OAK sayti » Meyoriy-texnik hujjatlar » Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясида аккредитациядан ўтказилаётган оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги НИЗОМ
 
02 iyul 2018

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясида аккредитациядан ўтказилаётган оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги НИЗОМ

Ўзбекистон Республикаси ОАК

Раёсатининг 2018 йил 30 майдаги

253/8-сон қарори билан тасдиқланган

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясида аккредитациядан ўтказилаётган оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

 

I. Умумий қоидалар

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (ОАК) фаолиятини ўз вақтида ва холисона ёритиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси оммавий ахборот воситалари вакиллари аккредитация қилинади.

2. Оммавий ахборот воситаларининг аккредитация қилинган вакилларининг (кейинги ўринларда "мухбирлар" деб аталади) ҳуқуқий мақоми ва касб фаолияти принциплари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, мазкур Низом ҳамда аккредитация қиладиган органларнинг низомлари билан белгиланади.

 

II. Аккредитация қилишнинг асосий тушунчалари ва принциплари

3. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:

мухбир – меҳнат шартномалари ва бошқа шартномавий муносабатлар асосида оммавий ахборот воситалари таҳририятлари учун хабарлар ва материалларни қидириш, тўплаш, қайта ишлаш ва тайёрлаш касби билан шуғулланадиган жисмоний шахс;

аккредитация – мухбирнинг ваколатларини ОАК томонидан эътироф этиш тартиботи бўлиб, унинг натижаларига кўра ОАК фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш учун оммавий ахборот воситаси (кейинги ўринларда “таҳририят” деб аталади) вакилининг ўз соҳасини билишини тасдиқловчи аккредитация қилиш тўғрисидаги гувоҳномани беради;

аккредитация қилувчи орган – аккредитация тартиботини ташкил этадиган, аккредитацияни ўтказадиган Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси.

4. Аккредитация уни ўтказишга жалб этилган мутахассисларнинг ўз ишини пухта билиши ва мухбирларнинг мустақиллиги принципларига асосланади.

Аккредитацияни ўтказишда ўз ишини пухта билиш кадрларни тегишли равишда танлаш, аккредитация тартиботида қатнашадиган экспертларни тайёрлаш тизими ва, зарурият бўлганда, билимларнинг алоҳида соҳалари бўйича мутахассисларни жалб этиш йўли билан таъминланади.

5. Мухбирнинг аккредитация қилинишида унинг ўз ишини пухта билишини аниқлаш мезони ОАК ва оммавий ахборот воситалари вакили фаолиятининг ўзига хослиги ҳисобга олинган ҳолда, ОАКнинг норматив ҳужжатлари билан белгиланади.

6. ОАК ҳузурида ўз мухбирини аккредитация қилиш ҳуқуқига расмий равишда рўйхатдан ўтказилган оммавий ахборот воситалари эгадир.

 

III. Мухбирларни аккредитация қилиш

7. ОАК ҳузурида оммавий ахборот воситаси мухбирини аккредитация қилиш учун таҳририят ўзининг расмий бланкасида бош муҳаррирининг имзоси қўйилган, муҳр билан тасдиқланган буюртманома тақдим этади.

8. Таҳририятнинг буюртманомасида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

оммавий ахборот воситасининг номи ва тури;

ихтисослашуви;

тарқалиш ҳудуди;

электрон почта манзили;

таҳририятнинг телефонлари ва факслари рақамлари;

аккредитацияга тақдим этилган мухбирнинг фамилияси, исми ва отасининг исми;

касб вазифаларини бажариш учун ушбу мухбир ўзи билан бирга олиб юриши зарур бўлган аппаратлар.

Буюртманомага батафсил маълумотлар (мухбирнинг хизмат мавқеи, паспортига оид маълумотлар, дипломи нусхаси, электрон почта манзили, телефон ва факс рақами) мавжуд бўлган маълумотнома ҳамда белгиланган шаклдаги тўртта фотосурат илова қилинади.

9. Мухбирни аккредитация қилиш тўғрисидаги буюртманома ОАК томонидан тегишли мурожаат олинган кундан бошлаб бир ой мобайнида кўриб чиқилади.

10. Аккредитация қилинадиган мухбирлар сони таҳририят томонидан ОАК билан биргаликда белгиланади.

11. Аккредитация тартиботи қуйидаги асосий тадбирлардан иборат бўлади:

буюртманомани ва тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш;

мухбирларни аттестациядан ўтказиш;

аккредитация қилиш тўғрисида ёки аккредитация қилишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш, аккредитация тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштириш ва бериш.

