Sayt test rejimida ishlamoqda

Олий аттестация комиссиясида 2024 йилнинг 19 июл куни  иқтисодиёт  ва социология фанлари йўналишида олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар аттестацияси ҳамда илмий кенгашлар фаолияти самарадорлигини оширишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда илмий кенгашлар ва унинг ҳузуридаги илмий семинар котиблари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон - 2030” Стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони асосида белгиланган вазифалар доирасида ташкил этилган йиғилишда мамлакат иқтисодиётини юксалтириш, инвестицион муҳитни яратиш орқали аҳоли даромадларини ошириш ҳамда ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда иқтисодиёт ва социология фанлари бўйича амалга оширилаётган илмий тадқиқотларнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
 
Бугунги кунда мазкур фанлари бўйича республика олий таълим муассасалари ҳамда илмий тадқиқот марказларида 35 та илмий кенгаш фаолият кўрсатмоқда. Халқаро ва республикамизда фаолият юритаётган кўплаб илмий нашрларда ушбу фанлар бўйича амалга оширилаётган тадқиқотларнинг асосий илмий натижалари эълон қилиб борилмоқда. Соҳаларга қаратилаётган эътибор сабабли сўнгги йилларда 108 та фан доктор (DSc)  ҳамда 880 та фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларида тадқиқотлар бажарилди.

 
Йиғилишда олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадрлар соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотлар хусусида ахборот берилиб, навбатдаги вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, Янги Ўзбекистонни барпо этиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишлари сифатини янада ошириш, инновацион ва халқаро илғор тадқиқот услубларини амалиётга жорий этиш, ахборот тизимини такомиллаштириш орқали соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, коррупциявий омилларни бартараф этиш ҳамда маънавий-маърифий йўналишларда фаолликни  кучайтириш каби масалалар кенг муҳокама этилди.
Бу борада, айниқса, соҳада ахборот алмашинувини тўлиқ рақамлаштириш орқали очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, илмий тадқиқотчилар учун қулай шарт-шароитларни яратиш борасида ОАК томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида ҳам маълумотлар берилди.
Шунга кўра, илмий кенгашлар фаолиятини ташкил этишда меъёрий тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилиш, илмий-тадқиқот ишларининг сифатини таъминлаш юзасидан амалий тавсиялар берилди.
 
Очиқ ва дўстона мулоқотлар асосида ўтказилган йиғилишда илмий кенгашлар фаолиятини низом талабларига кўра ташкил қилиш ҳамда ахборот-таҳлил хулосалари бўйича юзага келган саволларга атрофлича жавоб олинди.

ОАК Ахборот хизмати.

 

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish