OAK sayti » Meyoriy-texnik hujjatlar » Олий аттестация комиссиясида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида низом
 
02 iyul 2015

Олий аттестация комиссиясида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида низом

Ўзбекистон Республикаси ОАК бўйича

2015 йил 1 июлдаги  49-сонли буйруққа

1-ИЛОВА

 

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Олий аттестация комиссиясида жисмоний ва юридик шахсларнинг

мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида низом

 

 

I. Умумий қоидалар

 

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясида (кейинги ўринларда Ўзбекистон Республикаси ОАК деб юритилади) жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисида низом (кейинги ўринларда Низом деб юритилади) «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни (кейинги ўринларда Қонун деб аталади) ва Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 31 мартдаги 73-сон қарори билан тасдиқланган «Давлат органлари ва давлат муассасаларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги Намунавий низом» (кейинги ўринларда Намунавий низом деб юритилади) асосида ишлаб чиқилган.

2. Низом Ўзбекистон Республикаси ОАКда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари (кейинги ўринларда мурожаат деб аталади) билан ишлаш тартибини белгилайди.

3. Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатларнинг жисмоний ва юридик шахслари, фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси ОАКга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

4. Ушбу Низомнинг амал қилиши:

кўриб чиқиш тартиби маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, хўжалик процессуал қонун ҳужжатлари ва бошқа қонунлар билан белгиланган мурожаатларга;

Ўзбекистон Республикаси ОАКнинг идоравий ёзишмаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

5. Мурожаатлар оғзаки ёки ёзма ёхуд электрон шаклда берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ОАКнинг «ишонч телефони»га келиб тушган мурожаатлар оғзаки мурожаат сифатида, расмий веб-сайти орқали ёки расмий электрон почта манзилига келиб тушган мурожаатлар электрон мурожаатлар тарзида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (Ҳукумат портали) орқали келиб тушган мурожаатлар электрон мурожаатлар тарзида қайд этилади ва белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

6. Мурожаатлар аризалар, таклифлар ва шикоятлар тарзида бўлиши мумкин.

Жисмоний ва юридик шахслар якка тартибда ёки жамоа бўлиб мурожаат этишлари мумкин.

7. Мурожаатлар давлат тилида ва бошқа тилларда берилиши мумкин.

8. Мазкур Низомда келтирилмаган ҳолатлар Қонун ва Намунавий низом асосида тартибга солинади.

 

II. Мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби

9. Ўзбекистон Республикаси ОАКда мурожаатларни қабул қилиш, рўйхатга олиш ва кўриб чиқиш учун юбориш, шунингдек, унинг кўриб чиқилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси ОАКнинг мурожаатлар билан ишлаш учун масъул ходими (кейинги ўринларда мурожаатлар билан ишлашга масъул ходим деб аталади) томонидан амалга оширилади.

10. Электрон мурожаатлар тушган кунида қоғозга босиб чиқарилиши, иш вақти тамом бўлгандан кейин тушган тақдирда эса навбатдаги иш кунида қоғозга босиб чиқарилиши керак.

11. Ёзма ва электрон (қоғозга босиб чиқарилган) мурожаатлар мурожаатларни рўйхатга олиш журналига тегишли ёзувларни киритиш, ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шакл бўйича ҳисобга олиш карточкасини тўлдириш ва мурожаатнинг биринчи саҳифаси қуйи ўнг қисмида рўйхатга олиш штампини қўйиш йўли билан мурожаатлар билан ишловчи масъул ходим томонидан рўйхатга олинади.

Мурожаатларни рўйхатга олиш журналида мурожаатнинг тартиб рақами, мурожаат қилган жисмоний шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, унинг яшаш жойи, юридик шахснинг номи, унинг манзили, мурожаатнинг қисқача мазмуни, мурожаат қабул қилинган сана, дубликат ёки мурожаатларнинг такрорийлиги, назоратга олинган тўғрисидаги белги, ижрочи этиб белгиланган Ўзбекистон Республикаси ОАК таркибий бўлинмаси номи, сана кўрсатилган ҳолда ижро этиш тўғрисидаги белги кўрсатилади.

Қайд этиш штампида Ўзбекистон Республикаси ОАКнинг расмий номи, мурожаатнинг келиб тушган санаси ва қайд рақами кўрсатилади.

Мурожаатларнинг тартиб рақамлари ҳар йил бошидан янгидан ҳисобланади.

12. Мурожаат почта орқали конвертда келиб тушганда конвертда мурожаат ва унинг иловалари борлиги текширилади.

Конвертда мурожаатнинг мавжуд эмаслиги ёки унинг яроқсизланган, шунингдек, мурожаатда кўрсатилган иловаларнинг йўқлиги аниқланганда икки нусхада далолатнома тузилади, улардан бири мурожаатлар билан ишлашга масъул ходимда қолади, иккинчиси мурожаат қилувчига конвертда кўрсатилган манзил бўйича жўнатилади.

Келиб тушган мурожаатлар конвертлари мурожаат этувчининг манзилини, мурожаатнинг жўнатилган ва олинган вақтини аниқлаш учун сақлаб қолиниши мумкин.

13. Оғзаки мурожаатлар билан келган жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари мурожаатлар билан ишлашга масъул ходим томонидан қабул қилинади.

Мурожаат қилувчининг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатлар текширилгандан кейин ҳисобга олиш карточкаси тўлдирилади. Ҳисобга олиш карточкаси оғзаки мурожаат сифатида рўйхатга олинади.

14. Жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари давлат органига оғзаки мурожаат этишганда улар томонидан тақдим қилинган ёзма мурожаатлар ҳамда бошқа материаллар қабул қилиниши ва ушбу Низомнинг 13-бандига мувофиқ тўлдирилган ҳисобга олиш карточкасига илова қилиниши керак.

15. Рўйхатга олинган мурожаатлар келиб тушган пайтидан бошлаб бир иш кунидан кечикмай Ўзбекистон Республикаси ОАК раисига киритилади, у бош илмий котиб, таркибий бўлинма раҳбари ва масъул ижрочини белгилаган ҳолда мурожаатни кўриб чиқиш бўйича резолюцияни (топшириқномани) қўяди.

16. Резолюция (топшириқнома) қўйилган пайтдан бошлаб бир иш куни мобайнида мурожаатлар билан ишлашга масъул ходим мурожаатни тегишли масъул ходимларга имзо қўйдирган ҳолда беради.

17. Қўйилган масалаларни ҳал этиш Ўзбекистон Республикаси ОАКнинг ваколати доирасига кирмайдиган келиб тушган мурожаатлар беш кун муддатдан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси ОАК раиси томонидан имзоланган хат билан тегишли органларга юборилади, бу ҳақда мурожаат қилувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилинади.

Мурожаатни кўриб чиқиш учун асоссиз равишда бошқа давлат органларига ўтказиш ёхуд қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган органларга ёки мансабдор шахсларга юбориш тақиқланади.

Агар мурожаатларда уларни тегишли органларга юбориш учун зарур бўлган маълумотлар мавжуд бўлмаса, у ҳолда улар беш кун муддатдан кечиктирмай асослантирилган тушунтириш билан мурожаат қилувчиларга қайтарилади.

18. Агар мурожаатда бир нечта таркибий бўлинмага тегишли масалалар мавжуд бўлса, уларнинг барчаси мурожаатни кўриб чиқиш бўйича ижро этувчилар этиб белгиланади. Ижро этувчилар орасида биринчи бўлиб кўрсатилган таркибий бўлинма бошқа таркибий бўлинмалар билан биргаликда мурожаат кўриб чиқилишини таъминлайди.

19. Мурожаатни тўлиқ, холис ва ўз вақтида кўриб чиқиш учун қўшимча маълумотлар, маълумотномалар ва материалларга зарурат юзага келган тақдирда белгиланган тартибда бошқа давлат органларидан қўшимча ахборотни сўраб олиши мумкин.

20. Агар мурожаатда жойнинг ўзида ўрганишни талаб этувчи ҳолат баён қилинган бўлса, шунингдек, бошқа зарур ҳолларда мурожаатни жойнинг ўзида кўриб чиқишни таъминлаши мумкин. Мурожаатни жойнинг ўзида кўриб чиқиш Ўзбекистон Республикаси ОАК раисининг топшириғи ёки унинг розилиги билан амалга оширилади.

21. Зарур ҳолларда мурожаатларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси ОАК  томонидан тегишли мутахассислар жалб этилиши мумкин.

22. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси ОАК  томонидан тегишли қарор қабул қилинади, бу ҳақда дарҳол ёзма ёхуд электрон шаклда мурожаат қилувчига хабар берилади.

Мурожаатни қониқтирмасдан қолдириш тўғрисидаги қарорни Ўзбекистон Республикаси ОАК  раиси қабул қилади.

Мурожаатга жавоб хатида мурожаатда кўрсатилган ҳар бир масала бўйича важларни рад этувчи ёки тасдиқловчи аниқ асослар (заруратга қараб қонун ҳужжатлари нормаларига ҳаволалар қилинган ҳолда) бўлиши керак.

23. Мурожаатга жавоб хати Ўзбекистон Республикаси ОАК раис томонидан имзоланади.

Мурожаатларга жавоб хати, мумкин қадар, мурожаат этилган тилда баён қилинади.

24. Оралиқ жавоблар берилган ва тўлиқ кўриб чиқилмаган мурожаатлар ижродан ёки назоратдан олинмайди.

25. Агар мурожаатни кўриб чиқиш жараёнида мурожаатнинг дубликати келиб тушса, ушбу мурожаат аввал тушган мурожаат билан биргаликда кўриб чиқилади ҳамда натижаси бўйича ягона жавоб берилади.

Агар мурожаатнинг дубликати мурожаат кўриб чиқилган ва жавоб юборилгандан кейин келиб тушса, у ҳолда давлат органи мурожаат қилувчини бу ҳақда ёзма равишда хабардор қилади.

26. Назоратга олинган мурожаат ушбу мурожаатни назоратга олган раҳбар (Ўзбекистон Республикаси ОАК раиси ёки бош илмий котиби) томонидан назоратдан ва ижродан олинади.

27. Юқори давлат органининг назоратида турган мурожаатлар бўйича мурожаатни кўриб чиқишда мурожаат қилувчига юборилган жавоб хатининг нусхасини илова қилган ҳолда мурожаатни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида юқори давлат органига ёзма шаклда хабар беради.

28. Жисмоний ва юридик шахслар ўз мурожаатларини улар кўриб чиқилгунга қадар ва кўриб чиқилаётган вақтда мурожаат юзасидан қарор қабул қилингунга қадар ёзма ёхуд электрон шаклда ариза бериш йўли билан қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Бундай ариза тушган тақдирда мурожаатни кўриб чиқиш тўхтатилади ва уч кун мобайнида мурожаат Ўзбекистон Республикаси ОАКнинг хати билан мурожаат қилувчига қайтарилади.

Мурожаатни қайтариб олиш тўғрисидаги ариза Ўзбекистон Республикаси ОАК  томонидан қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар кўрилишини истисно этмайди.

29. Кўриб чиқилган мурожаатларни ва улар билан боғлиқ материалларни сақлаш белгиланган тартибда амалга оширилади.

30.  Мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари Қонунда белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши шарт.

 

III. Мурожаатларни кўрмай қолдириш

31. Қуйидаги мурожаатлар кўриб чиқилмайди:

аноним мурожаатлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар, уларнинг ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда;

қонунда белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаган мурожаатлар.

32. Мурожаатни аноним деб эътироф этиш мурожаатни кўриб чиқувчи таркибий бўлинма томонидан амалга оширилади.

Мурожаат аноним деб эътироф этилганда бу ҳақда хулоса тузилади. Хулосада мурожаатни аноним деб эътироф этиш учун асослар кўрсатилади. Мурожаатни аноним деб эътироф этиш тўғрисидаги хулоса мурожаатлар билан ишловчи бўлинма раҳбари томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси ОАК «ишонч телефони»га тушган мурожаатлар Қонунда ва ушбу Низомда назарда тутилган тартибда аноним деб эътироф этилиши мумкин.

Аноним деб эътироф этилган мурожаатлар хулоса тасдиқланган пайтдан бошлаб назоратдан ёки ижродан олинади.

33. Жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари орқали берилган мурожаатлар келиб тушганда, мурожаатлар билан ишлашга масъул ходим  уларнинг ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжудлигини текширади.

Агар мурожаатда жисмоний ва юридик шахс вакилининг ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, бу ҳақда мурожаатлар билан ишлашга масъул ходим томонидан тасдиқланадиган хулоса тузилади.

Жисмоний ва юридик шахс вакилининг ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатлар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулоса тасдиқланган пайтдан бошлаб ушбу мурожаат кўриб чиқилмайди, бу ҳақда мурожаат қилувчи ёзма равишда хабардор қилинади.

 

IV. Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилишни ташкил этиш

34. Ўзбекистон Республикаси ОАКда белгиланган кунлар ва соатларда жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш ташкил этилади.

Жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг юридик вакилларини қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси ОАК раиси ва бош илмий котиби ҳамда бошқа ваколатли шахс томонидан амалга оширилади.

Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда уларнинг вакилларини қабул қилиш учун алоҳида хона ажратилади.

35. Қабул қилиш жадваллари ва уни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тартиби тўғрисидаги ахборот, шунингдек қабул қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси ОАК веб-сайтда эълон қилиш, шунингдек унинг маъмурий биносида ҳамма кириши мумкин бўлган жойлардаги стендларга ёки бошқа техник воситаларга жойлаштириш орқали манфаатдор шахслар эътиборига етказилади.

Жисмоний шахс оғзаки мурожаат этаётганда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, юридик шахснинг вакили эса ўз ваколатларини тасдиқлайдиган ҳужжатни, шунингдек, ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатиши керак.

36. Мурожаатлар билан ишлашга масъул ходим келган жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилишни, шунингдек, жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш билан боғлиқ ишларни ташкил этади.

37. Ўзбекистон Республикаси ОАКда жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш мурожаатлар билан ишлашга масъул ходим ва тегишли ходимлар иштирокида амалга оширилади.

38. Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилувчи раҳбар ёки ваколатли шахснинг кўрсатмаси бўйича Ўзбекистон Республикаси ОАКнинг бошқа ходимлари ҳам қабул қилиш жараёнига жалб этилиши мумкин.

39. Агар жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини шахсан қабул қилиш пайтида мурожаатда баён қилинган масалаларни ҳал этиш Ўзбекистон Республикаси ОАКнинг ваколатига кирмаслиги аниқланган тақдирда, уларга мурожаатда баён қилинган масалаларни ҳал этиш учун қайси органга ёки ташкилотга мурожаат қилиш кераклиги тушунтирилади. Бунда жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг талаби билан бу ҳақда ёзма шаклда жавоб берилади.

40. Ўзбекистон Республикаси ОАК раиси ёки бош илмий котиби томонидан сайёр шахсий қабуллар ташкил этилиши мумкин.

41. Сайёр шахсий қабуллар вақтида мурожаатлар билан ишлашга масъул ходим, бошқа масъул ходимлар ва мутахассислар иштирок этиши мумкин.

42. Сайёр шахсий қабуллар Ўзбекистон Республикаси ОАК раиси томонидан тасдиқланадиган жадвалга мувофиқ ўтказилади.

Зарур ҳолларда жадвалда назарда тутилмаган сайёр шахсий қабуллар ўтказилиши мумкин.

43. Сайёр шахсий қабулларни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тартиби тўғрисидаги ахборот ушбу Низомнинг 35-бандида белгиланган тартибда манфаатдор шахслар эътиборига етказилади, шунингдек маҳаллий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

44. Жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларининг сайёр шахсий қабуллар вақтида берилган оғзаки мурожаатлари ушбу Низомнинг 13-бандига мувофиқ расмийлаштирилади ва рўйхатга олинади ҳамда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

 

V. Мурожаатларни кўриб чиқишда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва Ўзбекистон Республикаси ОАКнинг мажбуриятлари

45. Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларни кўриб чиқишда тегишли қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳуқуқлардан фойдаланадилар.

46. Ўзбекистон Республикаси ОАКнинг мурожаатни кўриб чиқувчи мансабдор шахслари ёки бошқа ваколатли шахслари:

жисмоний ва юридик шахсга уларнинг ҳуқуқларига, эркинликларига ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан, агар уларда давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларни ташкил этувчи маълумотлар мавжуд бўлмаса, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларига, эркинликларига ҳамда қонуний манфаатларига, жамият ва давлат манфаатларига зарар етказмаса, танишиб чиқиш имкониятини таъминлаши;

мурожаатни кўриб чиқиш натижалари юзасидан қабул қилинган қарорнинг ижросини назорат қилиши, шунингдек агар жисмоний ёки юридик шахсга унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилиши натижасида моддий зарар ёки маънавий зиён етказилган бўлса, қонунда белгиланган тартибда моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ёки маънавий зиённи компенсация қилиш бўйича чора-тадбирлар кўриши;

мурожаат этувчига кўриб чиқиш натижалари ҳамда қабул қилинган қарор ҳақида мурожаат кўриб чиқилганидан сўнг зудлик билан ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилиши шарт;

агар жисмоний ёки юридик шахс қарорга рози бўлмаса, унинг юзасидан шикоят бериш тартибини тушунтириши шарт.

 

 

 

VI. Мурожаатлар кўриб чиқилишини назорат қилиш.
Мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш

 

47. Мурожаатлар билан ишлашга масъул ходим мурожаатлар кўриб чиқилишини доимий назорат қилади ва унинг мониторингини олиб боради, уларнинг ўз вақтида ва зарур тарзда кўриб чиқилишини таъминлаш чора-тадбирларини кўради.

Мурожаатлар билан ишлашга масъул ходим мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари ва тартиби таркибий бўлинмалар томонидан бузилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси ОАК раисини дарҳол хабардор қилади.

Мурожаатлар билан ишлашга масъул ходим мониторинг натижалари бўйича ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси ОАК раисига мурожаатлар кўриб чиқилишининг ҳолати тўғрисидаги ахборотни, зарурат бўлганда, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўйган ходимларга нисбатан жавобгарлик чораларини кўриш юзасидан тегишли таклифлар билан биргаликда тақдим этади.

48. Ўзбекистон Республикаси ОАК жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек жамият ва давлатнинг манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида ҳар чоракда мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилишни таъминлайди.

Таҳлил натижалари бўйича мурожаатлар билан ишлашга масъул ходим Ўзбекистон Республикаси ОАК раисига мурожаатларни кўриб чиқишнинг қонунийлигини таъминлаш ва самарадорлигини ошириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек жамият ва давлатнинг манфаатлари бузилишини келтириб чиқарувчи сабабларни бартараф этиш, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади.

 

VII. Мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари ва

тартиби бузилгани учун жавобгарлик

49. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишни қонунга хилоф равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид қарор қабул қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, мурожаат муносабати билан қабул қилинган қарорнинг бажарилишини таъминламаганлик, жисмоний шахсларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги ёхуд юридик шахсларнинг фаолияти тўғрисидаги маълумотларни уларнинг розилигисиз ошкор этиш, жисмоний ва юридик шахсни мурожаат қилгани муносабати билан ёхуд билдирилган фикри ва мурожаатидаги танқид учун таъқиб қилиш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бошқача тарзда бузиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

50. Қонун ва ушбу Низом талабларига риоя этишни таъминлаш учун жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси ОАК раиси ва тегишли равишда бош илмий котиб, бўлим бошлиғи, мурожаатлар билан ишлашга масъул ходим ва тегишли ижрочи масъул ходимга юкланади.

 

Юклаб олиш: OAK-Nizom.pdf [167,75 Kb] (yuklashlar soni: 30)