Sayt test rejimida ishlamoqda

Маълумки, мамлакатимиз Президентининг 2019 йил 24 май куни Ўзбекистон миллий университетида таълим ва илм-фан соҳаси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувида бинар (иккиталик) ҳимоя тизими асосидаги диссертация ҳимояси амалиётини жорий қилиш вазифаси белгилаб берилган ва 2019 йилнинг 11 июлида “Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” (ПҚ-4391-сон) Президент қарори эълон қилинган эди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 февралдаги 74-сон “Бинар (иккиталик) ҳимоя тизими асосида талабгорларга фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларини беришни ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан 2020 йилнинг 6 март куни Ўзбекистон миллий университетида давра суҳбати ўтказилди. Мазкур давра суҳбатида университет профессор-ўқитувчилари, докторантлари ва мустақил изланувчилари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Олий аттестация комиссияси ходимлари иштирок этдилар.
Учрашувда бинар (иккиталик) ҳимоя тизими асосида талабгорларга илмий даражалар беришнинг инновацион хусусиятга эга тадқиқотларни ривожлантириш, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштириш, илмий натижаларни амалиётга тезкор жорий этишнинг самарали механизмларини йўлга қўйиш, ёшларнинг илмий фаолиятга қизиқишларини ошириш ва рағбатлантириш, шунингдек, жамият ҳаётида илмий фаолият нуфузини янада юксалтиришдаги  аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Давра суҳбати мутахассис ва олимлар билан ёш тадқиқотчилар ўртасида қизғин савол-жавоблар тарзида кечди.  

ОАК Ахборот хизмати

Yangiliklarga obuna bo‘lish