OAK sayti » Meyoriy-texnik hujjatlar » Диссертация ҳимояси ҳақидаги маълумотларни ОАК веб-сайти ва «ОАК Бюллетени»да эълон қилиш ТАРТИБИ
 
02 iyul 2018

Диссертация ҳимояси ҳақидаги маълумотларни ОАК веб-сайти ва «ОАК Бюллетени»да эълон қилиш ТАРТИБИ

Ўзбекистон Республикаси ОАК

Раёсатининг 2017 йил 27 июндаги

240/11.3-сон қарори билан тасдиқланган

 

 

Диссертация ҳимояси ҳақидаги маълумотларни

ОАК веб-сайти ва «ОАК Бюллетени»да эълон қилиш

ТАРТИБИ

 

1. Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси (бундан буён ОАК деб аталади) веб-сайти ва «ОАК Бюллетени»да диссертация ҳимояси ҳақидаги маълумотларни эълон (бундан буён материал деб аталади) қилиш тартиби (бундан буён Тартиб деб аталади) Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 февралдаги ПФ-4958-сон «Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони, 2012 йил 21 мартдаги ПҚ-1730-сон «Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 22 ноябрдаги 256-сон «Ахборотлаштириш соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш тўғрисида»ги, 2012 йил 28 декабрдаги 365-сон «Олий ўқув юртидан кейинги таълим ҳамда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2017 йил 22 майдаги 304-сон «Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорларига ва ОАКнинг тегишли низомларига мувофиқ ишлаб чиқилган.

2. Материални эълон қилишдан мақсад – аттестация органлари фаолиятида шаффофлик ва ошкораликни таъминлаш ҳамда илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар (матн давомида – ИК деб юритилади) томонидан ҳимоя учун қабул қилинган диссертацияларнинг мақсади, илмий янгилиги ва тадқиқотда олинган натижаларнинг амалиётга жорий этилиши бўйича маълумотлар билан кенг илмий жамоатчиликни таништиришдан иборат.

3. Мазкур Тартиб материални ОАК веб-сайти ва «ОАК Бюллетени»да эълон қилиш тартиб-қоидаларини белгилайди.

4. Маълумотларнинг ОАК веб-сайти ва «ОАК Бюллетени»да эълон қилиниши ҳимоя қилинаётган диссертацияларнинг илмий янгиликлари ва бошқа натижалари ОАК томонидан тан олинганлигини ёки диссертацияга ижобий хулоса берилганлигини англатмайди.

5. Диссертацияни ҳимояга қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг ва диссертация автореферати чоп этилишидан олдин ИК материални ОАK веб-сайтида эълон қилиш учун ОАКга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) илмий даражалар берувчи илмий кенгаш раиси имзолаган йўлланма хат;

б) талабгор тўғрисидаги объектив-маълумотнома ва унинг электрон шакли ёзилган СD-диск;

в) диссертация ҳимояси ҳақида эълон матни ва унинг электрон шакли ёзилган СD-диск;

г) диссертация илмий натижаларининг амалиётга жорий этилгани тўғрисида берилган ҳужжатларнинг нусхалари;

д) диссертация авторефератининг қўлёзмаси ҳамда диссертация ва авторефератнинг электрон шакли ёзилган СD-диск.

6. ИК раиси, илмий котиби, илмий раҳбар, маслаҳатчи ва талабгор ОАКга тақдим этилган ҳужжатларнинг ОАК талаблари асосида расмийлаштирилганлиги ҳамда уларнинг объективлиги ва асосланганлигига масъулдирлар.

7. Материаллар тақдим этилган кундан бошлаб 15 кун ичида ОАКда меъёрий-техник экспертизадан[1] ўтказилади. Унинг натижасига кўра ОАК Тартиб-қоида комиссияси қарори билан материал веб-сайтга жойлаштирилади ёки камчиликлар аниқланган тақдирда ИКга ёзма равишда маълум қилинади.

8. Мониторинг бўлими ходими материални қабул қилиб, расмийлаштиради ва уларни қабул қилиб олгани тўғрисида ИК илмий котибига тегишли корешокни беради ҳамда раҳбарият кўрсатмаси асосида материални қабул қилиб олинган кундан бошлаб 1 кунлик муддатда уни тегишли бош инспекторга топширади.

9. Бош инспектор 3 кунгача бўлган муддатда материални меъёрий-техник экспертизадан ўтказиб, ижобий хулосасига кўра диссертация ва авторефератнинг электрон шаклини “ОАКда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш маркази” ДУК (бундан буён Марказ деб аталади) раҳбарига топширади.

10. Марказ раҳбари 3 кунгача бўлган муддатда ОАКда шаклланган диссертация ва авторефератлар базаси ҳамда интернетдаги очиқ манбалардаги маълумотлар (диссертация, автореферат, монография ва б.) асосида изланувчиларнинг диссертациялари ва авторефератларида кўчирмачилик (плагиат)ни аниқлаш учун  “Component” компьютер дастуридан фойдаланган ҳолда электрон экспертизасини ўтказиш ва натижаси бўйича тегишли расмий хулосани беришни ташкил қилади ҳамда уларни бош инспекторга топширади.

11. Бош инспектор материални Марказ раҳбаридан қабул қилиб олган кундан бошлаб 1 кунлик муддатда ОАК Тартиб-қоида комиссиясига киритиб:

хулосалар асосида маълумот беради;

материални веб-сайтда эълон қилиш (қилмаслик) юзасидан таклиф киритади;

ОАК веб-сайтига қўйиладиган эълон матни тўғрисида ахборот беради.

12. ОАК Тартиб-қоида комиссияси материални веб-сайтда эълон қилиш бўйича ижобий ёки салбий қарор қабул қилади.

13. Материал бўйича ОАК Тартиб-қоида комиссиясининг қарори:

ижобий бўлганда: материал 1 кунлик муддатда ОАК веб-сайтига жойлаштирилади (ОАК веб-сайтига қўйиладиган эълон матнига  қуйидагилар имзо қўяди а) бош инспектор; б) мониторинг бўлими бош мутахассиси; в) “ОАК Бюллетени” муҳаррири (таҳрир учун); г) Марказ раҳбари; д) веб-сайт администратори (материал веб-сайтга қўйилгандан кейин);

салбий бўлганда: тегишли маълумот бош инспектор томонидан шу куни ҳузурида ИК фаолият кўрсатаётган муассаса электрон манзилига юборилади ва 2 иш куни ичида жавоб хатининг қоғоз нусхаси ИКга етказилади.

Агарда диссертация ва авторефератда кўчирмачилик (плагиат) ҳолати аниқланган тақдирда, экспертиза хулосаси ИКга етказилади ва ИК томонидан 3 кун ичида тегишли тушунтириш берилади. Кўчирмачилик (плагиат) ҳолати тасдиқланган ҳолларда “Илмий даражалар берувчи илмий кенгаш тўғрисидаги низом” талаблари асосида тегишли ишлар амалга оширилади. Масала мунозарали бўлганда ОАК бўйича буйруқ билан комиссия тузилиб, унинг хулосаси асосида тегишли ишлар амалга оширилади.

14. Зарур ҳолларда бош инспектор ва Марказ раҳбари ўзларига юклатилган вазифани бажариш муддатини раҳбарият розилиги билан 1 кунга узайтириши мумкин.

15. ОАК веб-сайти администратори эълон матнини бош инспектордан қабул қилиб олган куни веб-сайтга жойлаштиради.

16. ОАК веб-сайтига жойлаштирилган материалларни “ОАК Бюллетени”нинг навбатдаги сонларида эълон қилиш жараёни мазкур журнал масъул муҳаррири томонидан ташкил қилинади.

17. Ушбу Тартиб ОАК ички меъёрий ҳужжати бўлиб, барча масъул ходимлар унга риоя қилиши шарт. Белгиланган тартиб-қоидага риоя қилмаган масъул ходимларга нисбатан амалдаги қонунчиликка мувофиқ тегишли чоралар кўрилади.



[1]  Меъёрий-техник экспертиза – тегишли талаблар ва аттестация тадбирларининг тўлиқ бажарилиши (малакавий имтиҳонларнинг топширилгани ва уларнинг амал қилиш муддатлари, нашр ишлари ва уларнинг рўйхатда мавжудлиги, конференция материаллари, диссертация ва авторефератларни расмийлаштириш қоидаларига риоя қилингани ва б.) ҳамда таалуқли ҳужжатларни расмийлаштирилиш/шаклланти-рилишининг (имзо ва муҳрларнинг мавжудлиги, санаси, ҳужжатлар комплектининг тўлиқлиги ва б.) кўзда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тартиб-қоида (процедура) нуқтаи назаридан мувофиқлигини ҳамда диссертациялар ва авторефератларда кўчирмачилик (плагиат)нинг мавжудлигини эксперт (масъул ходим, эксперт ва б.) томонидан ўрганиб чиқиш ва ёзма хулоса бериш. Юклаб олиш: OAK_Bulleten_tartib.pdf [182,93 Kb] (yuklashlar soni: 1)