Sayt test rejimida ishlamoqda

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини жаҳон талаблари асосида ривожлантириш аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва даволаш сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. 2020 йилда мазкур фан йўналишида 53 талабгор фан доктори, 167 талабгор тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражаларида тасдиқланди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Мамадалиевнинг маълум қилишича, ҳимоя қилинган диссертация тадқиқотлари орқали қуйидаги илмий натижалар олинди.

Жумладан, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳоли репродуктив саломатлигини таъминлаш усуллари инновацион ёндашувлар асосида такомиллаштирилди. Соғлом овқатланиш тамойиллари ҳамда ёш ва жинсга боғлиқ равишда озуқавий рационни бойитишнинг алиментар касалликларни камайтиришдаги самараси исботланди. Касалликларни даволашнинг табақалашган ва якка тартибдаги схемалари ишлаб чиқилди.

Тиббиёт фанлари бўйича ҳимоя қилинган диссертация ишларининг илмий натижалари амалиётга жорий қилиниши билан бир қатор ижтимоий самараларга эришилди. Хусусан, кесар кесиш жарроҳлик амалиёти сезиларли даражада камайди. Ҳомиладорларда тромбофилия билан асоратланишни эрта ташхислаш ва касаллик кечувини олдиндан аниқлаш асносида қўлланган даво чора-тадбирлари туғруқдан кейинги турли хавф ва асоратлар пасайишига эришилди.

Ўткир коронар синдроми ва миокард инфарктида шошилинч интервенцион кардиология усуллари, бош мия қон айланишининг ўткир бузилишларида шошилинч реваскуляризация қилиш ва инсульт-гематомаларни кичик инвазив усулларни қўллаб даволаш орқали ўлим ва ногиронлик даражаси ҳамда асоратлар келиб чиқиши хавфи камайтиришга эришилди.

Тиббиёт фанлари соҳасида фаолият олиб бораётган олим-мутахассислар ва тадқиқотчилар бундан буён ҳам мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини жаҳон талаблари асосида ривожлантириш, аҳолига сифатли ва кафолатланган тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт фанлари йўналишидаги илмий тадқиқотлар сифати ва самарадорлигини оширишда фаол иштирок этади.

Гулноза БОБОЕВА, ЎзА

Yangiliklarga obuna bo‘lish