OAK sayti » Meyoriy-texnik hujjatlar » Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясида аккредитациядан ўтказилаётган оммавий ахборот воситалари вакилларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги НИЗОМ
 
22 iyun 2018

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясида аккредитациядан ўтказилаётган оммавий ахборот воситалари вакилларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги НИЗОМ

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясида аккредитациядан ўтказилаётган оммавий ахборот воситалари вакилларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги

 

НИЗОМ

 

I. Умумий қоидалар

 

1. Мазкур Низом Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 23 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси оммавий ахборот воситалари вакилларини давлат ҳокимияти органлари ҳузурида аккредитация қилиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги №243-сонли қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси ҳузурида аккредитациядан ўтказилаётган тегишли оммавий ахборот воситалари вакилларини аттестациядан ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Аттестациядан Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси (ОАК)га аккредитация қилишни сўраб мурожаат этган оммавий ахборот воситаларининг техник ва ижодий ходимлари ўтказилади.

 

II. Аттестацияни ўтказиш тартиби

 

3. Аттестация комиссияси аттестация ўтказишни бошлашидан олдин тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади. Аттестация комиссияси аттестация топширувчининг фаолияти тўғрисида қўшимча маълумотлар сўраб олишга ҳақли.

4. Мазкур Низом талаблари бузилган тақдирда аттестация комиссияси раиси аттестация топширувчининг ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш учун Оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитация қилиш бўйича аттестация комиссиясининг эксперт гуруҳига қайтариб беришга ҳақли.

5. Аттестация комиссияси аттестациядан ўтувчи тўғрисидаги маълумотлар билан танишиб чиқиб, унинг касбий сифатлари ва лаёқатини тавсифлаш бўйича тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги эксперт хулосаси, шунингдек, экспертиза ва аттестация жараёнида олинган бошқа ахборотлар аттестация комиссиясининг қарор қабул қилиши учун асос ҳисобланади. Аттестация натижалари аттестация далолатномаси билан расмийлаштирилади.

6. Аттестацияни ўтказишда аттестациядан ўтувчининг:

– касбий маҳоратига;

– ўз соҳани ёритишда билим ва тажрибага эгалигига алоҳида эътибор берилади.

7. Аттестация комиссияси аттестациядан ўтувчининг фаолиятини тавсифловчи ҳужжатлар билан танишиб чиқиб, унинг касбий билимини, берилган саволларга олинган жавобларни баҳолаб, оммавий ахборот воситаси вакилини Олий аттестация комиссияси ҳузурида аккредитация қилиш ёки қилмаслик юзасидан қарор қабул қилади.

8. Аттестация комиссияси мажлиси, агар унда комиссия аъзоларининг камида 2/3 қисми қатнашса, қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

9. Аттестациядан ўтувчи аттестация комиссияси мажлисига узрли сабабга кўра келмаган бўлса, унинг аттестацияси бошқа муддатга кўчирилади.

10. Аттестациядан ўтувчи аттестация комиссияси мажлисига узрсиз сабабга кўра келмаган бўлса, у аттестациядан ўтмаган ҳисобланади ва вазирлик ҳузурида аккредитация қилмаслик юзасидан қарор қабул қилишга асос бўлади.

 

III. Аттестация комиссиясининг қарори

 

11. Аттестация натижаси бўйича ҳар бир аттестациядан ўтувчининг малакаси ва билими юзасидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади.

а) аккредитация қилишга лойиқ;

б) аккредитация қилишга нолойиқ;

12. Аттестация комиссияси қарори очиқ овоз бериш йўли билан, аттестация комиссиясининг мажлисида қатнашган аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда аттестация комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

13. Аттестация комиссиясининг қарори аттестация комиссияси раиси, аъзолари ва котиби томонидан имзо билан тасдиқланадиган аттестация далолатномаси билан расмийлаштирилади.

 

IV. Аттестация натижалари

 

14. Аттестация комиссияси “аккредитация қилишга лойиқ” деб топилган оммавий ахборот воситаси вакилига аккредитация қилинганлик ҳақидаги гувоҳномани расмийлаштиришга тавсия беради.

15. Аттестациядан кейин 3 кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комисиясининг тегишли буйруғи қабул қилиниб, аккредитация қилинганлик тўғрисидаги гувоҳнома бир ҳафта муддатда аккредитациядан ўтувчига юборилади (берилади).

16. Аккредитация қилинган мухбирга 2 йилгача муддатда амал қиладиган аккредитация тўғрисида гувоҳнома берилади. Ушбу муддат гувоҳнома ОАК реестрида рўйхатдан ўтказилган санадан бошлаб амал қилади.

17. Аккредитацияга тааллуқли барча ҳужжатлар (буюртманомалар, қарорлар, далолатномалар, аккредитация қилиш тўғрисидаги гувоҳнома ва шу кабилар) давлат тилида расмийлаштирилади.

18. ОАК Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонунлари ёки мазкур Низом асосида журналистни аккредитация қилишни рад этиши мумкин. Ушбу ҳолатда бундай қарорнинг сабаблари тўғрисида уч кун муддатда оммавий ахборот воситаси таҳририятини ёзма шаклда хабардор қилади.

 

V. Аккредитация қилинган оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

 

19. Аккредитация мухбирнинг расмий шахслар ташрифлари давридаги тадбирларда бевосита қатнашишини кафолатламайди. Ўзбекистон Республикасининг ёки хорижий давлатларнинг расмий шахслари ташрифлари вақтида мухбирларни махсус аккредитация қилиш тартиби қонун ҳужжатлари, шунингдек, ушбу тадбирни тайёрлаш ва ўтказиш учун масъул хизматлар талабларига биноан белгиланади.

20. Аккредитация қилинган мухбирлар Ўзбекистон Республикасининг оммавий ахборот воситаларига доир қонун ҳужжатларига риоя қилган ҳолда:

а) ОАК томонидан ўтказиладиган йиғилишлар ва бошқа тадбирлар тўғрисида олдиндан ахборот олиш;

б) вазирликда очиқ тадбирлар ўтказилиши вақтида иштирок этиш, шунингдек, таҳририят билан боғланиш ва хабарларни етказиш учун Ахборот-таҳлил ва Матбуот хизмати хонасидаги телефон алоқаси ҳамда бошқа техника воситаларидан фойдаланиш;

в) ОАК раиси ва бош илмий котиблари рухсати билан улар ўтказаётган тегишли йиғилишларда ҳозир бўлиш (ёпиқ тадбир ўтказилиши тўғрисида қарор қабул қилинган ҳоллар бундан мустасно);

г) Ахборот-таҳлил ва Матбуот хизмати ходимлари ёки ОАКнинг бошқа масъул шахсларидан зарур материалларни сўраш ва улардан нусха олиш, ахборотлар олиш;

д) нашр этиш учун тайёрланадиган пресс-релизлардан,   шунингдек, аудио-, видео- ёки киносуратга олиш, овоз ёзиш учун зарур бўлган техник аппаратлардан фақат ОАК фаолиятини ёритиш мақсадларида фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар.

21) Аккредитация қилинган мухбир ОАК  биносига таҳририят томонидан берилган хизмат гувоҳномасини асосий кириш йўлагидаги посбонга очиқ ҳолда кўрсатгандан кейин ОАКда белгиланган тартибда киритилади.

 22. Аккредитация қилинган мухбир қуйидагиларга мажбур:

 а) ОАК биносида бўлишда унинг ички тартиб-қоидаларига ва идоравий ишларини ташкил этиш талабларига риоя қилиш;

 б) ўзи иштирок этаётган тадбирларнинг ўтказилишига аралашмаслик (агар тадбир матбуот учун махсус ташкил этилмаган бўлса);

 в) махсус тадбирларни ўтказиш қоидаларига риоя қилиш;

 г) давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа талабларни бажариш.

 23. Қуйидагилар аккредитациянинг тўхтатилиши учун асос ҳисобланади:

– мухбирнинг таҳририятдан ишдан бўшатилиши (ушбу ҳолда таҳририят бошқа вакилни аккредитация қилиш тўғрисидаги ариза билан аккредитация қилувчи органга мурожаат қилишга ҳақлидир);

 – мухбир вакили бўлган оммавий ахборот воситаси фаолиятининг тўхтатилиши;

 – таҳририят томонидан мухбирни вазирликнинг фаолиятини ёритишдан четлатиш тўғрисида қарор қабул қилиниши (расмий билдиришнома асосида).

 24. Мухбир:

 – ўзи таклиф этилган тадбирлар ўтказилиши тартибига аралашганда;

 – амалдаги қонун ҳужжатларини ва юқоридаги қоидаларни мунтазам равишда бузганда аккредитациядан маҳрум этилиши мумкин.

 25. Мухбирни аккредитациядан маҳрум этиш тўғрисидаги қарор ОАК томонидан қабул қилинади. Қарор асосланган, ёзма шаклда расмийлаштирилган, оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан далилланган бўлиши керак.

 Бунда аккредитациядан маҳрум қилинган оммавий ахборот воситасининг таҳририятига қарор қабул қилинган вақтдан бошлаб беш кун муддатдан кечикмай расмий билдиришнома юборилади. Бундай қарор кучга кирган вақтдан бошлаб аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома ҳақиқий ҳисобланмайди.

 26. Аккредитация қилинган мухбирни янги муддатга аккредитация қилиш аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугагандан кейин таҳририят томонидан тақдим этилган буюртманома асосида ўтказилади.

 27. Таҳририят ОАКга аккредитация тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугашидан бир ой олдин буюртманома бериши керак.

 Янги муддатга аккредитация қилиш аккредитация қилинган мухбирнинг олдинги аккредитацияси давридаги бенуқсон фаолиятини ҳисобга олган ҳолда соддалаштирилган тартибот бўйича амалга оширилиши мумкин.

 

VI. Якуний қоидалар

 

32. ОАК ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари мазкур Низом ҳамда оммавий ахборот воситалари соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиниши учун жавобгардирлар.

31. ОАК ҳузуридаги аккредитацияни амалга ошириш тартиби билан боғлиқ низоли масалалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

Юклаб олиш: Akkreditatsiya-OAK.pdf [142,62 Kb] (yuklashlar soni: 3)