Sayt test rejimida ishlamoqda

Сабиров Бахтиёр Тохтаевичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Ўзбекистон бентонит гиллари асосида рулонли гидроизоляцион материал ва керамик кошинлар олиш технологиялари», 02.00.13 – Ноорганик моддалар ва улар асосидаги материаллар технологияси, 02.00.15 – Силикат ва қийин эрувчан нометалл материаллар технологияси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.4.DSc/Т216.
Илмий маслаҳатчилар: Намазов Шафоат Сатторович, техника фанлари доктори, профессор, академик; Қодирова Зулайҳо Раимовна, кимё фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Умумий ва ноорганик кимё институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Умумий ва ноорганик кимё институти ҳузуридаги DSc.02/30.12.2019.K/T.35.01 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Эркаев Ахтам Улашевич, техника фанлари доктори, профессор; Реймов Ахмед Мамбеткаримович, техника фанлари доктори, профессор; Толипов Нигмат Хамидович, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Фарғона политехника институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистон бентонит гиллари асосида рулонли гидроизоляцион материал ва керамик кошинлар олиш технологияларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Ўзбекистон бентонит гили янги очилган конларининг кимё-минералогик таркиби, физик-кимёвий хоссалари, жумладан, илк бор таркибида ишқорий ер элементлари тутган Лоғон бентонитининг юқори ҳароратдаги физик-кимёвий жараёнлар, янги кристалл фазалар ҳосил бўлишлари, ҳамда уни модификациялаш усуллари аниқланган;
Лоғон бентонит гилининг монтмориллонит - гидрослюда шаклидаги полиминерал гиллар гуруҳига мансублиги амалда исботланган;
Лоғон ишқорий ер бентонитининг Na2CO3 билан модификациялаши натижасида паст қийматли (3,1∙10-10 см/сек) фильтрация коэффициентига эга бўлган гидроизоляцион материалларини олинган;
Лоғон бентонит гили асосидаги намуналарнинг гидроизоляцион хоссаларига монтмориллонит минералининг ва модификацияловчи қўшимчаларнинг таъсири, уларнинг мақбул миқдорлари аниқланган;
таркибида кам миқдорда монтмориллонит бўлган бентонит гили асосидаги куйдирилган намуналарнинг керамик-технологик хусусиятлари аниқланган;
Лоғон бентонити, Ёзёвон бархан қуми ва Aнгрен глиежи асосидаги иккиламчи ва учламчи системаларида 900–1450°C ҳарорат оралиғида қаттиқ фазали реакциялар натижасида янги структурали кристалл фазалар ҳосил бўлиши аниқланган;
Лоғон бентонити асосидаги иккиламчи ва учламчи системаларда компонентларнинг куйдириш жараёнидаги ўзаро таъсир механизмлари, кинетикаси, 1050–1145оС ҳарорат оралиғида (масс.%) 50,9–63,1 анорит; 24,9–36,8 кварц; 17,8 альбит ва 6,3–12,8 шпинель минералларининг кристалл фазалари ҳосил бўлиши аниқланган;
ишлаб чиқилган таркибдаги керамик материалларнинг физик-кимёвий, технологик ва эксплуатация хоссаларининг, уларнинг компонент таркибига ва термик ишлов бериш режимларига функционал боғлиқлиги аниқланган;
асосий компонент сифатида керамик омухталарга 20–25 масс.% миқдорида бентонит гили қўшилган янги таркиб намуналарини 1145оС ҳароратда тезлатилган усулда куйдиришнинг мақбул технологик параметрлари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Ўзбекистон бентонит гиллари асосида рулонли гидроизоляцион материал ва керамик кошинлар олиш технологияларини яратиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
“Узбент” рулонли гидроизоляцион материали учун техник шарт «Ўзстандарт» агентлиги томонидан тасдиқланган (ТSh 64-17806977-03:2010). Мазкур техник шарт ишлаб чиқаришда технологик жараённи ташкил этиш ва маҳсулот сифатини техник назоратини тартибга солиш имконини берган;
«Ўзбент» рулонли гидроизоляцион материали ишлаб чиқариш технологияси «ART GLOSS GALLERY» МЧЖда амалиётга жорий этилган («Ўзқурилишматериаллари» АЖнинг 2017 йил 29 декабрдаги ББ-01/03-5140-сон маълумотномаси). Натижада, маҳаллий хомашё асосида махсус сув иншоатлари қурилиши эҳтиёжлари учун янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришни ва қўшимча иш ўринларини ташкил этиш ҳисобига иқтисодий самара олиш имконини берган;
Лоғон бентонит гили асосида ва бошқа маҳаллий минерал компонентлардан фойдаланиб янги ишлаб чиқилган керамик массалар таркиблари «ART GLOSS GALLERY» МЧЖда амалиётга жорий этилган («Ўзқурилишматериаллари» АЖнинг  2017 йил 29 декабрдаги ББ-01/03-5140-сон маълумотномаси). Натижада, бентонит гилидан нафақат қовушқоқликни оширувчи қўшимча, балки юқори ҳароратда борадиган пишиш жараёнини жадаллаштирувчи асосий гилли хомашё сифатида фойдаланиш ва хомашёга сарфланадиган харажатларни камайтириш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish