OAK sayti » Yangiliklar » ДИҚҚАТ, ТАНЛОВ! “ЖУРНАЛИСТИКА – ИЖОДИЙ ФАН”
 
09 sen 2013

ДИҚҚАТ, ТАНЛОВ! “ЖУРНАЛИСТИКА – ИЖОДИЙ ФАН”

Kategoriya: Yangiliklar

   Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ва Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси ҳамкорликда журналистика ва ахборот соҳаларида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг илмий асосларини янада такомиллаштириш, юксак савияда илмий-амалий фаолият кўрсатаётган мутахассисларни рағбатлантириш, соҳанинг назарий ва амалий йўналишларини ривожлантириш, журналистлар ва талабаларда илмий ва ижодий салоҳиятни шакллантириш ҳамда соҳа кадрларининг малакаси ва маҳоратини ошириш мақсадида “Журналистика – ижодий фан” танловини ўтказади.

 

   Мазкур танлов йўналишлари қуйидагича:

-   журналистика ва ахборот соҳаларининг фундаментал ва илмий-амалий асосларини ривожлантириш бўйича энг яхши илмий тадқиқот иши;

-   журналистика соҳасида тайёрланган энг яхши илмий асар, ўқув-услубий адабиёт ва илмий-амалий-таҳлилий мақола ҳамда соҳанинг амалий-ижодий йўналишлари бўйича материал;

-   ОАВ учун кадрлар тайёрлаш ва журналистларнинг малакасини оширишда салмоқли ютуқларга эришган намунали маҳорат мактаби, ижодий марказ ва ўқув лаборатория раҳбари;

-   журналистика ва ахборот соҳалари бўйича энг яхши магистрлик иши муаллифи ва илмий раҳбари.

 

   Танловга журналистика ва ахборот соҳаларида 2012-2013 йилларда нашр этилган илмий асарлар, ўқув-услубий адабиётлар, илмий-таҳлилий мақолалар, магистрлик диссертациялари ва бошқа тегишли материаллар 2013 йилнинг 1 ноябригача  ташкилий  қўмита  томонидан  ҳар  хафта чоршанба  куни  соат  15-00дан 18-00гача қабул қилинади.

 

  Танловга тегишли ташкилотлар томонидан тавсия этилган ишлар йўлланма хати билан қуйидаги ҳужжатлар илова қилинган ҳолда тақдим этилади (йўлланма хатда муаллифлар ва уларнинг ижодий фаолияти тўғрисида ҳам маълумот берилиши лозим):

-   танловда кўриб чиқиш учун тавсия этилаётган материал(лар);

-   муаллиф(лар) ва у(лар)нинг илмий раҳбар(лар)и паспорт нусхаси.

 

  Танлов ғолиблари ва совриндорларини тақдирлаш Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 21 йиллиги арафасида амалга оширилиб, уларнинг рўйхати матбуотда эълон қилинади.

Танловга тақдим этилаётган ишлар “Журналистика – ижодий фан” танловига деб кўрсатилган ҳолда қуйидаги манзилга топширилиши лозим:

100047, Тошкент ш., Я.Ғуломов кўчаси, 70-уй, 5-хона. Тел.: 233-79-23, 236-29-70.