12. Оммавий ахборот воситаси таҳририяти томонидан тақдим этилган буюртманомалар ва ҳужжатларни кўриб чиқишни ОАК тузадиган эксперт гуруҳи амалга оширади. Ҳужжатларни кўриб чиқиш натижалари ариза тушган пайтдан бошлаб ўн кун муддатда эксперт хулосаси билан расмийлаштирилади.

13. Аттестацияни ОАК томонидан расмий равишда тузиладиган комиссия ўтказади. Комиссия таркиби ва аттестацияни ўтказиш муддатлари таҳририят билан келишилиши керак. Таҳририят комиссиянинг айрим аъзолари иштирок этиши ва аттестация ўтказилиши муддатлари юзасидан эътироз сабабларини асослаган ҳолда таклиф билдиришга ҳақлидир.

Комиссия аттестацияни ОАК тасдиқлаган дастурга мувофиқ ўтказади. Мухбирнинг касбий сифатлари ва лаёқатини тавсифлаш бўйича тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги эксперт хулосаси, шунингдек экспертиза ва аттестация жараёнида олинган бошқа ахборотлар аттестация комиссиясининг қарор қабул қилиши учун асос ҳисобланади. Аттестация натижалари аттестация далолатномаси билан расмийлаштирилади.

14. ОАК аттестация далолатномасини кўриб чиқиш натижалари асосида мухбирни аккредитация қилиш ёки аккредитация қилишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Оммавий ахборот воситалари мухбирларини аккредитация қилиш тўғрисидаги буюртманома мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ схемага биноан кўриб чиқилади.

15. Ижобий қарор чиқарилган тақдирда ОАК қарор қабул қилингандан кейин бир ҳафта муддатда мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шакл бўйича Ўзбекистон Республикаси оммавий ахборот воситаси мухбирини аккредитация қилиш тўғрисидаги гувоҳномани расмийлаштиради ва беради.

16. ОАК аккредитация қилинган мухбирга 2 йил муддатда амал қиладиган аккредитация тўғрисида гувоҳнома беради.

Аккредитация қилиш тўғрисидаги гувоҳнома ОАК реестрида рўйхатдан ўтказилган санадан бошлаб амал қилади.

17. Аккредитацияга тааллуқли барча ҳужжатлар (буюртманомалар, қарорлар, далолатномалар, аккредитация қилиш тўғрисидаги гувоҳнома ва шу кабилар) давлат тилида расмийлаштирилади.

18. ОАК Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонунлари ёки мазкур Низом асосида журналистни аккредитация қилишни рад этиши мумкин. ОАК бундай қарорнинг сабаблари тўғрисида уч кун муддатда оммавий ахборот воситаси таҳририятини ёзма шаклда хабардор қилади.

19. Зарур ҳолларда ОАК ҳузурида вақтинчалик ёхуд доимий мухбирлик пунктлари ташкил этилиши мумкин.

 

IV. Аккредитация қилинган мухбирларнинг асосий ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

20. Аккредитация қилинган мухбирлар касб фаолияти даврида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланадилар ва мажбуриятларни бажарадилар.

ОАК мухбирни мажлислар, кенгашлар ва бошқа тадбирлар тўғрисида олдиндан хабардор қилади, стенограммалар, протоколлар ва бошқа ҳужжатлар билан таъминлайди.

21. Аккредитация мухбирнинг расмий шахслар ташрифлари давридаги тадбирларда бевосита қатнашишини кафолатламайди. Ўзбекистон Республикасининг ёки хорижий давлатларнинг расмий шахслари ташрифлари вақтида мухбирларни махсус аккредитация қилиш тартиби қонун ҳужжатлари, шунингдек ушбу тадбирни тайёрлаш ва ўтказиш учун масъул хизматлар талабларига биноан белгиланади.

22. Аккредитация қилинган мухбир қуйидаги ҳуқуқларга эга:

бўлажак мажлислар, кенгашлар ва бошқа тадбирлар тўғрисида олдиндан ахборот олиш;

ОАКнинг бинолари (хоналари) ва объектларига тегишли гувоҳнома (рухсатнома) асосида, ОАК томонидан белгиланган тартибда кириш;

уни ОАК томонидан ўтказиладиган мажлислар, йиғилишлар, брифинглар (матбуот конференциялари) ва бошқа тадбирларда қатнашиш, ёпиқ тадбир ўтказилиши тўғрисида қарор қабул қилинган ҳоллар бундан мустасно;

ОАКнинг масъул шахсларидан зарур ҳужжатлар ва материалларни сўраш ва олиш, кириш эркин бўлган тадбирларнинг ёзувлари билан танишиш ва улардан нусха олиш;

ёзувлардан, матнли материаллар тайёрлашда, аккредитация қилинган оммавий ахборот воситаларининг теле-, радиодастурларида фойдаланиш;

аудио-, видео- ёки киносуратга олиш, овоз ёзиш учун зарур бўлган техник аппаратлардан, шунингдек компьютер техникаси воситаларидан фақат ОАКнинг фаолиятини ёритиш мақсадларида фойдаланиш.

