амалий натижалари хусусида атрофлича маълумот берилди. Оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига батафсил жавоб қайтарилди.

Манба: ЎзА

Yangiliklarga obuna bo‘lish