OAK sayti » Yangiliklar » ОАК норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг услубий ва амалий жиҳатларига бағишланган семинарлар
 
27 sen 2013

ОАК норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг услубий ва амалий жиҳатларига бағишланган семинарлар

Kategoriya: Yangiliklar

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясида олий таълим муассасалари кенгашлари ва илмий-тадқиқот муассасалари илмий кенгашлари илмий котиблари учун ОАК норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг услубий ва амалий жиҳатларига бағишланган семинарлар ўтказилди

 

    Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар давлат аттестациясини амалдаги ОАК низомлари асосида  ташкил этишни таъминлаш мақсадида 2013 йилнинг 17, 18, 19 сентябрь кунлари аниқ фанлар, табиий фанлар ва  ижтимоий-гуманитар фанлар йўналишларида олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли масъул  ходимлари билан ишчи семинарлар ташкил этилди. Семинарларда ОАК раиси, ОАК Бош илмий котиби, Фан ва  технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ходимлари, Олий ва ўрта махсус таълим  вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасадди ходимлари, ОАКнинг  масъул ходимлари, олий таълим муассасалари кенгашлари ва илмий-тадқиқот муассасалари илмий кенгашлари  илмий котиблари ва қизиқиш билдирган тадқиқотчилар иштирок этдилар.

  Семинарларда 150 дан ортиқ иштирокчиларга ОАКнинг масъул ходимлари ОАКнинг тегишли низомлари талабларидан келиб чиққан ҳолда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимининг ўзига ҳос жиҳатлари, хусусан, фан доктори илмий даражасини олиш учун диссертация тадқиқотлари мавзуларини ОАКда рўйхатдан ўтказиш ва илмий унвон олиш учун шакллантириладиган аттестация иши ҳужжатлари юзасидан атрофлича маълумот бердилар.

   Семинар интерфаол усулда ташкил этилди, унда семинар қатнашчилари  ўзларини қизиқтирган саволларга ОАКнинг мутасадди ходимларидан жавоблар олдилар ва ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

  Келгусида Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар давлат аттестациясини амалдаги ОАК низомлари асосида ташкил этишни таъминлаш юзасидан бундай семинар учрашувларини ўтказиб туриш бўйича келишиб олинди.

 

Олий аттестация комиссияси