23. Аккредитация қилинган мухбир қуйидагиларга мажбур:

ОАКнинг биносида бўлишда унинг ички тартиб-қоидаларига ва ишларини ташкил этиш талабларига риоя қилиш;

ўзи иштирок этаётган тадбирларнинг ўтказилишига аралашмаслик (агар тадбир матбуот учун махсус ташкил этилмаган бўлса);

ОАКнинг фаолияти тўғрисида холисона ахборот бериш;

махсус тадбирларни ўтказиш қоидаларига риоя қилиш;

ОАКнинг фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа талабларни бажариш.

 

V. Мухбирнинг аккредитациясини тўхтатиш ва уни аккредитациядан маҳрум қилиш тартиби

24. Қуйидагилар аккредитациянинг тўхтатилиши учун асос ҳисобланади:

мухбирнинг таҳририятдан ишдан бўшатилиши (ушбу ҳолда таҳририят бошқа вакилни аккредитация қилиш тўғрисидаги ариза билан ОАКга мурожаат қилишга ҳақлидир);

мухбир вакили бўлган оммавий ахборот воситаси фаолиятининг тўхтатилиши;

таҳририят раҳбарияти томонидан мухбирни ОАКнинг фаолиятини ёритишдан четлатиш тўғрисида қарор қабул қилиниши (расмий билдиришнома асосида).

25. Мухбир амалдаги қонун ҳужжатларини ва мазкур Низомни мунтазам равишда бузганда аккредитациядан маҳрум этилиши мумкин.

26. Мухбирни аккредитациядан маҳрум этиш тўғрисидаги қарор ОАК томонидан қабул қилинади. Қарор асосланган, ёзма шаклда расмийлаштирилган, оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан далилланган бўлиши керак.

ОАК аккредитациядан маҳрум қилинган мухбирнинг таҳририятига қарор қабул қилинган вақтдан бошлаб беш кун муддатдан кечикмай расмий билдиришнома юборади. Бундай қарор кучга кирган вақтдан бошлаб аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ва у таҳририят томонидан ОАКга қайтарилиши керак.

 

VI. Янги муддатга аккредитация қилиш

27. Аккредитация қилинган мухбирни янги муддатга аккредитация қилиш аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугагандан кейин таҳририят томонидан тақдим этилган буюртманома асосида ўтказилади.

28. Таҳририят ОАКга аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугашидан бир ой олдин буюртманома бериши керак.

Янги муддатга аккредитация қилиш аккредитация қилинган мухбирнинг олдинги аккредитацияси давридаги бенуқсон фаолиятини ҳисобга олган ҳолда соддалаштирилган тартибот бўйича амалга оширилиши мумкин.

 

VII. Техник ходимлар ва хизмат кўрсатувчи ходимлар

29. Таржимонлар, телеоператорлар, фотомухбирлар, теле-, кино- ва видеоаппаратларга, алоқа воситаларига хизмат кўрсатувчи мутахассислар таҳририятнинг мухбирларга бириктирилган техник ходимлари бўлиши мумкин.

30. Аккредитация қилинган мухбирлар техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларни ишга ёллаши мумкин.

Жалб этиладиган техник ходимларнинг шахсий таркиби ОАК билан келишилади. Уларга ўз фаолиятини амалга оширишлари учун ОАК томонидан тегишли гувоҳнома берилади.

31. Аккредитация қилинган мухбирнинг техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларига журналистлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланади.

 

VIII. Якуний қоидалар

32. ОАК ҳузуридаги аккредитацияни амалга ошириш тартиби билан боғлиқ низоли масалалар пайдо бўлган тақдирда манфаатдор томон қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда улар юзасидан судга шикоят қилиши мумкин.

33. ОАК ва оммавий ахборот воситаларининг мухбирлари мазкур Низом ҳамда оммавий ахборот воситалари соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиниши учун жавоб берадилар. Юклаб олиш: Akkreditaciyadan_otkazish.pdf [149,32 Kb] (yuklashlar soni: 1)