Sayt test rejimida ishlamoqda

Хушвақтов Ҳаким Абдилҳақовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Молекуляр кластерларнинг ҳосил бўлиш механизмлари ва  ва уларнинг комбинацион сочилиш спектрларида намоён бўлиши», 01.04.05 – Оптика (физика-математика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.DSc/FM28.
Илмий маслаҳатчилар: Ташкенбаев Улуғбек Негматович, физика-математика фанлари доктори, профессор; Жумабаев Абдувахид, физика-математика фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ион-плазма ва лазер технологиялари институти, DSc.02/30.12.2019.FM.65.01.
Расмий оппонентлар: Неъматов Шерзод Каландарович, физика-математика фанлари доктори, профессор; Дорошенко Ирина Юрьевна, физика-математика фанлари доктори, профессор; Эшчанов Баходир Худойбергенович, физика-математика фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ҳаёт фаолияти учун муҳим бўлган, конденсирланган ҳолатдаги биологик объектларда водород боғланишли молекуляр кластерларнинг шаклланиш механизмларини ва молекулалараро ўзаро таъсирларнинг умумий қонуниятларини аниқлаш ҳамда ёруғлик майдони таъсирида бу молекуляр кластерларнинг тебраниш спектрида намоён бўлишини тадқиқ қилишнинг спектроскопик методларини ривожлантиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
суюқ ва кристалл ҳолатлардаги ўрганилган юқори қутбли молекулалардан ташкил топган моддаларда, 10 тагача молекулага эга бўлган кластерларнинг шаклланиш механизмлари аниқланган ва молекуляр кластерлар ҳосил бўлиш жараёнларининг мураккаб тизими асосланган;
юқори қутбли моддаларнинг суюқ ва изоляцияланган ҳолатларда кластер тузилишларини ҳосил бўлишида ички молекуляр ва молекулалараро водород боғланиш ўрни ҳамда ўрганилган объектлардаги молекуляр кластерларнинг геометрик, спектроскопик ва электрооптик параметрлари аниқланган;
молекуляр кластерларда молекулалараро водород боғланиш ҳосил бўлишида иштирок этган ва иштирок этмаган О-Н тебранишларга тегишли КС полосаларининг янги спектроскопик талқини тақдим қилинган;
молекуляр кластерлар шаклланиш жараёнида газ ҳолатдан суюқ ҳолатга ўтишида иккита тебраниш полосалар системаси ҳосил бўлиши, бу полосалар "симметрик" (паст частотали) ва "антисимметрик" (юқори частотали) О-Н тебранишлар билан боғлиқлиги кўрсатилган;
кластерда молекулалар сони ошиши билан паст частоталар соҳасига силжиш, тажрибада ўлчаш мумкин бўлмаган полосалар системаси орасидаги силжиш қийматига мос эканлиги аниқланган; 
суюқ сув тузилишининг шаклланишида бешта ва олтита молекуладан ташкил топган (ёпиқ занжирли) молекуляр кластерларнинг ўрни энг юқори эканлиги исботланган;
метанол молекуласида кислород атоми билан метил гуруҳига тегишли водород атомларининг бири ўртасида ички водород боғланиш мавжудлиги ҳамда бу боғланиш тример кластергача сақланиб қолиши кўрсатилган;
спиртнинг сувли эритмасида спирт миқдори кам бўлганда икки турдаги структуралар, спирт стурктураси ва сув структураси мавжуд бўлиши, бу эса ушбу системада алоҳида хоссаларни ҳосил бўлишига олиб келиши кўрсатилган;
тебранма спектроскопия ва квант-кимёвий моделлаштириш усулларидан фойдаланиб, наноўлчамли молекуляр кластерлар ҳосил бўлишининг физик асослари ишлаб чиқилган;
молекулалараро водород боғланишли молекуляр суюқликларнинг тузилиши ва физик хоссалари улардаги ташкилий тузилма элементи сифатидаги наноўлчамли кластерлар мавжудлиги билан аниқланиши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Молекуляр кластерларни шаклланиш механизмларини тадқиқ қилиш ва конденсирланган муҳитларда МАЎТ спектроскопияси воситасида олинган натижалар асосида:
спектроскопик фаол молекуланинг муҳити ўзгарганда полоса контуридаги ўзгаришларни баҳолаш ҳамда ноэмпирик ҳисоблашлар натижаларидан Россия фундаментал тадқиқотлар фондининг 16-02-00102 рақамли «Процессы упорядочения и структурные фазовые переходы в кристаллах фторидов со структурой эльпасолита, содержащих ионы редкоземельных элементов», 19-52-12031 рақамли «Природа терагерцовых колебательных мод (фононов) в металлоорганических каркасных структурах», 16-32-50026 рақамли «Исследование оптических свойств нанокластеров дисульфида молибдена» мавзуларидаги фундаментал лойиҳаларни бажаришда фойдаланилган (Россия ФАСБ Л.В.Киренский номидаги физика институтининг 2018 йил 15 майдаги маълумотномаси). Илмий тадқиқот натижаларида аниқланган қонуниятлардан фойдаланилиши натижасида спектроскопик фаол (молекула, комплекс, ион) элемент муҳити ўзгарганда, тебраниш спектрида полоса контурларининг ўзгаришини баҳолаш имконини берган;
суюқ ва кристалл ҳолатларда молекуляр кластерларнинг шаклланиш механизмларидан, спектроскопик ва энергетик параметрларидан ҳамда тақдим қилинган О-Н тебранишларга тегишли КС полосаларининг янги спектроскопик талқинидан 0110РК153 рақамли “Исследование взаимного влияния многоатомных систем в конденсированных средах оптическими методами” мавзусида олиб борилаётган ИТИларини бажаришда фойдаланилган (Тожикистон Миллий университетининг 2020 йил 25 декабрдаги маълумотномаси). Тадқиқот натижалари ва ўрнатилган қонуниятларни қўлланилиши натижасида гетероциклик бирикмаларда мураккаб комплекслар ҳосил бўлиш жараёнлари ва уларнинг спектрал параметрларини аниқлаш имконини берган; 
сув, спирт ва этиленгилколда тебранма спектроскопия ва квант-кимёвий моделлаштириш усуллари ёрдамида аниқланган наноўлчамли молекуляр кластерлар ҳосил бўлишига тегишли тадқиқот натижаларидан Киев миллий университетида бажарилган 18БФ051-02М рақамли «Водородно-связанные молекулярные кластеры внутри наноструктурированных материалов» мавзусидаги ИТИларини бажаришда фойдаланилган (Киев миллий университетининг 2020 йил 29 декабрдаги маълумотномаси). Тадқиқот натижалари молекулалараро водород боғланишли суюқликларда кластер ҳосил бўлиш жараёнларини ўрганишда модданинг суюқ ҳолатини ва конденсирланган модда спектроскопиясини ўрганиш учун ишлатиладиган объектлар доирасини кенгайтиришга хизмат қилган.
тадқиқот натижаларининг тадбиқи натижаларга Scopus илмий маълумотлар базасига кўра, юқори импакт факторли журналларда чоп этилган 100 га яқин экспериментал ва моделлаштириш тадқиқотларида, шунингдек, шарҳ мақолаларида иқтибос келтириш орқали ҳам жорий қилинган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish