Sayt test rejimida ishlamoqda

Каримова Нилуфар Набижоновнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Туғруқда массив қон кетган аёлларнинг ҳаёт сифатини оширишга замонавий ёндашувлар», 14.00.01 – Акушерлик ва гинекология (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.4.DSc/Тib324.
Илмий маслаҳатчи: Аюпова Фарида Мирзаевна, тиббиёт фанлари доктори,профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат тиббиёт институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент педиатрия тиббиёт институти, DSc.04/30.12.2019.Tib.29.01.
Расмий оппонентлар: Каттаходжаева Махмуда Хамдамовна, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Алиева Дилфуза Абдуллаевна, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Ниязметов Рахматулла Эрматович, тиббиёт фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Н.И. Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети (Россия Федерацияси)
Диссертациянинг йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: туғруқда массив қон йўқотган аёлларнинг ҳаёт сифатини оширишга замонавий ёндашувларни ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор ҳомиладорларда плацента жойлашиш аномалиялари, бачадон атонияси, нормал жойлашган плацентанинг вақтидан олдин ажралиши, йирик ҳомила фонида обструктив туғруқ, оғир даражадаги преэклампсия ва қоғоноқ сувларининг эрта ажралишига боғлиқ массив акушерлик қон кетиши юзага келиши исботланган;
массив акушерлик қон кетиши кузатилган аёлларда тухумдон етишмовчилигининг келиб чиқиши тухумдонлар ҳажмининг катталашуви ва тухумдон артериясида қон айланишининг пасайиши, фолликулалар бўлмаслиги натижасида унинг эхогенлиги ва гормонал кўрсаткичларнинг пасайиши билан пропорционал боғлиқлиги аниқланган; 
массив акушерлик қон кетиши кузатилганда гистерэктомия қилинган аёлларда бачадони сақланган аёлларга нисбатан эстерогенлар ва антимюллер гормон миқдори пасайиши, фолликулостимулловчи ва лютеинловчи гипофизар гормонлар миқдорининг ортиши билан боғлиқ эндокрин ўзгаришлар юзага келиши аниқланган;
илк бор ҳомиладорларда эндотелиоцитлар фаолиятининг бузилиши билан боғлиқ гомоцистеин, эндотелин-1 ва Виллебранд омили кўрсаткичларининг юқори бўлиши туғруқда массив акушерлик қон кетиши юзага келишини башоратчи омиллар эканлиги исботланган;
илк бор туғруқдан сўнг массив қон кетиши кузатилган аёлларда ижтимоий фаоллик ва ҳаёт сифатининг ёмонлашуви репродуктив органнинг олиниши, депрессивликнинг ортиши, жинсий феъл-атворнинг ўзгариши ва хотира қобилиятининг пасайиши билан узвий боғлиқлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Туғруқда массив қон кетиши кузатилган аёллар ҳаёт сифатини оширишга қаратилган замонавий ёндашувларни ишлаб чиқиш бўйича тадқиқотнинг илмий натижалари асосида:
«Эрта туғруқдан кейинги даврда қон кетишини тўхтатиш ва асоратларни даволаш алгоритми» номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 22 июлдаги 8н-д/175-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома ҳомиладорларда эрта туғруқдан кейинги қон кетишини тўхтатиш ва кейинги даврда асоратларни эрта аниқлаш, касаллик кечишини башорат қилиш ва уни ўз вақтида даволаш чора-тадбирларини қўллашга хизмат қилган;
«Туғруқда массив қон йўқотишга учраган аёлларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш усуллари» номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 22 июлдаги 8н-д/175-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома туғруқда массив қон йўқотишга учраган аёллар ҳаёт сифатини баҳолаш ва уни яхшилаш йўлларини ишлаб чиқиш учун ҳомиладорларда махсус ижтимоий сўровномадан фойдаланишга хизмат қилган;
«Массив акушерлик қон кетишларни жарроҳлик тўхтатиш усули» номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 22 июлдаги 8н-д/175-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома ҳомиладорларда репродуктив органни сақлаб қолиш, массив акушерлик қон йўқотишни камайтириш ва тўхтатиш учун янги инновацион усулларни қўллашга хизмат қилган;
туғруқда массив қон кетиши кузатилган аёлларнинг ҳаёт сифатини оширишга қаратилган замонавий ёндашувларни ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш тизимига, жумладан, Бухоро шаҳар туғруқхонаси хамда Бухоро ва Ромитан туман тиббиёт бирлашмалари амалиётларига жорий этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 7 августдаги 8н-з/101-сон маълумотномаси). Жорий қилинган натижалар ҳомиладорларда массив акушерлик қон кетишининг олдини олиш, касаллик асоратларини камайтириш ҳисобига оналар ўлими кўрсаткичларини пасайтириш ҳамда уларнинг стационарда даволаниш муддатини қисқартириш билан тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини оширишга имкон яратган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish