Евсеева Галина Борисовнанинг фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон


Евсеева Галина Борисовнанинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Фораминифер комплексларининг эволюцияси ва фациал дифференцияланиши, уларнинг юра ҳавзасидаги нефть ва газга бой Бухоро-Хива минтақалари седиментациясининг биостратиграфик тархини деталлаштиришдаги роли», 04.00.05–Палеонтология ва стратиграфия (геология-минералогия фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.DSc/GM9.

Илмий маслаҳатчи: Абдуллаев Ғайбулла Сайфуллаевич, геология-минералогия фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти, Ўзбекистон нефть-газ саноати илмий-тадқиқот ва лойиҳалаш институти, Тошкент давлат техника университети ва И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети филиали, DSc.27.06.2017.GM/Т.41.01.

Расмий оппонентлар: Абдуазимова Зоя Мусаевна, геология-минералогия фанлари доктори; Хусанов Султанбой Тухтаевич, геология-минералогия фанлари доктори; Троицкий Виталий Иванович, геология-минералогия фанлари доктори, профессор, академик.

Етакчи ташкилот номи: Геология ва геофизика институти.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: юра даврига оид нефть-газга бой қатламларни ажратиш ва уларини ўзаро ҳамда ҳудудлараро ўзаро боғлашда замонавий биостратиграфик базани ишлаб чиқиш ҳамда Бухоро-Хива регионидаги юра даврига оид терриген ва карбонат ётқизиқларидаги шаклланган фораминиферларнинг ривожланиш босқичлари ҳамда фациал дифференцияланишини аниқлашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

нефть ва газли Бухоро-Хива регионидаги юра даврига оид терриген ва карбонат ётқизиқлардаги фораминиферларнинг изчил тизимли таркиби ва миқдорий тақсимланиши аниқланган;

фораминиферлар уюшмасининг ривожланиш босқичларини ўрнатиш имконини берган таксонларни тузилишида хилма-хил  ўзгаришлар ва устун бўлган таксонларнинг алмашинуви аниқланган;

нефть-газли Бухоро-Хива регионидаги юра даври терриген ва карбонат формацияларида ривожланган фораминифер комплекслари монографик тавсифланди, фораминиферларнинг 34 тури ва 26 авлоди аниқланган;

Ўзбекистон ҳудудида ҳанузгача учрамаган, қўшимча материаллар йиғилганидан сўнг янги тур сифатида ажратиладиган фораминиферлар асосланган;

фораминиферлар таксонлари уюшмаларининг хилма-хиллиги аниқланган, улар орасида регионлараро ва глобал боғлиқликни амалга ошириш имконини берадиган географик кенг тарқалган таксон-мигрантлар аниқланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.

Фораминифер уюшмаларининг ривожланишини юра даври карбонат ва терриген формациялари ётқизиқларнинг литологик-стратиграфик хусусиятларини, палеонтологик тавсифлари ва уларнинг ривожланиш қонуниятларини тадқиқ қилиш натижалари асосида:

риф резервуарларининг нефть ва газ захираларини аниқлаш ва разведка қилиш, нефть ва газли Бухоро-Хива регионидаги юра даври карбонат формацияси ётқизикларнинг биостратиграфик структурасини аниқлаш услублари ҳудудда геологик-қидирув ишларига жорий қилинган («Ўзбекнефтегаз» АЖнинг 2017 йил 21 сентябрдаги 16/2-78-сон маълумотномаси). Натижада органоген қурилмаларни таснифлашга ягона ёндашувни ишлаб чиқиш, нефть ва газли Бухоро-Хива регионидаги юра даври карбонат формацияси ётқизикларнинг биостратиграфик структуралари ҳамда органик қолдиқларини аниқлаш ва тавсифлаш имконини берган;

Бухоро-Хива регионида Косонтоғ, Сартепа конлари ва майдонлари, Арниёз-Маржоншода, Кўлтоғ, Қорабайир участкаларида нефть-газга бой истиқболли ҳудудларни аниқлашга жорий этилган («Ўзбекнефтегаз» АЖнинг 2017 йил 21 сентябрдаги 16/2-78-сон маълумотномаси). Натижада ҳудудда геофизик ишлар йўналишларини аниқлаш, янги нефть ва газ конларини очиш ва захираларини ошириш имконини берган;

Тўртсари ва унга туташ бўлган ҳудуддаги конларда геология ва қидирув ишларини давом эттириш зарурлигини асослашда фойдаланилган («Ўзбекнефтегаз» АЖнинг 2017 йил 21 сентябрдаги 16/2-78-сон маълумотномаси). Натижада нефть ва газ конларида бурғулаш ишларини олиб бориш самарадорлигини ошириш имконини берган.


Qaytish