Sayt test rejimida ishlamoqda

Садиқов Зоҳид Яқубжановичнинг
фан доктори (DSс) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” асари немисча ва инглизча таржималари қиёсий-чоғиштирма таҳлили”, 10.00.06 – Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик  (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.1.DSc/Fil158. 
Илмий маслаҳатчи: Ҳомидов Ҳамиджон, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Наманган давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон миллий университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.01.10. 
Расмий оппонентлар: Ширинова Раима Хакимовна, филология фанлари доктори, профессор; Жўрақулов Узоқбой Ҳайдарович, филология фанлари доктори; Шрайбер Михаил (Германия Майнц университети), филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат шарқшунослик университети. 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: қадимги туркий обида бўлмиш “Қутадғу билиг” асарининг немис ва инглиз тилларига таржималарини қиёсий ҳамда чоғиштирма таҳлил қилиш орқали уларнинг аслиятга муқобиллик даражасини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
қадимги туркий асарларнинг немисча таржимаси  аслиятга соф филологик томондан, инглизчаси эса илмий-адабий жиҳатдан адекват бўла олиши исботланган;
таржимада  изоҳ, шарҳ, луғат кабилардан фойдаланиш уларнинг аслиятга муқобиллик даражаларини аниқлаш воситаси сифатида хизмат қилиши мумкинлиги далилланган;
қадимги туркий асарларнинг немисча ва инглизча таржималари лисоний-услубий хусусиятлари аниқланиб, бадиий асарларни илмий мақсадларда ўгиришда таржимадан таржимага такомиллашиб бориш мумкинлиги исботланган;
қадимги туркий асарларда тасвирланган тарихий ва миллий ўзига хосликларнинг таржимада акс эттириш муаммолари аниқланиб, уларни ҳал этиш учун транскрипциялаш, транслитерациялаш ҳамда илмий тавсифлаш усуллари ишлаб чиқилган;
қадимги туркий асарлардаги поэтик тасвир воситаларини немис ва инглиз тилларига бадиий таржима қилишда муқобил сўз танлаш каби усуллари тавсия қилинган;
ғарб олимларининг қадимги туркий адабиётда тақлид устиворлигига урғу берувчи ноилмий ёндошишлари асоссизлиги далилланган; 
тадқиқот доирасидаги қадимги туркий асарлар таржималаридаги миллий-маданий хусусиятга эга сўз ва ибораларнинг немисча-инглизча изоҳлари таржима ва таржимашунослик луғатларини бойитиши аcосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Қадимги туркий асарларнинг немисча таржимасида адекватликка эриши бўйича илмий-тадқиқот натижалари асосида:  
“Қутадғу билиг” таржималарнинг аслиятга муқобиллик даражалари борасидаги натижалар ҳамда асардаги фразеологизмларни немис ва инглиз тилларига таржима қилишга оид хулосалардан “Қиёсий адабиётшунослик” дарслигининг “Таржима-контакт алоқа шакли” бобини ёзишда фойдаланилган. (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 14 октябрдаги 89-03-4007-сон маълумотномаси). Натижада, тадқиқот материаллари замонавий таржимашуносликнинг долзарб муаммолари ва таҳлил методларини батафсилроқ ўрганишга замин яратган;
қадимги туркий асарнинг немисча таржимаси ўзининг илмий аниқлиги, инглизча таржимаси эса ижтимоий-интеллектуал ва муайян бадиийлик жиҳатидан аслиятга эквивалент бўла олишига оид натижалар Йоҳаннес Гутенберг номидаги Германия Майнц университетининг Гермерсҳайм шаҳридаги Таржима, тил ва маданиятшунослик факультетининг илмий ва дидактик фаолиятида фойдаланилган (Германия Майнц университети Таржима, тил ва маданият факультети декани, проф. М.Шрайбернинг 2019 йил 24 августдаги 76726-сон маълумотномаси). Натижада мазкур университет илмий-услубий ишлари объектига ўзбек-немис таржимачилиги борасида янги материаллар киритилган. Бу эса мазкур факультетнинг ўзбек таржимашунослиги билан алоқаларини мустақкамлаб, унинг илмий тадқиқот ишлари доирасини янада кенгайтиришга хизмат қилган;
“Қутадғу билиг”ни немис ва инглиз тилларига ўгиришда таржима усулларини қўллаш ва уларни асардаги бадиий тасвир воситалари, хусусан, метафора, ўхшатиш ва сифатлашларни таржима қилишда таржимонлар маҳоратларига оид натижалар Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонасининг жойларда таълим билан шуғулланувчи муваққат вакили доктор Г.Вегмарсхаус раҳбарлигида ўтказилган “Когнитив тилшунослик” халқаро семинарини ташкил этишга асос бўлган (Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Симон Крешмернинг 2019 йил 26 августдаги 15-сон маълумотномаси). Натижада ушбу халқаро анжуман иши қадимги туркий бадиий тасвир воситаларини немис тилига таржима қилиш борасидаги назарий хулосалар, хусусан, ўзбек тилидан немис тилига бадиий тасвир воситаларини ўгиришнинг лисоний-услубий муаммолари билан боғлиқ янги материаллар билан бойитилган;
тадқиқотдаги Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” асари поэтикасини немис тилида қайта яратиш ва асардаги бадиий тасвир воситаларини немис тилига таржима қилиш усулларига оид натижалари “Ўзбек-олмон илмий жамияти”нинг 2015-2018 йилларда Германиянинг Фрайбург шаҳрида “Ўзбек адабиёти намуналари немис тилида” мавзусидаги лойиҳа асосида ўтказилган илмий-амалий семинарларни тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбек-олмон илмий жамиятининг 2019 йил 21 октябрдаги 12-31-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши анжуман кун тартибидан жой олган таржимашуносликнинг устувор тенденциялари, йўналишлари ва ривожланиш тамойилларига оид масалаларни ҳал этишда зарурий материал бўлганлигидан далолат беради. Натижада қадимги туркий обидаларнинг немисча  таржималари ўзбек-немис адабий алоқаларини мустаҳкамланиши ва янада тараққий этиб боришига хизмат қилган;
Юсуф Хос Ҳожиб умуминсоний ва фалсафий-дидактик қарашларига Ғарб олимлари муносабатлари ва жаҳон таржимашунос олимларининг Марказий Осиё қадимги даврида яратилган асарларни ҳозирги замон тилларига ўгириш масаласига оид назарий тавсиялар Наманган вилояти телерадиокомпаниясининг 2017-2018 - йилларда вилоят ёш ижодкорлари, олимлари ҳамда халқаро дўстлигини тарғиб этувчи кўрсатув дастурлари сценариясини тайёрлашга асос бўлиб хизмат қилган (Наманган вилоят телерадиокомпаниясининг 2019 йил 31 январдаги 08-01-68-сон маълумотномаси). Натижада тадқиқот хулосалари кўрсатув сценариясининг янада самарали ёзилиши ҳамда унинг умумилмий, маънавий-маърифий мазмун билан бойитилиши, хусусан, ўзбек адабиётининг жаҳон адабий жараёнида ўзига хос ўрин тутишига оид илмий далилларга бой, оммабоп ва янада ишончли бўлишини таъминлашга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish