Sayt test rejimida ishlamoqda

Махманов Урол Кудратовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «С60, С70 органик макромолекулалари ҳамда углеродли нанотрубкаларнинг эритмаларда ва буғланаётган томчилар ҳажмида ўз-ўзидан ташкилланиш механизмлари», 01.04.05 – Оптика (физика-математика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.4.DSc/FM169.
Илмий маслаҳатчи: Коххаров Абдулмуталлиб Мамаджанович, физика-математика фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ион-плазма ва лазер технологиялари институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ион-плазма ва лазер технологиялари институти, DSc.02/30.12.2019.FM.65.01.
Расмий оппонентлар: Нематов Шерзод Каландорович, физика-математика фанлари доктори, профессор; Пайзиев Шермухаммад Далиевич, физика-математика фанлари доктори; Рахматуллаев Илёс Арзимуродович, физика-математика фанлари доктори. 
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: С60, С70 органик макромолекулалари ҳамда углеродли нанотрубкаларнинг эритмаларда ва буғланаётган томчилар ҳажмида ўз-ўзидан ташкилланишининг физикавий механизмларини тадқиқ этишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
фуллеренларнинг (С60, С70 ва уларнинг аралашмаларининг) қутбли ва кам қутбли эритувчиларда ҳам зич тахланган, ҳам ғовак фрактал наноструктуралари ҳосил бўлиши ва ўсишининг физик механизмлари аниқланган. Эритмаларда олинган mC60, mC70 ва mC60/70 нанокластерларнинг (бу ерда m – нанокластерлардаги фуллеренлар молекулалари сони) структураси ва фракталлиги дастлабки эритмаларни тайёрлаш усулига боғлиқлиги тажрибада кўрсатилган;
эритмаларда С60, С70 фуллеренлари ва уларнинг аралашмалари молекулаларининг ўз-ўзидан ташкилланиш жараёнлари диагностикаси ҳамда синтезланган нанокластерларнинг (mC60, mC70 ва mC60/70) барқарорлик даражасини аниқлайдиган янги спектроскопик метод ишлаб чиқилган;
илк бор C60/70 эритмаларида импульсли лазер нурланиши эллиптик қутбланишининг ночизиқли бурилиш эффекти нурланишнинг фақат эллиптик қутбланишида кузатилиши аниқланган. C60/70 эритмаларида ҳам лазер нурланиши интенсивлигининг, ҳам эллиптиклик даражасининг ошиши эллипсли қутбланиш бурилиш бурчагининг ошишига олиб келиши кўрсатилган;
эритмаларда mC60/70 кластерларининг ҳосил бўлиши ва ўсиши билан муҳитдан ўтувчи лазер нурланиши эллипсли қутбланишининг ночизиқли бурилиш бурчаги қийматлари орасидаги ўзаро боғлиқлик аниқланди. C60/70 фуллеренининг эритмалардаги концентрациясининг ошиши лазер нурланиши эллипсли қутбланишининг солиштирма бурилиш бурчагининг сезиларли камайишига олиб келиши кўрсатилган;
илк бор қаттиқ тагликнинг текис сиртида жойлашган буғланаётган «эритмалар томчилари» ҳажмида фуллеренларнинг наноструктурали фрактал, шунингдек зич тахланган mC60, mC70 кластерларини тезкор синтез қилиш усули таклиф қилинди ва амалга оширилди;
буғланаётган томчи ҳажмида mC60 ва mC70 кластерларини синтез қилишнинг аниқ физик механизми  "Оствальд етилиши", яъни нисбатан йирикроқ наноструктуралар майдалари ҳисобига ўсиши таклиф этилган;
илк бор C60 фуллерен молекулаларидан иборат нано- ва микроўлчамли органик структуралар (нановискерлар, нанотрубкалар, нанопленкалар ва наноқопламалар) ни олишнинг «томчи усули» таклиф қилинган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
С60, С70 органик молекулалари ҳамда углеродли нанотрубкаларнинг ҳам эритмаларда, ҳам буғланаётган томчилар ҳажмида ўз-ўзидан ташкилланишини тадқиқ этиш натижалари асосида:
C70 фуллерени, шунингдек C60 ва C70 фуллеренлари аралашмалари эритмаларида кучли интенсивликдаги лазер импульсларининг эллипсли қутбланиши ночизиқли бурилиш эффектини ўрганишда олинган тажриба натижалари №БФ2-027 рақамли «Метал нанозаррачалари шаклланиши ва ўсиши механизмлари ва уларнинг ночизиқли-оптик хоссаларини тадқиқ қилиш» лойиҳасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2021 йил 5 мартдаги 02-02/1313-сон маълумотномаси). Илмий натижалардан фойдаланиш кучли интенсивликдаги импульсли лазер нури таъсирида турли ўлчамдаги метал нанозаррачалари шаклланишини ва уларнинг ночизиқли-оптик параметрларини самарали таҳлил қилиш имконини берган;
C60 ва C70 фуллеренлари молекулаларининг ўз-ўзидан ташкилланиш жараёнларини тадқиқ қилишда олинган натижалардан №ОТ-Ф2-46 «Углеродли нанотрубкалар ва фуллеренлар билан атом зарралари, электронлар ва фотонларнинг ўзаро таъсири жараёнини назарий тадқиқ этиш» лойиҳасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2021 йил 25 февралдаги 2/1255-569-сон маълумотномаси). Илмий натижалардан фойдаланиш фуллеренлар молекулаларининг ўзаро таъсирларини ҳамда фуллерен молекулалари билан бошқа атом зарралари, электронлар ва фотонларнинг ўзаро таъсири жараёнларини назарий жиҳатдан самарали баҳолаш имконини берган;
C70 фуллерени эритмаларида лазер импульси эллипсли қутбланишининг ночизиқли ўз-ўзидан бурилиш эффектини тадқиқ этиш жараёнида олинган тажриба натижалари хорижий журналларда (Advances in optics and photonics 2017, V. 9, Scopus, IF – 22.95; Optics express 2014, V.21, Scopus, IF – 7.2; Optics communications 2014, V.310, Scopus, IF – 3.1) икки фазали синхрон кучайтиргичларнинг ночизиқли рефракциясини ҳамда металл нанозаррачаларидан ташкил топган плазмонли композитларнинг юқори тартибли ночизиқлилигини ўрганишда фойдаланилган. Илмий натижалардан фойдаланиш металл-диэлектрик нанокомпозитлар асосида наноструктурали оптик калитлар олиш имконини берган;
қаттиқ таглик сиртида буғланаётган томчилар ҳажмида фуллеренларнинг наноўлчамли структуралари ҳосил бўлишини, шунингдек C70 ва C60/70 эритмаларида лазер импульсларининг эллипсли қутбланиши ночизиқли бурилиш эффектини тадқиқ қилишда олинган тажриба натижаларидан Шаржадаги Америка университети тадқиқотларида фойдаланилган (Шаржадаги Америка университетининг 2021 йил 8 мартдаги маълумотномаси, БАА). Илмий натижалардан фойдаланиш кучли интенсивликдаги импульсли лазер нурланиши таъсирида ҳар хил ўлчамдаги нанозаррачалар ҳосил бўлиш моҳиятини яхшироқ тушунишга ва уларнинг юқори тартибли ночизиқли оптик параметрларини баҳолашга имкон берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish