Докторлик диссертацияси ва диссертация авторефератларида кўчирмачилик (плагиат) ҳолатини аниқлашнинг электрон экспертизасини жорий этиш ҳақида


 

Докторлик диссертацияси ва диссертация авторефератларида

кўчирмачилик (плагиат)ҳолатини аниқлашнинг

электрон экспертизасини жорий этиш ҳақида

 

   Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 декабрдаги 365-сон «Олий ўқув юртидан кейинги таълим ҳамда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси тўғрисидаги низом»да белгиланган вазифалар, жумладан, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказишнинг барча босқичларида холисликни, шунингдек, фан доктори илмий даражасини олиш учун ҳимоя қилинган диссертацияларнинг давлат экспертизасининг сифатини таъминлаш юзасидан мақсадли тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада докторлик диссертациялари ва нашр ишларида кўчирмачилик (плагиат) ҳолатининг олдини олиш бўйича муайян тадбирлар амалга оширилди.

   Докторлик диссертациялари ва нашр  ишларида кўчирмачилик (плагиат)  ҳолатининг олдини олиш бўйича мутахассислар жалб қилинган ҳолда тегишли дастурий маҳсулотнинг ишлаб чиқилиши ташкил қилиниб, электрон экспертиза «Component» компьютер дастури ишлаб чиқилди ҳамда ҳимоя қилинган диссертацияларнинг электрон базаси тўлиқ инвентаризациядан ўтказилиб, унинг тўлдириб борилиши ташкил қилинди. Ишлаб чиқилган электрон экспертиза «Component» компьютер дастурини меъёрий-ҳуқуқий асосда аттестация жараёнига жорий қилиш мақсадида тегишли ҳужжатлар ўрнатилган тартибда ваколатли ташкилотга тақдим қилиниб, мазкур «Component» компьютер дастурига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг DGU 03666 рақамли гувоҳномаси олинди ва Ўзбекистон Республикаси  электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурлар давлат реестрида рўйхатдан ўтказилди (21.04.2016 й.).

   Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 декабрдаги 365-сон «Олий ўқув юртидан кейинги таълим ҳамда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси тўғрисидаги низом»нинг 6 ва 7-бандларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида  Ўзбекистон Республикаси ОАК Раёсатининг қарори билан (28.04.2016 й., №224/10):

   ҳимоя қилинган докторлик диссертациялари ва авторефератларида кўчирмачилик (плагиат) ҳолатини аниқлаш бўйича электрон экспертиза «Component» компьютер дастурини аттестация жарёнига 2016 йилнинг 1 майидан бошлаб жорий қилиниши белгиланди;

   жорий йилнинг май ойидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ОАК Раёсатига киритиладиган фан доктори илмий даражасида тасдиқлаш бўйича аттестация ишлари таркибида электрон экспертиза «Component» компьютер натижалари ҳақида маълумот бериб борилиши кўрсатилди.

   Ўзбекистон Республикаси ОАК Раёсатининг мазкур қарори билан, шунингдек, диссертациялар бажарилган муассасалар ва фан доктори илмий даражасини берувчи илмий кенгашлар томонидан электрон экспертиза «Component» компьютер дастури, шунингдек, шу йўналишда амалиётда фойдаланилаётган турдош дастурий маҳсулотлардан ўрнатилган тартибда фойдаланган ҳолда тегишли илмий-ташкилий тадбирларнинг амалга ошириш юклатилди ҳамда электрон экспертиза «Component» компьютер дастури бўйича аниқланган кўчирмачилик (плагиат) ҳолатлари «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Бюллетени» журналида чоп этилишини таъминлаш юзасидан тегишли кўрсатма берилди.

 

ОАК Котибияти,

ОАК Ахборот-тахлил бўлими

ОАК Мониторинг бўлими


Qaytish