OAK sayti » Meyoriy-texnik hujjatlar » Малакавий имтиҳонларни ташкил этиш сифатини янада ошириш тўғрисида
 
01 mart 2016

Малакавий имтиҳонларни ташкил этиш сифатини янада ошириш тўғрисида

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҲУЗУРИДАГИ

ОЛИЙ АТТЕСТАЦИЯ КОМИССИЯСИ

__________________________________________________________________

РАЁСАТ ҚАРОРИ

 

        Тошкент ш.

                   № 222/4

2016 йил 27 февраль

 

 

Малакавий имтиҳонларни ташкил этиш сифатини

янада ошириш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 24 июлдаги ПФ–4456-сон «Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 декабрдаги 365-сон «Олий ўқув юртидан кейинги таълим ҳамда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан дастурий чора-тадбирлар амалга оширилиб, жумладан, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар давлат аттестациясига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг янги таҳрири ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди.

Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ҳамда уларни аттестациядан ўтказиш сифати ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг бир босқичли тизими шароитида орттирилган тажриба асосида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиб борилмоқда. Малакавий имтиҳонларни ташкил этиш сифатини ошириш, уларни қабул қилиш ҳуқуқи берилган муассасалар тизимини такомиллаштириш ва имтиҳонларни қабул қилиш комиссиялари таркибини мустаҳкамлаш юзасидан «Малакавий имтиҳонларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом»нинг янги таҳрири ишлаб чиқилиб, ОАК Раёсатининг қарори билан тасдиқланди ва Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 24 июлдаги ПФ–4456-сон «Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 декабрдаги 365-сон «Олий ўқув юртидан кейинги таълим ҳамда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида

 

Ўзбекистон Республикаси ОАК Раёсати қарор қилади:

 

1. Ўзбекистон Республикаси ОАК «Малакавий имтиҳонларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом»нинг янги таҳрири тасдиқлангани ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилганини эътиборга олган ҳолда, ОАК «Малакавий имтиҳонларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом»ининг янги таҳририни амалиётга жорий қилиш юзасидан тегишли олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан зарур чора-тадбирларни амалга оширишни ташкил этсин.

2. Ўзбекистон Республикаси ОАК Раёсатининг тегишли қарорлари билан малакавий имтиҳонларни қабул қилиш ҳуқуқи берилган қуйидаги муассасалар маълумот учун қабул қилинсин:

«Мустақиллик мафкураси ҳамда демократик жамият қуришнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маънавий негизлари ва илмий асослари» фани бўйича: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Самарқанд давлат университети, Қорақалпоқ давлат университети, Наманган давлат университети, Ўзбекистон Миллий университети;

«Ўзбекистоннинг энг янги тарихи» фани бўйича:Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи илмий-методик марказ, Наманган давлат университети; Самарқанд давлат университети, Қорақалпоқ давлат университети;

«Чет тили» фани бўйича: Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон Миллий университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Андижон давлат университети, Самарқанд давлат чет тиллар институти, Қорақалпоқ давлат университети;

ихтисосликлар бўйича: фан доктори илмий даражасини берувчи илмий кенгашлар фаолият кўрсатаётган муассасалар.

3. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи илмий-методик марказ, Ўзбекистон Миллий университети ва манфаатдор олий таълим муассасалари билан биргаликда 2016 йилнинг 20 апрелигача «Мустақиллик мафкураси ҳамда демократик жамият қуришнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маънавий негизлари ва илмий асослари» фани бўйича малакавий имтиҳон дастурининг янги таҳрири лойиҳасини ишлаб чиқишни ташкил этсин.

4. Ихтисослик бўйича малакавий имтиҳонларни қабул қилиш ҳуқуқи берилган муассасалар тегишли ихтисосликнинг хусусиятини эътиборга олган ҳолда ихтисослик бўйича малакавий имтиҳонлар дастурларига математик моделлаштириш ва математик статистика асосларининг тегишли масалаларини киритиш ҳамда 2016 йилнинг май ойи малакавий имтиҳонлар сессиясидан бошлаб ихтисослик бўйича саволлар таркибида математик моделлаштириш ва математик статистика асосларидан тегишли саволлар билан қабул қилишни ташкил этсинлар.

5. Малакавий имтиҳонларни қабул қилиш ҳуқуқи берилган муассасалар малакавий имтиҳонларни қабул қилиш комиссиялари таркибини «Малакавий имтиҳонларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом»нинг янги таҳрири талаблари асосида қайта кўриб чиқиш ва келишилган ҳолда тасдиқлашни ташкил қилишни таъминласинлар.

 

 

 

               Раис

А.Т.Юсупов

 

               Бош илмий котиб

А.Д.Даминов