Sayt test rejimida ishlamoqda

Янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш даврида ижтимоий-гуманитар фанлар соҳасида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар ҳам мамлакат мафкурасининг илмий-назарий асосларини яратиш, тарихий хотирани тиклаш, ўзликни англаш ҳамда ҳуқуқий маданиятимизни юксалтиришга хизмат қилиб келмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Мамадалиевнинг маълум қилишича, 2020 йилда ижтимоий-гуманитар фанлар соҳасида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар йўналиши орқали сезиларли даражада илмий натижалар қўлга киритилган.

Хусусан, тарих фанлари йўналишида 10 нафар талабгор фан доктори (DSc), 62 нафар талабгор фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларида тасдиқланди.  

Юридик фанлар йўналишида 21 нафар талабгор фан доктори (DSc), 61 нафар талабгор фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларида тасдиқланиб, тадқиқотлар натижасида муҳим илмий янгиликлар қўлга киритилди.

Социология фанлари йўналишида ҳам 4 нафар талабгор фан доктори (DSc), 11 нафар фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларида тасдиқланди. Шунингдек, кимё ва кимёвий технология соҳаларида ҳам малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2020 йилда ушбу фан йўналишида 85 та диссертация иши ҳимояси ўтказилди. Мазкур тадқиқот ишлари натижасида муҳим илмий янгиликлар асосланди.

Хусусан, илк бор нитрон толасини карбамид билан кимёвий модификациялаш усули орқали аминогуруҳлар тутган толасимон анионалмашувчи материаллар синтез қилиш усули ишлаб чиқилди.

Илк бор гранулаланган поливинилхлоридни олтингугуртлаш ва оксидлаш орқали янги сульфокатионит, аммиак билан модификациялаш орқали анионит синтез қилиш технологиялари яратилди.

Қишлоқ хўжалиги экинлари ўсишини тезлаштирувчи ва ҳосилдорликни оширувчи янги cамарали стимуляторлар яратилди. Бир йиллик ўсимликлардан олинган целлюлоза асосидаги композит материалларнинг деформацион-мустаҳкамлигини толалар орасидаги боғлар табиатига боғлиқлиги асосланди.

Кимё фанлари соҳасида амалга оширилган илмий изланишлар натижалари амалиётга жорий қилиниши орқали самарали натижаларга эришилди. Жумладан, фосфорит ва глауконитларни кимёвий фаоллаштириш йўли билан мураккаб аралашмали ўғитлар олиш технологияси ишлаб чиқилди ва бу асосида комплекс минерал ўғитлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган, йиллик қуввати 10 минг тонна бўлган корхона ишга туширилди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, кимё фанлари соҳасида олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари ва улардан олинаётган натижаларнинг амалиётга татбиқ этилиши қишлоқ хўжалиги ҳамда саноатини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлашнинг илмий асосларини мустаҳкамлаш, баркамол авлодни тарбиялаш, Ватанимизнинг жаҳондаги нуфузини янада юксалтириб боришда соҳа олимлари бундан буён ҳам фаол иштирок этишда давом этади.

Гулноза БОБОЕВА, ЎзА

Манба: http://uza.uz/posts/246412

Yangiliklarga obuna bo‘lish